Тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш таклиф этилмоқда. Депутатлар учар ҳайдовчиларга «яхшилик» қилмоқчими?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракцияси йиғилишида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган ва автомобилда тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш масаласи кўриб чиқилган.
«Ушбу қонун лойиҳасида фуқароларимизнинг эътирозларига сабаб бўлаётган айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори пасайтирилган. Бу ижобий ҳолат, албатта», — деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов.
Маълум қилинишича, бир гуруҳ депутатлардан иборат ишчи гуруҳ автотранспорт воситаларини бошқариш асносида йўлларда белгиланган тезликка риоя этилиши радарлар, шунингдек, стационар ва кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назорат қилинишини ўрганган.
Ўрганиш давомида фуқаролар томонидан бугунги кунда қўлланаётган жарималар миқдори юқорилиги бўйича эътирозлар билдирилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси иккинчи қисми санкциясидаги жарима миқдорини БҲМнинг 3 баравари — 810 минг сўм (ҳозир 5 баравар — 1 млн 350 минг сўм) қилиб белгилаш бўйича таклиф билдирилган.
Яъни депутатлар аҳоли пунктларида 70 км/соат билан чекланган тезликда 20-40 км/соатдан кўпроқ айтайлик, 91-110 км/соат тезлик орасида радарга тушиб қолса, 5 БҲМ ўрнига 3 БҲМ жарима солишни таклиф қилишмоқда ва буни жарималар аҳолининг реал даромадларидан келиб чиқиб белгиланиши керак, дея тушунтиришмоқда.
Мушоҳада қилайлик, бу таклифни жўяли деб бўладими?
«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган баъзи ҳуқуқбузарликлар учун тайинланган жазо чораларининг миқдори кодекснинг инсонпарварлик ва одиллик принципларига мувофиқ эмас», деб ёзяпти депутат.
Тўғри, шунақалари ҳам бор эди. Ҳали ҳам бор. Мана шу тамойилга риоя қилиниб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган айрим жарималар миқдори аввалроқ камайтирилган ҳам эди. Бунга, рухсат этилмаган жойда тўхташ, светофорда «Stop» чизиғини босиб тўхташ каби қоидабузарликларни мисол келтириш мумкин.
Тан олиш керак, бу қоидабузарликлар йўлларда ҳаракатланаётган бошқа иштирокчиларга халақит бермайди, хавф туғдирмайди.
Аммо йўл ҳаракати қоидалари қон билан ёзилган, дейишади. Йўллардаги ўлим билан боғлиқ автоҳалокатларнинг катта қисми белгиланган тезлик меъёрини ошириш натижасида келиб чиқаётгани сир эмас.
Айни пайтда юқори тезлик учун белгиланган жариманинг жуда катталиги ҳам аҳоли пунктларида ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликни ошириб юборишига тўсиқ бўлмоқда.
Аллақандай «учарлар» белгиланган тезликни 20 км/соатга оширгани уларга оғирлик қилаётган бўлса, секинроқ юришлари керак. Уларнинг манфаатини ўйлаб, асло белгиланган жаримани камайтирмаслик керак. Жуда оби-тобида ҳозир.
Боз устига, ҳозир аҳоли пунктларида белгиланган тезликни 20 км/соатдан ортиқ оширганлик учун жаримани ҳисоблаш, яъни 1 млн 350 минг сўм жарима қўллаш 91 км/соатдан бошлаб қўлланилаётган бўлса, энди бунга ҳам +5 км/соат қоидаси татбиқ этилиб, 96 км/соатдан бошлаб 115 км/соатгача ҳисоблаш жорий этилиши мумкин.
Яъни тезликни ўлчашда вужудга келиши мумкин бўлган техник нуқсонлар ҳайдовчи фойдасига ҳал қилинган ҳолда шартли равишда қонунчиликда +5 км/соат бирлик белгилаб қўйилган. Бу қоида 70 км/соат соат тезлик чегараси белгиланган жойларда 76 км/соатдан бошлаб жарима солишни назарда тутарди. Лекин +20, +40 тезликни оширганларга ишламас эди.
Аслида, мен бу амалиёт жорий этилишига ҳам қаршиман. ДЙҲХХ ҳам аввал бошда «+5 қоидаси жарима солиш ва солмаслик чегарасида амал қилиши, каттароқ ва кичикроқ жарима чегарасида амал қилмаслиги»ни таъкидлаб, мантиқли жавоб берган эди. Негадир, барибир қабул қилинадиган бўлибди. Агар қабул қилинадиган бўлса мана шунинг ўзи ҳам шошқалоқ ҳайдовчиларга «катта ёрдам» эмасми?
