Жамият | 13:36 / 21.09.2021
3308
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда оммавий жанжал уюштирган 20 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фото: Табылды Кадырбеков

Ижтимоий тармоқларда 2021 йилнинг 31 июль куни Сурхондарё вилояти, Узун туманида бир гуруҳ шахслар ўртасида безорилик содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси муносабат билдирди. Унга кўра, оммавий жанжал уюштирган 20 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Муносабатда маълум қилинишича, жорий йил 31 июль куни Узун туманида бир гуруҳ шахслар безорилик содир этган. 1 август куни Узун тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тергов давомида ҳодиса иштирокчиларининг шахси аниқланиб, терговга жалб қилинган. Жиноят иши доирасида жами 20 нафар шахсга айблов эълон қилиниб, шулардан 17 нафарига қамоққа олиш тарзидаги, 3 нафарига гаров эҳтиёт чоралари қўлланган.

Қайд этилишича, Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, 20 нафар шахсга нисбатан бўлган жиноят иши айблов хулосаси билан 2021 йил 11 сентябрь куни мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судига юборилган.

Шунингдек, жиноят ишининг 2 нафар айбланувчисига нисбатан бўлган қисми алоҳида иш юритувга ажратилиб, вилоят ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Денов туманида ҳам бир гуруҳ шахслар бир нафар фуқарога совуқ қуроллар билан ҳужум қилган. Оқибатда, бир-бирига тан жароҳати етказган 7 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, айблов эълон қилинганди. Шунингдек, жорий йил август ойида Қарши шаҳрида таниқли спортчи Элбек Раҳимов бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланиб, сўнг Чироқчи туманига ташлаб кетилган. Оқибатда, спортчи оғир тан жароҳатлари олиб вафот этганди.

Мавзуга оид