Ўзбекистон | 20:32 / 30.09.2021
36115
11 дақиқада ўқилади

“Мирзиёномика” китоби плагиат маҳсули экани айтилди. Муаллиф нима дейди?

Сентябрь ойи бошида Беҳруз Ҳамзаев “Мирзиёномика. Марказий Осиё йўлбарсининг сакраши” номли китоб ёзгани ҳақида маълум қилганди. Интернет фойдаланувчилари китоб Россияда чоп этилган бошқа бир нашрдан айнан кўчирилганини таъкидлашди. Kun.uz муаллиф билан интервью уюштирди.

Ўзи нима гап?

8 сентябрь куни “Ziyo Forum” ривожланиш ва таълим жамғармаси директори ўринбосари Беҳруз Ҳамзаев Facebook’даги саҳифасида “Мирзиёномика. Марказий Осиё йўлбарсининг сакраши” (Mirziyonomics. Leap of Central Asian tiger) номли янги китоби нашрдан чиққанини эълон қилганди. Китобда Ўзбекистоннинг 2030 йилгача амалга оширилиши кўзда тутилган рақамли трансформация стратегияси ҳақида сўз боради. Ўзбек ва рус тилларида китоб тарғиботи учун mirziyonomics.uz номли сайт ҳам яратилган бўлиб, “Мирзиёномика”ни ушбу сайтдан бепул юклаб олиш мумкин.

“Шуни таъкидлашни истардимки, биз ушбу сайтни Ўзбекистонни ривожлантиришга қаратилган бошқа стратегияларни нашр этиш учун катта очиқ платформа деб ҳам қараяпмиз. Ушбу сайт атрофимиздаги дунёни яхшироқ ва тўлақонли қиладиган ғоялар ҳосиласи бўлади. Чунки мен бу сўнгги 2-3 йил ичида Ўзбекистон учун муваффақиятли, баъзилари эса ҳозирча унчалик муваффақиятли бўлмаган туб ўзгаришлардан ўзим учун кашф этган асосий туйғу — бу ўз мамлакатингиз ривожига олдинги даврда бўлгани каби нафақат ҳокимият тепасида бўлиб, балки халқ орасидан ҳам ҳиссангизни қўшишингиз мумкин”, дея ёзган муаллиф.

Беҳруз Ҳамзаевнинг қайд этишича, “Мирзиёномика” стратегияси AКТни давлат ҳаётининг барча соҳаларига интеграция қилиш орқали тадбиркорлик фаолияти, ижтимоий соҳа ва давлат бошқарувини жонлантириш, яхшилаш ва соддалаштириш мақсадида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ҳукуматининг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий фаолиятини рақамлаштиришнинг асосий вектори бўлади.

“3 йил давомида пишитилган стратегия”

Беҳруз Ҳамзаев

Маълум бўлишича, китоб орқали илгари сурилган стратегияни яратиш бўйича ғоя 2018 йилда туғилган, стратегияни ишлаб чиқиш ишлари уч йил давом этган. Муаллиф электрон китоб тарзида тақдим этилган стратегияни рақамли Ўзбекистонни ривожлантиришга янги қараш, бефарқ бўлмаган ёшлар жамоасининг таклифи сифатида ифода этишини таъкидлайди.

Ҳукумат стратегияни амалга оширишдан манфаатдор бўлса, Беҳруз Ҳамзаев ҳужжатнинг бу қисмини ошкор қилишга ва тақдим этишга тайёрлигини баён қилмоқда.

Муаллифга кўра, “Мирзиёномика” атамаси тасодифан пайдо бўлмаган, жаҳон сиёсати тарихида турли мамлакатлар таниқли раҳбарларининг ислоҳотларини билдирувчи шунга ўхшаш таърифлар мавжуд: “Рейганомика” (АҚШ), “Абэномика” (Япония), “Тэтчеризм” (Буюк Британия), “Рожерномика” (Янги Зеландия).

“Ўзбекистон ҳақиқатни, мавжуд муаммоларни ва мумкин бўлган ечимларни объектив баҳолаш асосида президент томонидан белгилаб берилган катта ислоҳотлар босқичини бошидан кечирмоқда. “Мирзиёномика”нинг асосий мақсади – давлат, миллий бизнес ҳамда фуқаролик жамиятининг иштироки асосида Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт институтларини яратишдан максимал самарага эришиш учун муҳим чоралар ва қадамларни аниқлаш”, дейди Ҳамзаев.

Китоб Россия нашридан кўчирилганми?!

