Ўзбекистон | 11:55 / 29.09.2021
7271
3 дақиқада ўқилади

Сенат Тошкентдан Қибрайга кўчирилганлар муаммоларини ҳал қилиш учун Даврон Ҳидоятовга икки ой муҳлат берди

2020 йилда ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасидан Тошкент вилояти Қибрай тумани Дўрмон қишлоғига кўчирилган, бир йилдан бери электр, газ, сув ва бошқа тармоқлар улаб берилмагани туфайли қийин шароитда яшаб келаётган одамларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун Сенат вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятовга икки ой муҳлат берди.

Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасида жойлашган турар жой бинолари давлат эҳтиёжлари учун олиниши сабабли у ерда яшовчи аҳоли Тошкент вилояти Қибрай тумани Дўрмон қишлоғига кўчирилгани ортидан юзага келаётган муаммолар, жумладан, бир йилдан бери электр, газ, сув ва бошқа тармоқлар улаб берилмагани туфайли бирламчи шароитларсиз яшаётган юздан ортиқ хонадон аҳли Олий Мажлис Сенатига шикоят йўллаган, сенаторлар томонидан жараён ўрганилиб, фуқароларнинг шикоятлари асосли экани маълум бўлганди.

Қибрай туман ҳокимлигида мазкур ҳудуддаги муаммолар ечими бўйича ўтказилган йиғилишда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳудуднинг қурилиш режаси бўлмаса, электр ҳам, газ ва сув ҳам улаб бўлмаслигини айтганди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров ҳам бош режасиз иш қилиб бўлмаслигини таъкидлаганди.

Сенаторлар томонидан Тошкент вилояти ҳокимлигига мазкур ҳудуд бош режасини ишлаб чиқиши учун 10 кун муҳлат берилган, мутасаддилар ҳудуд бош режаси тасдиқланиши билан барча тармоқларни улаш ва аҳолига зарур шароитларни яратиш ишлари бошлаб юборилишини ваъда қилишганди.

Сенатнинг 29 сентябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида ушбу масала муҳокама қилинди.

“Ишчи гуруҳ йиғилиши 9 сентябрь куни бўлиб ўтган бўлса, 10 сентябрдан бошлаб ушбу ҳудудни газ, сув, электр энергияси билан таъминлаш, столбалар ўрнатиш чораларини кўриш ишлари бошлаб юборилди. Куни кеча, яъни 27 сентябрь куни ушбу ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қибрай тумани ҳокими ва соҳа раҳбарлари иштирокида жойига чиққанимизда ўтган 15-20 кун давомида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилгани, жумладан 1,5-2 кмга яқин масофада ичимлик сув учун қувур ётқизилгани, уй кадастр ҳужжатлари тайёр бўлган хонадонлар табиий газга улаб берилгани, маҳалла ҳудудидан ўтувчи автойўлни қуриш ишлари бошлаб юборилганига гувоҳ бўлинди. Туман ҳокими ва соҳа раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди. Ушбу ҳолат юзасидан аҳоли вакиллари жуда ҳам мамнунлиги, бошланган ишлар сифатли тарзда охирига еткизилишидан умидвор бўлиб, барча масъулларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди”, дея сенатор Қутбиддин Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ялпи мажлисда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари сифатида Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасида яшовчи аҳолини Тошкент вилоятига кўчиришда бош-қош бўлган, бугунги кунда эса Тошкент вилояти ҳокими бўлиб ишлаётган Даврон Ҳидоятовга совуқ кунлар келгунича вилоятдаги мутасадди идораларни жалб қилган ҳолда Дўрмон қишлоғида бошланган ишларни якунига етказиш чораларини кўриш учун икки ой муҳлат берилди. Таъкидланишича, вилоят ҳокими икки ойдан сўнг бажарилган ишлар тўғрисида Сенат ялпи мажлисида ахборот беради.

Мавзуга оид