Сурхондарёда мактаб ҳудудида ўсиб турган 53 туп терак хўжалик ишлари мудири томонидан ноқонуний кесилди
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида мактаб ҳудудида ўсиб турган 53 туп теракни хўжалик ишлари мудири ноқонуний кесган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Қумқўрғон туман инспекцияси инспекторлари томонидан назорат рейд тадбирлари ўтказилган. Рейд давомида Қумқўрғон тумани Навбаҳор маҳалласида жойлашган 44-мактаб ҳудудида хўжалик ишлари мудири А.Н. томонидан 53 туп терак дарахтлари ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда кесиб ташлагани аниқланган.
Қайд этилишича, аниқланган ҳолат юзасидан фуқаро А.Н.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробари – 2,7 миллион сўм жарима солинган. Шунингдек, ўсимлик дунёсига 34 миллион 830 минг сўм зарар етказилгани ҳисобланган.
Бундан ташқари, А.Н.га мактаб ҳудудида ҳар бир кесилган дарахт учун 10 тупдан дарахт кўчатлари экиш ва 3 йил давомида уларни парваришлаш мажбурияти юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шўрчида туман ҳокимининг сохта ҳужжатларга асосланиб чиқарган қарори туфайли 160 туп тут дарахти кесиб ташланганди. Шунингдек, «Денов туман йўллардан фойдаланиш УК»нинг участка бўлими бошлиғи Ж.Ф. томонидан Денов шаҳрида 109 туп ноёб дарахт кесиб ташланганди. Бундан ташқари, Термиз шаҳрида ҳам халқаро савдо маркази қуриш учун ажратилган ҳудудда кўплаб дарахтлар кесилганди.
Мавзуга оид
20:35 / 07.11.2024
2 туп чинорни кесган шахс табиатга 199 миллион сўм зарар етказди
18:18 / 06.11.2024
Шаҳарни салқинлатиш учун қанча дарахт керак? Олимлар жавоб берди
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024