«Молиявий зарар, қонунга зид ва ҳаром» – Тотализатор қурбонлари ва соҳа мутахассислари замонавий фирибгарлик ҳақида
Сўнгги вақтларда ўзбекистонликлар ўртасида спорт ўйинларига пул тикиш ортидан ўз жонига суиқасд қилган, уй ва мол-мулкларини сотган ва бошқа ҳуқуқбузарликларга йўл қўяётганлар ҳақида кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Шунга қарамай, Ўзбекистонда бу турдаги ўйинларни қонунийлаштириш борасида ҳаракатлар давом этмоқда.
Тотализаторлардан зарар кўрган бир қанча фуқаролар бизга пуллари ва молларини ютқазгани, қандай қилиб қарз ва ўнглаб бўлмас зарарга кириб кетганини айтиб беришди. Исми сир қолишини хоҳлаган фарғоналик аёл қандай қилиб тотализатор ўйинига кириб қолгани ва қисқа муддат ичида 50 млн сўм ютқазгани ҳақида гапириб берди.
“Бошида бир-икки танишларим менинг телефонимда ўйин программасини ўрнатиб олишди ва ўйнай бошлашди. Бошида оз-моз ютиб турганди, кейин ютқаза бошлади ва асабийлашди. Кейин унинг ўрнидан ўйнаб ютқазган суммасига тенг миқдорда пул ютиб бердим. Шу орада ўзим ҳам қизиқиб кетдим. Мен бунинг қимор эканини билмасдим. Бир-икки марта ютдим ва тўсатдан 1 млн сўм атрофида ютқаздим, кейин уни қайтариб оламан деб яна ўйинга кириб кетдим. Танишларим мени ўйинга жудаям берилиб кетганимни кўриб: “10-15 киши ўйнаганини биламиз, лекин уларнинг ютгани ютқазганидан анча кам”, деб қайтармоқчи бўлишди. Мен эса ҳар хил усулда ўйнаб кўришда давом этдим.Ўйинни бошлаганимга 5 ой ўтган бўлса, шу вақт ичида 50 млн сўм ютқаздим. Шу ўйинни ўйнаганимга роса пушаймон қиламан. Охири келиб шунча пул ютқазишимни билсам ўйнамас эдим. Болаларимнинг ризқини қиморга тикканимга афсусдаман”, – дейди фарғоналик аёл.
Яна бир ўйинга муккасидан кетган суҳбатдошимиз эса 50 минг доллар ютқазганини, бу пулларни тўлаш учун ҳаммадан қарз олавериб, дўстлари ва яқинлари билан юз кўрмас бўлиб кетганини таъкидлайди. У ҳаттоки қарзларидан қутулиш учун тотализатор ўйини ташкилотчиларини ўлдиришни ҳам ўйлаган.
“Тотализаторга қизиқиб ўйнашни бошлаганимга 5 йилча бўлди. Биринчи марта Европа лигасидаги бир ўйинга танишим пул тикаётганини кўриб мен ҳам 400 доллар тикдим. Ўйин мен кутган натижа билан тугамади ва пулимни ютқаздим. Ҳаммаси шундан бошланиб кетди, чунки мен кетган пулимни жойига қўйиш учун яна ўйнадим. Мен тинмай ўйнар, зиён эса тобора катталашар эди.
Ўзбекистондаги ўйинларга ҳам тикардим, ютқазганимда бирдан пулни ечиб оларди. Лекин шундай ҳолатлар бўлдики, ютган ўйинларимда мени “келишилган ўйин”, “фирибгарлик” деб блоклаб қўйишган. Ўйин орқали 4-5 минг, бир марта 6 минг доллар ютган вақтларим ҳам бўлган. Лекин яна ўйнаб бир соатда шунча пулдан айрилиб ҳам қолардим. Сал олдин ютган ўйинга қувониб ютса бўларкан деб янада ичига кириб борасиз, яна кимдандир қарз оласиз, яна аввал бўлган жараён такрорланади, яна ва яна... Тахминан ҳаммаси бўлиб 50 минг доллар атрофида пул ютқаздим”, – дейди яна бир юртдошимиз.
Ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм тахаллуси билан фаолият юритувчи фаол блогер Дилшод Болтабоев ҳам тотализаторларга пул тикиб унинг ортидан жуда катта маблағ йўқотаётган ва бунинг аламига чидолмай ўз жонига қасд қилаётганлар ҳақида гапириб берди. Унинг фикрича ҳукумат бу каби ўйинларни тақиқлаши керак.
“Менга кўплаб инсонлар ёзади, қолаверса, ўзим ҳам халқ орасида юрганим учун Риштонда бу каби ўйинларни ўйнаб қарзга ботганларни, қарзини узолмай жонига қасд қилганларни эшитиб тураман. Масалан, бир киши ижтимоий тармоқ орқали ёзиб, 7 минг долларга “тушганини” ҳикоя қилган, яна бирида 25 яшар йигитнинг 120 минг доллар пул ютқазгани, бу пулни тўлаш учун уйи, машинаси – барча нарсасини сотиб ҳам қутула олмаган ва ўз жонига қасд қилган, энг ёмони ортидан ёш оиласини бўзлатиб кетгани айтилган. Кўпчиликда бу ўйинларни тақиқлаш борасида ҳар хил фикрлар юради. Менимча, ҳукумат бунга эътибор қаратса ва тақиқлаш бўйича қарор чиқарса бўлади”, – дейди Дима Қаюм.
