Жамият | 18:48 / 23.09.2021
21384
4 дақиқада ўқилади

Суд Андрей Кубатиннинг яқинларига 150 миллион сўм маънавий зарар ундиришни лозим топди

17 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси ФИБ Учтепа туманлараро судининг қарорини ўзгартириб, марҳум турколог олим Андрей Кубатиннинг турмуш ўртоғи ва фарзанди учун 150 миллион сўм маънавий зарар ундириш бўйича ҳал қилув қарори чиқарди. Бу ҳақда марҳум олимнинг опаси Клара Сахарова Kun.uz’га маълум қилди.

Маълум қилинишича, Андрей Кубатиннинг ноҳақ қамалгани, қамоқхонада унга нисбатан амалга оширилган жисмоний қийноқлар ва руҳий босим, бунинг ортидан Кубатиннинг турмуш ўртоғи, фарзанди, онаси ва опасига етказилган маънавий зарарни қоплаш юзасидан талаб қилинган маънавий зарар учун даъво суммаси 3,5 миллиард сўмни ташкил қилган.

«Бу сумма биз кўрган зарарларни қоплаш учун жуда кулгили. Буни адвокатим Сергей Майоров ҳам таъкидлади. Бундан ташқари, даъвогарлар қаторидан мени ва онамни чиқариб юборишди, биз акамнинг хотини ва фарзандидан ташқари алоҳида биринчи инстанцияга мурожаат қилишимиз тавсия қилинди.

Мен суд қароридан норозиман, энди Олий судга мурожаат қиламан. Агар Ўзбекистонда адолатни тиклай олмасам, халқаро судларга ҳам мурожаат қиламан”, – деди Kun.uz билан гаплашган Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова.

2021 йил январь ойида ҳам Андрей Кубатиннинг оиласига етказилган маънавий зарарни қоплаш юзасидан суд жараёнлари бўлиб ўтган эди. Ўшанда судда адвокатсиз қатнашган марҳумнинг яқинларига маънавий зарар ундириш бўйича даъво рад этилганди.

Судда Тошкент шаҳар Молия бошқармаси вакили етказилган маънавий зарар суммаси давлат бюджети ҳисобидан эмас, балки марҳумга маънавий зарар етишига сабаб бўлган органлар, уни тергов қилган ташкилотлар, прокуратура ва айблов ҳукмини чиқарган судья томонидан қопланиши кераклигини айтган.

Шунингдек, Клара Сахарова 2020 йилда Ўзбекистон ҳарбий судига ҳам 560 млн сўм миқдорида моддий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. Суд эса 478 минг сўм ундириш тўғрисида қарор чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент давлат Шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган турколог олим Андрей Кубатин 2017 йили Жиноят кодексининг 157-моддасида (Давлатга хоинлик қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

“Чет эл олимига ноёб китобларнинг сканер қилинган нусхаларини топширгани” ҳақидаги айблов хулосаси билан олимга нисбатан ўша йили 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Апелляциядан сўнг бу муддат 5 йилга туширилди.

Бу орада Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Кубатинни таниган дунёдаги йирик бошқа олимлар бу иш уюштирилганини айтиб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

2019 йил 26 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида унинг иши қайта кўриб чиқилган ва олим тўлиқ оқланиб, суд залидан озод этилган.

Икки ярим йиллик қамоқдан сўнг Кубатин 2019 йил декабрдан буён Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида фаолият юритиб келди.

Андрей Кубатин ва унинг турмуш ўртоғи, олима Феруза Жуманиёзова Kun.uz'га интервью бериб, суҳбат давомида биргаликдаги ҳаётларининг оммага маълум бўлмаган қирралари, илм ва олим тийнати, тарихчи олимни қийнаган муаммолар, шунингдек, илмий фаолиятлари ҳақида сўзлаб беришган эди.

Андрей Кубатин 2020 йил 29 октябрь куни коронавирусдан хасталаниб, шифохонада вафот этди.

Мавзуга оид