Жаҳон | 18:27 / 26.09.2021
5166
1 дақиқада ўқилади

Меркелнинг “вориси” сайловларда овоз бериш сирини бузгани учун танқид қилинди

Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи етакчиси, амалдаги канцлер Ангела Меркелнинг “вориси” деб эътироф этилувчи Армин Лашет 26 сентябрда бундестагга ўтган сайловларда ўз овоз бериш бюллетенини сайлов урнасига белгиланадиган томонини кўринадиган қилиб солиб, овоз бериш сирини бузди. Кўплаб сиёсатчилар, жумладан ХДИнинг сайловлардаги бош рақиби Германия социал-демократик партияси (SPD) Лашетни бу хатоси учун танқид қилди.

Лашетнинг сайлов участкасидан олинган сурати бундан далолат бермоқда. Ундан сиёсатчининг ўз партиясига овоз бергани маълум бўлган.

“Махфийлик нуқтайи назаридан, Лашет барча хорижий махсус хизматлар учун энг яхши канцлер”, деб кинояли изоҳ берган ушбу ҳолатга SPD’дан собиқ депутат Герольд Райхенбах.

Федерал сайловлар ўтишини назорат қилувчи вакил Лашет овоз бериш сирини бузган бўлса-да, унинг бюллетени ноҳақиқий деб топилмаслигини, чунки у урнага солиб бўлинганини, ўз сиёсий партиясига овоз бериш эса кутилмаган ҳолат эмаслигини айтган.

Лашет Аахен шаҳридаги мактаблардан бирида жойлашган участкада овоз берган. Сиёсатчининг айтишича, ушбу сайловлар Германиянинг яқин йилларга тақдирини белгилайди ва “ҳар бир овоз аҳамиятга эга”.

Мавзуга оид