Ўзбекистон | 17:12 / 23.09.2021
6100
2 дақиқада ўқилади

Нарзулло Обломуродов: Қуриган баҳонасида яшнаб турган дарахтларни кесаётганлар ортида ким турибди?

Экопартия раҳбари Нарзулло Обломуродов Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида турли хил баҳоналар билан ва аҳолини огоҳлантирмасдан дарахтларнинг кесилганини танқид қилди.

«Дарахтларни кесишга мораторий жорий этилгани, тобора камёблашиб бораётган яшилликни асраб-авайлаш масаласига давлат даражасида эътибор қаратилаётганига қарамасдан кўр-кўрона дарахт кесилиши нега давом этмоқда? Дарахтларга қирон келтираётган кимсаларга кимлар рухсат бермоқда, кимлар бундан манфаатдор бўляпти? Афсуски, бу саволларга жўяли жавоб берадиган, масъулиятни зиммасига оладиган бирор идора ёки ташкилот топилмаяпти ҳозирча.

Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида саломатлик йўлакчаси қурилиши белгиланган ҳудудда 12 дона шумтол ва 1 дона тут дарахти қўпориб ташлангани аниқланган. Нима эмиш, Сирдарё тумани ҳокимининг тегишли фармойишида туман ҳудудидаги қуриб ўсишдан тўхтаган дарахтларни кесиб туман захирасига олиниши кўрсатилган эмиш. Ахир ўша томири билан қўпориб ташланаётган дарахтлар барги ям-яшил экани кўриниб турибди-ку.

Агар ҳақиқатан ҳам қуриган ва кесиб ташлашга эҳтиёж бўлган дарахт бўлса, нега улар кундуз куни, жамоатчилик кўз ўнгида кесилмади. Айнан ярим кечада дарахт кесиш кимга керак бўлиб қолди? Бу ишдан бир қинғирликнинг ҳиди келиб тургани аён ҳақиқат эмасми?

Дарахтлар кесилиши ё бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиётини йўлга қўйишимиз шарт. Яқин атрофда яшовчилар дарахт кесилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиниши зарур», деди Нарзулло Обломуродов.

Мавзуга оид