Ўзбекистон | 11:00 / 22.09.2021
8026
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда саломатлик йўлакчаси қуриш учун дарахтларни қўпораётганлар аниқланди

Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида уч киши саломатлик йўлакчасини қуриш учун 13 та дарахтни қўпораётгани аниқланди.

Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида «Сув омбор қурилиш» хусусий корхонаси иш юритувчиси О.С.нинг буйруғи билан фуқаролар Н.Х., С.Т., А.Ғ. томонидан саломатлик йўлакчаси қурилиши белгиланган ҳудудда «Samsung» русумли экскаватор ёрдамида 12 дона шумтол ва 1 дона тут дарахтини қўпораётганлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси маълум қилди.

Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Янгиер шаҳар ва Ховос туман инспекциялари инспекторлари ҳамда шаҳар ИИБ ППХ ва ЖТСБ ходимлари ҳамкорлигида тунги рейд тадбирлари ўтказилди.

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни кеч соат 22:52лар атрофида Янгиер шаҳар «Шодлик» МФЙ ҳудудида «Сув омбор қурилиш» хусусий корхонаси иш юритувчиси О.С.нинг буйруғи билан фуқаролар Н.Х., С.Т., А.Ғ. томонидан саломатлик йўлакчаси қурилиши белгиланган ҳудудда «Samsung» русумли экскаватор ёрдамида 12 дона шумтол ва 1 дона тут дарахтини қўпораётганлик ҳолати аниқланди.

Ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 6 миллион 750 минг жарима қўлланди. Табиатга етказилган зарар миқдори 125 миллион 820 минг сўмни ташкил этди.

Сирдарё вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда «Сирдарё тумани ҳудудидаги қуриган дарахтларни оммавий кесишга рухсат берилди» номли хабар тарқалган эди. Ушбу хабар юзасидан Сирдарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси шуни маълум қиладики, Сирдарё тумани ҳокимининг 11.09.2021 йилдаги 91-9-128-Г/21 сонли фармойишида туман ҳудудидаги қуриб ўсишдан тўхтаган дарахтларни кесиб туман захирасига олиниши кўрсатилган. Лекин бу фармойиш ижросини таъминлаш учун, яъни қуриган дарахтларни кесиш учун вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосаси керак бўлади», дейилади хабарда. 

Мавзуга оид