Жаҳон | 09:50 / 18.09.2021
28588
7 дақиқада ўқилади

Эрон асосий таркибда, Путин экрандан кузатди, Раҳмон хавфсизлик камари ташкил этишга чақирди. ШҲТ йиғилиши якунлари

Тожикистон пойтахти Душанбеда Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар етакчилари иштирокидаги ташкилот фаолият юрита бошлаганига 20 йил тўлгани муносабати билан юбилей йиғилиш ўтказилди. Бу аъзоларга Афғонистон муаммосини муҳокама қилиш учун яхши баҳона бўлди.

ШҲТга аъзо минтақанинг икки гиганти Россия ҳамда Хитой йиғилишда «иккинчи таркиб билан» қатнашди. Шунингдек, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳам йиғилишда онлайн форматда иштирок этди. Путин видеоалоқа орқали қатнашиши сабабини атрофидагиларда коронавирус чиққани билан изоҳлади. Қолганлар эса нега Душанбега бормаганини изоҳлаб ҳам ўтирмади.

Тожикистонда ўтадиган барча тадбирлар каби бу катта йиғилиш ҳам дабдаба билан ўтказилди. «Қасри миллат» маҳаллий мева ва сабзавотлар билан безатилди. Норасмий тадбирларда бир қанча тафсилотларни билиб олиш мумкин бўлди. Масалан, Беларусь президенти Александр Лукашенко овқатланишга ўғли Николай билан бирга борди. Коля отасининг жуда кўп хорижий сафарларида ҳамроҳлик қилади.

Лукашенко билан боғлиқ яна бир хабар. Тожикистонга сафар вақтида Беларусь президентига унинг Умка лақабли ити ҳам ҳамроҳлик қилди. Лукашенко ҳақидаги хабарларни биринчи бўлиб ёзиб борувчи «Пул первого» телеграм канали итнинг суратини эълон қилди ва «Умка барчангизга салом йўллаяпти», деб ёзди.

Бу сурат бежиз қўйилмади. Лукашенко хуш кўрмайдиган маҳаллий нашрлар унинг севимли ити немис овчаркаси билан уришиб, ўлиб қолгани ҳақида ёзганди. Канал шу тариқа сиёсий ҳушёрлик кўрсатиб бундай хабарларга раддия берди.

«Доллардан воз кечиш керак»

Александр Лукашенко ШҲТ йиғилишида ташкилотга аъзо давлатлар ўзаро битта валютага эга бўлиши кераклигини ва доллардан воз кечиш вақти келганини айтди.

«Охирги вақтларла содир бўлаётган воқеалар барчамиз биладиган бир валютага боғланганларнинг унга қарамлиги ошаётганини кўрсатмоқда. Бу нафақат бизга молиявий жиҳатдан устунлик бермайди, балки миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади. Ундан (доллардан) тобора кўпроқ сиёсий мақсадларда фойдаланишмоқда», деди Лукашенко. Беларусь президенти ШҲТ банки ва фонди ташкил этилишини олқишлади.

«Афғон активларини қайтариш керак»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев йиғилишда бир неча таклифларни илгари сурди. Хусусан, Афғонистоннинг янги ҳукумати билан мулоқотда бўлиш кераклигини айтди. «Бу борада музлатилган Афғонистон давлат активларини қайтариш масаласини ўйлаш керак», деди Мирзиёев.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Афғонистон масаласида доимий мулоқот муҳимлигини таъкидлади, Афғонистон – ШҲТ формати доирасидаги мулоқотлардан биринчисини Тошкентда ўтказишни таклиф қилди. Мирзиёев халқаро мулоқот Афғонистондаги барча миллатлар ва аёллар ҳуқуқи таъминланиши учун муҳимлигини таъкидлади.

