Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси Шўрчида 160 эмас, 40 туп тут кесилганини билдирди
Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Шўрчида туман ҳокимининг сохта ҳужжатга асосланиб чиқарган қарори туфайли 160 туп тут дарахтининг кесиб ташланганига муносабат билдирди. Унга кўра, Шўрчида «Ўзбекипаксаноат» муносабатида ёзилгандай 160 туп эмас, балки 40 туп тут дарахти кесилган.
Муносабатда ёзилишича, тут дарахтларининг кесилиши бўйича ҳолат туман ҳокимлиги, туман қурилиш, йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси ҳамда «Шўрчи тайёрлов Агро-пилла» МЧЖ ва бошқа тегишли ташкилотлари вакилларидан иборат гуруҳ томонидан жойига чиқиб ўрганилган.
Ўрганиш жараёнида Шўрчи туман «Агро пилла» МЧЖга қарашли тут плантациясида жами 40 туп тут дарахти ноқонуний тартибда қўпориб ташлангани аниқланган. Ҳолат юзасидан Шўрчи туман прокуратураси томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор чиқарилиб, қарорда фуқаро О.Химматов ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-модда 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли, унга нисбатан жарима қўлланган.
«Шўрчи тайёрлов Агропилла» МЧЖ ва туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан тақдим қилинган далолатномага кўра, 40 туп тут дарахти кесилишининг иқтисодий баҳоси 31 миллион 200 минг сўм зарар етказилган деб ҳисобланган.
«Эслатиб ўтиш зарурки, президентнинг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сон ҳамда 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон фармонларига мувофиқ жорий этилган мораторий тут плантацияларига татбиқ этилмайди», дейилади муносабат сўнгида.
Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг муносабати бир нечта савол келтириб чиқаради. Хусусан, бошқарма баёнотида Шўрчида «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси хабар берганидек 160 туп эмас, 40 туп тут кесилгани айтилган.
Шунингдек, мораторий тут плантацияларига татбиқ этилмайди, дейилган. Аммо бу тут дарахтини хоҳлаган одам кесиб кетиши мумкинлигини англатмайди. Тартиб бўйича мораторий татбиқ этилмайдиган дарахтлар, уларнинг сони кўп бўлса, туман экология бўлимидан рухсат олиб кесилади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, тут дарахтлари тунда кесилган. Агар ҳаммаси қонуний бўлса, у ерда қурилиш ишларини бошлаган тадбиркорнинг ҳамма ҳужжатлари жойида бўлса, дарахтлар нега тунда, одамларнинг кўзидан пана вақтда, яширинча кесилгани ҳам тушунарсиз.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Денов шаҳрида 109 туп ноёб дарахт кесиб ташланганди. Бундан ташқари, Термиз шаҳрида ҳам халқаро савдо маркази қуриш учун ажратилган ҳудудда кўплаб дарахтлар кесилганди. Шунингдек, жорий йил 15 июн куни «Амирсой» курорт зонасида 700 туп дарахт кесиб ташланди.
2021 йил 15 июн куни Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» қўшма корхонасига тегишли курорт зонасида ҳудудини ва унга олиб борувни йўлни кенгайтириш мақсадида 700 туп дарахт нобуд қилинган.