Ўзбекистон | 10:27 / 22.09.2021
7637
2 дақиқада ўқилади

«Ҳеч қайси фирма талабалар ўқишини хориждан Ўзбекистондаги ОТМга кўчиришга олдиндан кафолат бера олмайди» - ДТМ

Давлат тест маркази абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат билан чиқди. Унда ҳеч қайси фирма талабалар ўқишини хорижий давлатлардан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига кўчиришга олдиндан кафолат бера олмаслиги айтилган.

Маълум қилинишича, жорий йилда талабалар ўқишини хорижий давлатлардан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳонлар эса ОТМ томонидан) илк бор Давлат тест маркази томонидан ўтказилди.

Унда тест синовларида иштирок этиши белгиланган 87 486 нафар талабгордан 85 261 нафари иштирок этган. Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўқишни кўчириш учун минимал ўтиш балли анча паст белгиланган бўлса-да, талабгорларнинг 72 фоизи мазкур минимал талабни бажара олмаган.

“Аслини олганда, ёшларимизнинг хориждаги нуфузли ОТМларда таҳсил олиши яхши. Лекин мақсад хорижда таълим олиб, ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиш эмас, балки қандай қилиб бўлса ҳам 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб олиш бўладиган бўлса, бу энди яхши ҳолат эмас, албатта.

Ҳозир кўплаб консалтинг фирмалар томонидан 1 йилдан сўнг Ўзбекистон кўчириб бериш ваъда қилинган ҳолда қўшни давлатлардаги ОТМларга ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киритиб қўйиш таклиф қилинмоқда.

Ҳурматли абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари! Ҳеч қайси фирма талабалар ўқишини хорижий давлатлардан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига кўчиришга олдиндан кафолат бера олмайди”, дейилади ДТМ мурожаатида.

Билдирилишича, Ўзбекистон президентининг 2021 йил 22 июндаги ПҚ-5157-сон қарорига биноан барча талабалар ўқишни хориждан Ўзбекистонга кўчириш учун имтиҳон топшириши ва тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган ўтиш баллини тўплаши лозим.

Давлат тест маркази асосий мақсади хорижда ўқиш эмас, балки 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб олиш бўлган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига турли шахслар ва фирмаларнинг 1 йилдан сўнг ўқишни Ўзбекистонга кўчириб бериш тўғрисидаги ваъдаларига ишонмасликни ва ўз билимига ишонган ҳолда тест синовларига пухта тайёргарлик кўришни тавсия қилган.

Мавзуга оид