Жаҳон | 11:01 / 28.09.2021
11724
1 дақиқада ўқилади

Толибларга оқ кроссовка кийиш ва селфи қилиш тақиқлаб қўйилди

Афғонистоннинг толиблар ҳукуматида мудофаа вазирини эгаллаган Мавлави Ёқуб “Толибон” жангариларига оқ кроссовкалар кийиш ва селфига тушишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар берди.

Фото: AFP

Таъкидланишича, бу тақиқловлар кўпчилик толиблар Кобул босиб олингандан кейин кўнгилочар боғларда қўлларида қурол билан аттракционлар учаётганлари, кўлда ғоз кўринишидаги қайиқларда сузиб юрганлари суратларини эълон қилиши оммавий тус олгани билан боғлиқ ҳолда кучга кирди. Толибларнинг бундай суратлари ҳаракат раҳбариятининг аччиғини келтирган.

Толиблар мудофаа вазири селфи “Толибон” мансабдор шахслари хавфсизлигига таҳдид ҳисобланиши ва толибларнинг “жафокашлар қони билан эришилган” мавқейига путур етказишини айтган.

Бундан ташқари, Ёқубнинг таъкидлашича, оқ кроссовкалар елкагача тушиб турувчи сочлар каби ғарбнинг зарарли модаси ҳисобланади.

“Бу қўғирчоқ тузум ҳарбий бошлиқлари ва бандитларига хос ҳаракатлардир”, деб айтган Ёқуб. 

Мавзуга оид