«Чернобил фожиаси эсингиздами?» – Қозоғистонликлар Ўзбекистонда АЭС қурилишидан хавотирда
Марказий Осиё давлатлари ичида Ўзбекистон томонидан биринчи маротаба барпо этилиши кутилаётган атом электр станцияси қурилишига қўшни қозоғистонликлар қарши чиқмоқда. Уларнинг фикрича, катта масштабда ва таваккалчиликка асосланиб қурилаётган лойиҳалар қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қилиниши керак. Бу ҳақда Atameken Business нашри тайёрлаган лавҳада айтилади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги атом энергетикасига оид лойиҳа Қозоғистон чегарасидан 50 км узоқликда қурилиши назарда тутилган. Тараз шаҳри аҳолиси бундай йирик лойиҳа маҳаллий аҳоли учун хавфли бўлишидан хавотирда.
«Чернобил фожиаси эсингиздами? Қанча одам ногирон бўлиб қолди. Кўпчилигини шахсан танийман. Бу нима учун керак, мен бунга қаршиман», – дейди аҳоли вакилларидан бири.
«Мен бундай қарорни қўллаб-қувватламайман. Бизнинг фарзанд ва набираларимиз бор, бизга зарардан бошқа нима беради бу?» – дейди яна бир қозоғистонлик.
Маълум қилинишича, қўшни давлат экологлари ҳам, агар АЭС икки давлат чегарасига яқин жойда жойлашса, ундан чиқадиган чиқиндиларнинг хавфли эканлигидан огоҳлантирган.
«Биз АЭС ишлаб чиқарадиган арзон энергия туфайли масаланинг фақатгина иқтисодий тарафини ҳисобга олмоқдамиз, лекин табиатга етказиладиган зарар ҳақида ўйламаяпмиз. Қаерга қурилишидан қатъи назар радиоактив чиқиндилар бизга сув, ҳаво ва қум орқали зарар етказади», – дейди эколог Анор Жумадилова.
Қозоғистонлик экспертлар орасида бунга ижобий қараётганлар ҳам йўқ эмас.
«Йил сайин илм-фан ривожланмоқда. Бутун дунё олимлари Ер шари экотизимини яхшилашдан манфаатдор. Бу муаммо бутун дунёга тегишли. Шунинг учун, АЭС қурилишини тўғри ёки нотўғри деб гапириш керак эмас. Фикримча, олимлар тинч атом лойиҳасига ўтишни синчиклаб ўрганиб чиққан», – дейди эксперт Сауранбек Жамолбеков.
Мақолада айтилишича, 2028 йилда Ўзбекистондаги Тузкон кўли яқинида АЭС қурилиб, фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати АЭС қурилиши ортидан 4 миллиард куб/метр газ иқтисод қилинишига умид қилмоқда.
Қозоғистоннинг ўзида ҳам АЭС қуриш масаласи бир неча йиллардан буён муҳокама қилинади. 2019 йилда Россия президенти Владимир Путин Қозоғистонда Россия технологиялари бўйича атом электр станцияси қуришни таклиф қилганди.
Шунингдек, яқинда Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев 2030 йилга бориб мамлакатда электр энергияси танқислиги вужудга келишини, шу сабабли атом электр станцияси қуриш масаласини кўриб чиқиш вақти келганини билдирган.
Ўзбекистон ва Россия атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни 2017 йил декабрида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланганидан кейин бошлаган эди.
Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги фармони билан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («ЎзАтом» агентлиги) ташкил этилди.
2018 йилнинг 7 сентябрь куни ўша вақтда Россия бош вазири Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Россия лойиҳаси бўйича Ўзбекистонда атом электр станциясини қуришда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолади.
Лойиҳа ССЭР-1200 русумдаги реакторларга эга иккита энергоблок қурилишини ўз ичига олади. Ўзбекистон президентининг 2018 йил 13 октябрдаги 3969-сон қарори асосида имзоланган битим кучга кирган.
2018 йили Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида икки давлат президентлари Ўзбекистондаги илк АЭС қурилишига старт берганди.
Ўзбекистондаги АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йил охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.
Ҳозирча АЭС қаерда қурилиши аниқ эмас. Дастлаб Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл атрофи АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдон сифатида кўрилаётгани айтилган бўлса, кейинчалик иншоот Жиззах вилоятида барпо этилиши хабар қилинганди.
AЭС барпо этилгач Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиянинг умумий қуввати 2,4 гигаваттгача етиши мумкин.
Қурилиши 11 млрд долларга баҳоланган илк АЭСни барпо этиш ишлари 2020 йилда бошланиши айтилган бўлса-да, айни пайтда бу иш кечикмоқда. Маълумотларга кўра, томонлар шартнома шартларини келишишда тил топиша олмаяпти.
2020 йилнинг декабрида Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев АЭС қурилиши бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги шартнома деярли тайёр ҳолатга келтирилгани, фақат техник жиҳатлари қолганини айтган, бироқ «ЎзАтом» элчининг гапларини рад этиб, ҳали келишувга эришилмагани, шартномани муҳокама қилишда Ўзбекистон миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда музокара позициялари ишлаб чиқилгани ва ҳимоя қилиб келинаётганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
11:40 / 19.10.2024
Японияда биринчи марта 50 йилдан ортиқ ишлаётган АЭС реактори фаолиятига рухсат берилди
20:20 / 16.10.2024
АЭС дирекцияси раҳбари: Ишлатилган ядро ёқилғиси Россияга олиб кетилади
15:00 / 14.10.2024
Франция радиоактив чиқиндиларни қозон ва вилкаларга айлантиришни режалаштирмоқда
20:57 / 08.10.2024