«Қолган ишга қор ёғар» — Тўрт ҳудудда электр тармоқлари модернизацияси бўйича режа 40 фоизга етмаган, пойтахтда бу кўрсаткич 30 фоиздан кам
Бу йил қиш мавсуми ўтган йилгидек совуқ келса, қатор вилоятларда, айниқса пойтахт электр узатиш тармоғида коллапс рўй бериши мумкин. Электр узатиш тармоғини янгилашга доир бажарилган ишлар таҳлили шундай хавотирларга сабаб бўлмоқда.
2021 йилда 15 минг км электр узатиш тармоғи ва 4 мингта трансформатор янгиланиши режалаштирилган. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов маълум қилганди.
“Жорий йилда республика бўйлаб 15 минг км паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш белгиланган. Ҳозирги кунда ишларнинг 60 фоизи амалга оширилди, йил охиригача 15 минг км линия модернизация қилинади ва янгидан қурилади. Бундан ташқари, 4 мингта янги трансформатор ўрнатилиши белгиланган.
Бу борада 10 йиллик режа тузиб олинган ва тегишли лойиҳа тасдиқлаш учун ҳукуматга киритилган. Фақат бу йил эмас, ҳар йили электр тармоқлари модернизация қилинади ва янгидан қурилади. Бунда ҳар янги йил режаси ўтган йилгидан кам бўлмаган ҳажмда бўлади”, - деган Обиджонов сентябрь ойида журналистлар билан учрашувда.
У маҳаллий ишлаб чиқарилган трансформаторлардан фойдаланилишини билдирган.
Kun.uz “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш ишлари қандай кетаётганига қизиқди ҳамда бунга доир маълумотларни олишга муваффақ бўлди.
Келинг, юқоридаги маълумотларни икки қисмга бўлган ҳолда таҳлил қилсак. Қуйидаги жадвалда электр узатиш тармоқларини янгилаш бўйича бир йилда бажарилиши лозим бўлган ишларнинг 2021 йил 15 сентябргача бажарилганлиги ҳолати километрлар ва фоиздаги нисбати кўрсатилган.
Унда кўриш мумкинки, электр узатиш тармоғини янгилаш бўйича йиллик режани жуда паст даражада бажарган ҳудуд Тошкент шаҳри бўлиб турибди (режага нисбатан 29,82 фоиз). Бу борада Тошкент вилояти (34,03 фоиз) ҳудудий электр тармоқлари корхонаси натижаси ҳам пойтахтникидан кўп фарқ қилмайди. Қорақалпоғистон Республикаси (37,97 фоиз), Сурхондарё (38,34 фоиз) ва Сирдарё (39,85 фоиз) вилоятларида ҳам рақамлар ҳавас қилгудек эмас.
Яна икки вилоят - Қашқадарё ва Наманган вилоятларида ҳам йиллик режа бажарилиши 50 фоизга етмаган. Рақамлардан хулоса қилиб тахмин қилиш мумкинки, мазкур вилоятлар ва пойтахт электр узатиш тармоқларини янгилаш ишлари жадаллаштирилмаса, ўтган йилги қиш мавсумида электр таъминоти тизимида рўй берган муаммолар бу йил ҳам такрорланиши муқаррар бўлиб қолади.
Шу билан бирга, савол пайдо бўлади: йилнинг тўққиз ярим ойида бажарилмаган ишларни қолган икки ярим ойда қандай уддаласа бўлади? Режани аниқ амалда бажариш имкони сақланиб қолганмикан?
Навбатдаги жадвалда эса, вилоятлар кесимида ўрнатилиши керак бўлган трансформаторлар сони ва амалда бажарилган ишлар ҳажмига доир рақамлар ҳамда фоиздаги нисбатини кўриш мумкин. Қайд этиш керак, бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлар кўрсаткичлари белгиланган режага нисбатан 50 фоизлик кўрсаткичдан ошган. Навоий вилоятида салкам 90 фоизга бажарилган бўлса, Қорақалпоғистонда бу рақам 80 фоизни, Тошкент вилоятида 70 фоизни ташкил этмоқда. Бу жадвалда биргина ҳудуд, у ҳам бўлса Тошкент шаҳри топшириқларни режага нисбатан 42 фоизга бажарганлиги билан ажралиб турибди. Пойтахтда йил давомида 217та трансформатор алмаштирилиши белгиланган бўлса-да, сентябрнинг 15-санасигача 91та янги трансформатор ўрнатишга улгурилган.
Хуллас, рақамлар шуни кўрсатмоқда. Бекорга, “қиш тадоригини ёзда кўр” дейилмаган. Ҳозир ҳам кеч эмас. Бу йилги қиш ҳам ўтган йилгидек эртароқ ва қаттиқроқ келиб, узоқроқ давом этса, ҳозирда бажарилмаган ишларга “қор ёғиб қолмасин”, тағин. Ўйлаймизки, мутасаддилар тез орада ишлар режаси бажарилишини назоратга олиб, қилинган ишлар бўйича матбуот орқали хабар қилади.
Мавзуга оид
20:55
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
21:29 / 29.10.2024
Жиззахда 8,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган “метан заправка” аниқланди
00:36 / 19.10.2024
Куба электр энергиясидан буткул узилиб қолди
23:32 / 18.10.2024