Путин: «20 йилда эришишгани толибларга қурол ташлаб кетиш бўлди»

Россия президенти Владимир Путин Ғарб мамлакатлари, хусусан, Америка Афғонистонда муваффақиятсизликка учрагани ҳақида гапирди. Путиннинг фикрича, Афғонистондаги ҳолат турбулентликни (самолётни парвоз вақти тебратиб юборадиган ҳаво оқими) эслатади. Шунингдек, Путин АҚШ ва иттифоқчиларининг Афғонистондан кетишини «қочиш», деб атади. Россия етакчиси ШҲТга аъзо давлатларнинг кўпчилиги Афғонистон билан тўғридан тўғри чегарага эга экани афғон инқирози минтақага жиддий хавф туғдиришини айтиб ўтди.

Афғонистон атрофида хавфсизлик камари

Йиғилиш мезбони бўлмиш Тожикистон президенти Имомали Раҳмон сўзга чиқар экан кескин фикрларни билдирди. Хусусан, у мамлакат ўз позициясида собитқадам эканини таъкидлади. Имомали Раҳмон Афғонистон атрофида хавфсизлик камари ташкил қилиш кераклигини айтди. Унга кўра бу ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳудудига террористик гуруҳлар киришининг олдини олади.

Шунингдек, Тожикистон етакчиси афғон халқи қийин ижтимоий инқироз ҳолатига тушиб қолганига эътибор қаратди. Унинг айтишича, айни дамда афғонистонликларнинг 90 фоизига очлик хавф солмоқда. Шу сабаб мамлакатга инсонпарварлик ёрдами юбориш лозим. Раҳмоннинг фикрича, толиблар қамалидан кейин айниқса Панжшердагилар қийин ҳолатда қолган ва гуманитар ёрдамга муҳтож.

Тожикистон президенти Афғонистонда тузилган янги ҳукумат талабга жавоб бермаслиги ва толиблар дунё учун бегона бўлган амирлик тузмоқчи эканини таъкидлаб ўтди. «Афғонистонда тузилган янги ҳукумат кутилганидек бўлмади ва етарлича инклюзив бўлмади. Баёнотларига қаралса, толиблар замонавий дунё учун бегона бўлган ислом амирлигини тузмоқчи, холос», деди у.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Афғонистонга гуманитар ёрдам юбориш учун махсус «ҳаб» ташкил этишни таклиф қилди.

Унга кўра ШҲТ мамлакатлари биргаликда Афғонистон билан мулоқот ўтказиши керак. Фақат шу йўл билан толибларнинг келажак борасида реал мақсадларини билиш ва шунга қараб ишлаш мумкин бўлади.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин эса Афғонистонда ҳамма билан баробар ишлайдиган сиёсий тизим ташкил этиш кераклигини айтди.

Хитой етакчиси Афғонистоннинг янги сиёсий форматга «силлиқ ўтиши» муҳимлигини таъкидлади.

40 йилда илк марта тинчликни таъминлаш имкони

Покистон бош вазири Имрон Хон Афғонистонда 40 йил деганда ниҳоят тинчлик ўрнатиш имкони пайдо бўлганини ва бу имконияни қўлдан бой бермаслик кераклигини таъкидлади. Имрон Хонга кўра Покистон қўшни Афғонистондаги уруш сабаб 80 минг фуқаросини ва 150 миллиард доллар маблағини йўқотган. Шунингдек, уруш сабаб Покистонга 4 миллион афғонистонлик қочоқлар ўтган.

«Афғонистон террорчилар учун бошпана, наркотик сотиладиган ҳудуд ва қочоқлар макони бўлмаслиги керак. Олдинги ҳукумат 75 фоиз халқаро ҳамжамият кўмаги эвазига мавжуд эди. Афғонистонга халқаро гуманитар ёрдам бериш жараёнини тизимлаштириш керак», деди Имрон Хон.

Эрон асосий таркибда

ШҲТга Тожикистондаги йиғилишда навбатдаги аъзо қабул қилинди. Шу вақтгача кузатувчи мақомида бўлган Эрон эндиликда ШҲТнинг тўлақонли аъзосига айланди. Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиб кириши тўғрисидаги ҳужжат аъзо давлатлар томонидан имзоланди.

Шунингдек, ташкилот аъзолари Саудия, Қатар ва Миср билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳам ҳужжат имзолашди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Мавзуга оид