Ўзбекистон | 11:24 / 24.09.2021
13562
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Президентликка 5 номзодимиз бор, улар ҳам ўз фикрларини айтяпти 

Амалдаги президент ва ЎзЛиДеп партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди ва “Ёшлар саройи”да партия вакиллари ҳамда сайловчилар билан учрашди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятидаги каби анъанага кўра Шавкат Мирзиёев бу учрашувда ҳам айни ҳудуд, яъни Самарқанд вилоятидаги муаммоларнинг келгуси беш йилдаги ечими бўйича фикрларини билдирди.

Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов очиб берди ва номзоднинг Янги Ўзбекистон стратегиясига оид 5 йиллик дастури ҳақида эслатиб ўтди:

– Ишончли вакил сифатида қоидага кўра мен номзодни сизларга таништиришим керак. Лекин менимча бунга ҳожат йўқ. Шавкат Миромонович Самарқандликларга жуда яхши таниш. Ҳоким бўлиб ишлаганида ҳам, бош вазирлик даврида ҳам вилоятимизга эътибори чексиз. Биз Самарқандликлар сизни яхши кўрамиз. Самарқанд туризм марказига, инвесторлар учун жозибадор ҳудудга айланди.

Шундан сўнг Рустам Холмуродов номзодга сўз берди.

“Бугунги режам сизлар билан кўпроқ мулоқот қилиш. Чунки мен самарқандликлардан кўп нарсани ўрганганман. Бу ерга келишдан олдин биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевич қабрини ва Гўри Амир мақбарасини зиёрат қилиб келдим. Мен Самарқандни яхши эслайман. Мана шу биргина бинонинг қурилиши ҳам ёдимда. У пайтлар ҳозиргидай трлн.лаб маблағлар йўқ эди. “Ёшлар маркази” халқимизга хизмат қилиб турганини кўриб хурсанд бўлдим. 

Вақт ҳакам! Мана, 5 йил жуда тез ўтиб кетди. Бизнинг қилган ишларимизни таҳлилчилар батафсил таҳлил қилишяпти. Муҳим танлов олдида турибмиз. Президентликка 5 номзодимиз бор, улар ҳам ўз фикрларини айтяпти”, деди Шавкат Мирзиёев расмий нутқини бошлашдан олдин.

Мавзуга оид