Энди бу қоида ҳам жорий этилса-ю, аҳоли пунктида 115 км соат орасида ҳаракатланган учар ҳайдовчига 5 БҲМ ўрнига 3 БҲМ жарима қўллана бошланса, йўлларда нималар бошланишини тасаввур қилиб кўринг.
Қайтага аҳоли пунктларида тезликни ўлчаш ва назорат қилишни кучайтириш ва унинг янгича усулларидан фойдаланиш керак.
Масалан, ҳозир жойларда фойдаланилаётган станционар лазерли радарларга қарши деярли барча ҳайдовчилар антирадар ўрнатиб олишган ва тезликни айнан радар ўрнатилган нуқталардагина пасайтиришади.
Айни пайтда лазерсиз, антирадарлар тутадиган сигнал тарқатмайдиган, автомобилнинг аҳоли пунктига кириб-чиқишда сарфлаган вақтига қараб автомобилнинг ўртача тезлигини ҳисоблайдиган радарлар ҳам чиққан. Иложи бўлса мана шунақасидан олиб келиб ўрнатиш керак.
Шаҳарларимизда белгиланган тезлик миқдори 50 км/соат қилиб белгиланишини кўпчилик кутаётган бир пайтда, бундай акс ташаббусни асло қўллаб бўлмайди.
ДЙҲХХ ходимлари бефарқ бўлаётган қоидабузарлик
Сўнгги вақтларда радарга тушмаслик учун давлат автомобиль рақамини қоғоз, скотч ва маска билан беркитиб юрувчи ҳайдовчилар кўпайган. Албатта, бундай ҳайдовчилар қоидабузарликни қасд қилиб кўчага чиқишади.
Ҳолбуки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддасида бундай қоидабузарлик учун қатъий жазо белгиланган.
125-модданинг 5-қисмида давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситасини бошқарганлик учун — БҲМнинг 5 баравари (1 млн 350 минг сўм) миқдорида жарима кўзда тутилган.
Давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини бошқариш учун БҲМнинг 10 баравари (2 млн 700 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган.
Давлат рақам белгиси бу тарзда беркитиб қўйилгани — ечиб олинганга кирмаса керак, лекин ўзгача усулда ўзгартиришга ниҳоятда тўғри келади. Чунки мақсад бир хил — чалғитиш.
Юристларимиз мабодо бу хатти-ҳаракатга тўғри келадиган қоидабузарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгилаб қўйилмаган, деган хулосага келишса, демак қўшиб қўйиш керак. Айни вақти.
Ўзгартираман дейилса, жўялироқлари бор
Агар депутатларимиз қандайдир қоидабузарлик учун қонунда белгиланган жазони енгиллаштиришни исташса, бошқаларга хавф туғдирмайдиган ва зарари тегмайдиган қоидабузарликларни излашлари керак.
Дейлик, МЖтКнинг 126-моддаси.
Унга кўра рухсатсиз тонировка учун БҲМнинг 25 баравари (6 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган.
Агар депутатларимизнинг қўлларидан келса, мана шу қоидабузарликка белгиланган жаримани камайтиришсин. Умуман, орқа эшик ойналари учун тонировканинг текин бўлиши учун курашишсин. Агар мақсад халққа яхшилик қилиш бўлса. Кўпчиликнинг дуосини олган бўлишарди.
Субъектив фикримча, депутатлар учар ҳайдовчиларга «яхшилик» қилишни мақсад қилишган. Кўпинча 128(3)-моддаси иккинчи қисми санкциясига давлат ташкилотлари ва идоралари хизмат автомашиналари дучор бўлишади. (Ўша депутатларнинг ҳам, очиғи). Албатта катта жарималар мулозимларнинг ҳам силласини қуритган. Ҳарна, сал ёрдам бўлсин, деган бўлишлари мумкин.
Тушунамиз, хизматчилик. Лекин гуручнинг ортидан курмак ҳам сув ичиб, бу янада даҳшатли оқибатларга олиб келмасмикан? Шаҳарлар орасида қатновчи таксиларга миниб кўрганмисиз ҳеч? Франциялик дипломатнинг таассуротларини ўқимаганмисиз?
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
11:25 / 23.12.2024
Хитойда 2024 йилнинг энг яхши автомобиллари эълон қилинди
10:56 / 22.12.2024
2024 йил 11 ойда қанча енгил автомобил ишлаб чиқарилгани маълум қилинди
15:01 / 17.12.2024
Андижонда фуқароларнинг машиналарини ижарага олиб, уларни йўқ қилиш билан шуғулланган йирик уюшган гуруҳ устидан суд бошланди
17:03 / 15.12.2024