Блогер Умид Ғафуров “Мирзиёномика”нинг 70 фоиз қисми Россия нашрларидан кўчирилгани ҳақида ёзди. У Беҳруз Ҳамзаев томонидан тақдим этилган китобга 2017 йилда ёзилган “Развитие цифровой экономики в России. Программа до 2035 года” номли қўлланма асос қилиб олинганини тахмин қилган.

“Бошида бу китобни плагиатга текшириб кўриш ниятим йўқ эди. Бироқ изоҳларда интернет фойдаланувчилари унинг плагиат эканини айтиб, айнан қайси китобдан кўчирилганини ёзганидан кейин буни текшириб кўрмоқчи бўлдим. Буни аниқлаш қийин эмас, чунки интернетда юзлаб антиплагиат платформалари бор. Уларнинг ичида бепуллари ҳам бор, пуллилари ҳам бор.

Натижа ишончли бўлиши учун пулли платформадан фойдаландим. 78 рубль тўлаб, “Мирзиёномика”нинг рус тилидаги вариантини Россия нашри билан солиштириб кўрдим. Натижа Беҳруз Ҳамзаев 3 йил давомида ёзганини айтган китоб “Развитие цифровой экономики в России. Программа до 2035 года” номли китобнинг 30 фоизга ўзгартирилган варианти эканини кўрсатди. Яъни дастур Россия нашрининг 70 фоиз қисми тўлиқ кўчирилган деб топди.

Оддий кўз билан солиштириб чиқилганда ҳам рус нашридаги “Россия” сўзи “Ўзбекистон”га ўзгартирилгани, китоб ўзимизга мослаб жузъий таҳрир қилинганини сезиш қийин эмас. Facebook орқали Беҳруз Ҳамзаевга бу ҳақда ёзиб, изоҳ сўрадим. Бироқ у сўзларимга ҳеч қандай реакция билдирмади”, деди Умид Ғафуров Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Дарҳақиқат, Беҳруз Ҳамзаевнинг Facebook’даги саҳифасида “Мирзиёномика” китоби жамоатчиликка тақдим этилган постда муаллиф дастлабки изоҳларга жавоб бериб чиққани, китобнинг плагиат экани ҳақидаги тахминлар ёзила бошлаганидан сўнг бу ишни тўхтатганини кўриш мумкин. У интернет фойдаланувчиларининг кейинги барча савол ва изоҳларини очиқ қолдирган.

“Бу плагиат ҳисобланмайди”

Китоб муаллифи Беҳруз Ҳамзаев Kun.uz’га берган интервьюсида “Мирзиёномика”ни ёзишда Россия нашри ва бошқа манбалардан фойдаланганини тан олди, бироқ бу плагиат ҳисобланмаслигини таъкидлади.

“Инновация вазирлиги ҳақидаги ғояларимизни илгари сурган пайтимизда кейинги поғоналарни ҳам ўйлаганмиз ва айнан рақамли ривожланиш мамлакатимиз тараққиётини таъминловчи энг муҳим ислоҳот бўлишини англаб етгандик. Нефть захираларига бой ёки бошқа ресурслари кўп давлатларни истисно қилган ҳолда сўз юритсак, кўплаб давлатлар тараққиётининг негизида қонун устуворлиги, жамиятнинг ривожланиши ҳамда рақамлаштириш ётади. Шу сабабли 2016 йили Инновация вазирлиги стратегияларини ёзганимизда шу вазирлик пайтида рақамли иқтисодиёт билан қизиқа бошлаганман.

Туризмни ривожлантириш қўмитасида ишлаган пайтимда ҳам рақамли ривожлантиришнинг қанчалик муҳимлигини бошимдан ўтказдим. Юқоридаги икки идорада ишлаган пайтларим давлат аппаратининг иш тарзи билан тўғридан тўғри тўқнашдим ва у ерда жуда кўплаб қийинчиликлар мавжудлигини кўрдим. Хусусий секторда ишлаган пайтим ниманидир ўзгартириш керак бўлса, бозор ёки истеъмолчилар шуни истаётган бўлса, бу ўзгаришларни яшин тезлигида амалга оширганимиз учун давлат органлари фаолиятидаги бюрократия, раҳбарнинг имзосисиз ҳеч бир ҳужжат идорадан чиқмаслиги, бирор идорадан ўзингизга керакли маълумотларни олиш учун ҳафталаб ва ойлаб кутилиши мени ҳайрон қолдирган. Агар ушбу жараёнлар рақамлаштирилганда эди бошлиқ қаерда бўлишидан қатъи назар исталган ҳужжатини имзолаши, вазирликлар бир-бирининг базасида мавжуд маълумотлардан ҳеч қандай хат ва ёзишмаларсиз фойдаланиш имконига эга бўларди.

