Ўзбекистон | 13:43 / 18.09.2021
7790
2 дақиқада ўқилади

Яккабоғда тўртта мактабда 41 нафар ўқувчининг коронавирусга чалингани маълум бўлди. СВВ ҳамон «жим»

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида жойлашган 5-мактабда 31 нафар ўқувчида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берган эдик. Бу туманда яна учта мактабда жами 10 нафар ўқувчида коронавирус аниқланган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Яккабоғ тумани санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати бўлими бошлиғи Ориф Мейлиевнинг маълум қилишича, Яккабоғ туманидаги 5-мактабда 31 нафар, 2-мактабда 5 нафар, 83-мактабда 1 нафар, 27-мактабда 4 нафар ўқувчида коронавирус аниқланган.

Шундан 5-мактабда олтита синф ўқувчиларида касалликка чалиниш ҳолати аниқлангани учун ушбу мактаб 15 сентябрдан 29 сентябргача икки ҳафталик карантинга ёпилган. Ўқувчиларнинг барчаси касалликни енгил ўтказаётгани учун улар уй шароитида даволанмоқда.

Қолган мактабларда фақат касаллик аниқланган синфларда ўқувчилар карантинга олинган ва дарслар онлайн ташкил этилмоқда.

Таъкидланишича, коронавирус аниқланган барча мактабларда, шунингдек касалликка чалинган ўқувчиларнинг хонадонларида дезинфекция ишлари бажарилган.

Яккабоғдаги тўртта мактабда жами 41 нафар ўқувчида коронавирус аниқланиши ССВ ҳар куни эълон қилиб бораётган касалликка чалиниш ҳақидаги ҳисоботнинг тўғри олиб борилаётганига бироз шубҳа туғдиради.

Масалан, ССВ ҳисоботида Қашқадарёда 13 сентябрда 9 киши, 14 сентябрда 10 киши, 15 сентябрда 7 киши, 16 сентябрда 10 киши, 17 сентябрда 4 киши касалликка чалингани кўрсатилган. 15 сентябрь кунида Яккабоғда 31 нафар ўқувчи касалликка чалингани аниқланган ва ўша кундан бошлаб 5-мактаб карантинга ёпилган. 16 сентябрда яна учта мактабда 10 нафар ўқувчида коронавирус аниқланган ва мазкур касалликни юқтирган ўқувчилар сони 41 нафарга етган. Аммо ССВ томонидан 15, 16 ва 17 сентябрь кунларида берилган ҳисоботда Яккабоғда касалликка чалинган ўқувчилар киритилмаган.

Мавзуга оид