Жамият | 18:45 / 21.09.2021
1678
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қидирувдаги ота топилиб, ундан 82,5 миллион сўм алимент ундирилди

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида қидирувдаги ота ушланиб, ундан 82,5 миллион сўм алимент ундирилган. Бу ҳақда МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2016 йил 22 апрелдаги буйруғига асосан Жарқўрғон туманида яшовчи Б.Қ.дан уч нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун даромаднинг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Суд қарори бўйича МИБ Жарқўрғон тумани бўлимида ижро иши юритилган.

Қайд этилишича, фуқаро Б.Қ. алимент тўлашдан бўйин товлаб чет элга чиқиб кетганлиги сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Олиб борилган қидирув натижаларига кўра, қарздор ота чет элдан қайтган вақтида топилиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун давлат ижрочисига топширилган.

Муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини инобатга олган ҳолда МИБ ходимлари қарздор Б.Қ. билан суҳбат ўтказган. Унга фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани тушунтирилган.

Шунингдек, ходимлар фуқаро Б.Қ.га 2016 йил 22 апрелдан бери тўланмаган алимент қарздорлигини тўлаши, акс ҳолда тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилиши ҳамда 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайнланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Бундай суҳбатдан тўғри хулоса чиқарган ота жорий йил 1 октябрь кунига қадар бўлган жами 82 миллион 500 минг сўм алимент қарздорлигини тўлаб берган.

Мавзуга оид