“Мирзиёномика” стратегияси ана шу кўрган-кечирганларим таъсирида туғилган ва уни уч йил давомида тайёрладим. Жараён чўзилиб кетгани лойиҳа устида асосан бир ўзим ишлаганим туфайлидир. Китобни ёзишдан олдин дунёнинг турли мамлакатларида эълон қилинган ўттиздан зиёд ана шундай стратегиялар билан танишиб чиқдим. Жумладан, “Россия рақамли иқтисодиёт тараққиёти: 2035 йилгача мўлжалланган дастур” деб номланган стратегиядан ҳам фойдаланганман. Агар бошқа манбалардан фойдаланганимни жамоатчиликдан яширмоқчи бўлганимда буни қойилмақом қилиб бажарардим. Шунчаки китобнинг ўзбекча матнини қўйганимда ҳам уни плагиатга текширишнинг иложи бўлмасди. Рус тилидаги вариантини ҳам қўрқмай жойладимки, демак, бунинг сабаби бор.

Россия нашри билан мен ёзган китобнинг ўхшашлиги мен учун унчалик муҳим эмас. Аввало, у китобда муаллиф йўқ. Қолаверса, унинг ўзи ҳам дунёдаги бошқа стратегияларни ўрганиб, улардаги муҳим маълумотлар жамланиб тайёрланган. Агар мен Шекспирнинг “Ромео ва Жульеттаси” қаҳрамонлари исмини ўзгартириб, аммо сюжетларини айнан қолдириб китоб ёзганимда бу плагиат бўларди. Лекин рақамли иқтисодиётда плагиатнинг бўлиши мумкин эмас. Ҳамма бир-биридан кўчиради ва бу тўғри амалиёт деб ҳисоблайман. Нимага бир-биридан кўчиришади? Мисол учун, велосипед аллақачон кашф этилган бўлса-ю нима кераги бор уни қайтадан кашф этишнинг?! Facebook’ни ўйлаб топган Цукeрбергни ҳам бошида плагиатда айблашган. Шунақа нарсалар борки, уларни бошқалардан айнан олмасликнинг иложи йўқ.

Қолаверса, “Мирзиёномика” китоби умумий стратегиянинг атиги 20 фоизини ташкил этади. Махсус яратилган сайтдаги маълумотларни ҳам 20 фоиз деб олсак, стратегиянинг қолган 60 фоиз қисми ҳали эълон қилинмаган. Айрим интернет фойдаланувчилари бунинг охирига етмасдан нотўғри хулосаларга боришмоқда”, дейди Беҳруз Ҳамзаев.

World Influencers Network (Халқаро инфлюенсерлар тармоғи) ҳамда Uzbek Apparel миллий бренди асосчиси сифатида жамоатчиликка танилган, маълум муддат Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Беҳруз Ҳамзаев номи бунгача ҳам можаролар марказида тилга олинганди.

2020 йилда у «Alter Ego» лойиҳасига берган интервьюсида 2017 йил 27 ноябрда очилган Инновация вазирлиги концепциясининг ғоявий илҳомлантирувчиси, муаллифи ўзи эканини таъкидлаган ва ўзи ишлаб чиққан Ўзбекистон Республикаси Келажак, инноваторлик ва ҳамкорлик вазирлиги лойиҳасини кўрсатиб, мазкур лойиҳа устида 8 ой ишлаганини айтганди.

Инновация вазирлиги Ҳамзаевнинг бу сўзларини рад этиб чиққанди. Вазирлик баёнотида Беҳруз Ҳамзаевнинг Инновация вазирлигини ташкил этилиши бўйича ҳужжатларни тайёрлаш учун 50 минг АҚШ доллари сарфлагани ҳақидаги гапи Ўзбекистон Республикаси давлат органлари фаолияти билан озроқ бўлса-да таниш бўлган ҳар қандай киши учун ҳам кулгили, ҳам мантиқсиз иддао эканини таъкидлаганди.

Беҳруз Ҳамзаев вазирликнинг баёнотига муносабат билдираркан, видеонинг тавсифида “У Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилишининг ташаббускори” экани кўрсатилган қисми Кирилл Алтманнинг хатоси бўлгани ва бу хато бартараф этилганини айтган.

У Kun.uz мухбирига берган изоҳида Инновацион ривожланиш вазирлиги асосчилигига даъво қилмаслиги, шунингдек, унинг ғояси вазирлик фаолияти учун асос бўлганидан хурсанд эканини маълум қилган, шу билан бирга, унинг лойиҳаси 2017 йил бошида тайёр бўлгани, у вазирлик «брошюра» деб атаган лойиҳа устида 8 ой ишлаганини яна бир бор такрорлаганди.

Мавзуга оид