Қонунчиликда нима дейилади?
2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида лицензия олиш орқали букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ва қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш назарда тутилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига кўра, жорий йилнинг март ойига қадар Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун бирон-бир хўжалик юритувчи субъектларга лицензия берилмаган. Ўзбекистонда букмекерлик компаниялари учун лицензия бериш ҳуқуқига эга Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги эса 2021 йил 1 майда тугатилган. Унинг ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилди.
Лекин бугунги кунда амалда бўлган қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси ва Жиноят кодексининг 278-моддасига асосан жавобгарликка сабаб бўлади.
Ҳозирда бу тартибларга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш мақсадида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилганини билдирди.
Психолог Гулираъно Эролованинг фикрича, инсонларнинг бундай ўйинларга муккасидан кетишининг асосий сабаби улар ўйинларнинг ёмон оқибатлари ҳақида ўйламайди.
“Психологик жиҳатдан одамлар наздида у кучли, ҳамма нарсани эплайди, юта олади. Ваҳоланки, унинг ўйин экани ичдан ҳис этилмайди ва бу ўйновчи кишининг тасаввурига ҳам келмайди. Шунинг учун ҳам бу каби ўйинларда мағлуб бўлиш ёмон оқибатларга олиб келади. Инсон депрессияга тушади, стрессни бошдан кечиради. Одатда инсон ниманидир кутса стресс ҳолатига туша бошлайди. Ва натижа у кутмагандек чиққанидан кейин бош мияда депрессия кузатилади. Бу ҳолатда инсон ўзини бошқара олмайди. Натижада хатти-ҳаракатлари оқибати ҳақида ўйлаб кўрмайди. Ўзини суицид қилишгача бориши мумкин. Шунинг учун адашибми ё ўйламасданми тотализаторга кириб ўйнаб оғир вазиятларга тушиб қолган инсонларга, аввало, муаммони яқинларига айтишини маслаҳат берамиз. Чунки буни яшириш керак эмас”, – дейди психолог.
Спорт ўйинлари бўйича мутахассис Жамолиддин Бобожонов эса спорт ўйинларига пул тикишни легаллаштириш ҳеч кимга наф келтирмаслигини таъкидлади. Тотализатор компаниялари тўлайдиган солиқ – профессионал спорт учун арзимаган пул, бу ишлар билан шуғулланувчи мутахассисларнинг бирортаси тотализаторни қонунийлаштириш ортидан катта пуллар спортга келмаслигини айтган. Казино ҳеч қачон ютқазмайди деганларидек, букмекерлар ҳам ҳеч қачон ютқазмайди, дейди у.
“Бизга энг яқин Россия мисолида олиб қарасак, реклама берувчилар кўпроқ пул топяпти холос. Ўзимизга келадиган бўлсак, буни легаллаштириш билан спортга пул тикиб қимор ўйнаётганлар сонини кўпайтирамиз. Ундан на давлатга, на спортга, на ёшлар тарбиясига бирон-бир наф йўқ. Кимдир бу пулларни профессионал спортга йўналтирамиз, қўшимча пул деса, катта хато қилган бўлади, наздимда. Бундан ташқари, букмекерлар тушадиган пулларнинг 80 фоизини олиб кетади, ўша 80 фоиз пул ўзбекистонликларнинг пуллари бўлади. Ҳозир онлайн ўйнаётганлар ҳам барибир пулларини ўшаларга тўлаяпти, катта эҳтимол билан легаллашгандан кейин ҳам яна уларга пул тўлайди. Маҳаллий букмекерларнинг эса бозорда мавқега эришиши учун узоқ йиллар талаб қилинади. Умуман олганда унинг ҳам фойдаси йўқ, чунки ўзимизнинг одамлар чўнтагидан олиб, кимнидир қақшатиб олинган пулларни спортга йўналтириш тўғри эмас”, – дейди мутахассис.
Асли ўзбекистонлик, айни пайтда Россияда истиқомат қилувчи Б.Ш. узоқ йиллар давомида тотализатор ўйинларига қизиққан ва бу соҳада фаолият юритган. Унинг айтишича, тотализатор Ўзбекистонда қонунийлаштирилган тақдирда ҳам, келишилган ўйинларга қарши ҳеч нима ўзгармайди. Чунки контора қонуний ёки қонуний эмаслигининг бунга умуман дахли йўқ.
Яна бир нарса, тотализатор фирмалар ўзбек футболига инвестиция киритиши мамлакат ичида қимор ўйнаётган одамлар ҳисобидан амалга оширилади.
“Тотализаторни қонунийлаштириш орқали келишилган ўйинларга қарши курашишда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Мен бунга юз фоиз ишонаман. Чунки тотализаторнинг келишилган ўйинларга алоқаси йўқ.
Футболга инвестиция ҳақида гапиришмоқда, тўғри, инвестиция бўлади, лекин кимнинг ҳисобидан – ўйнаётган одамлар ҳисобидан бўлади. Яқинда Ўзбекистонда бўлдим ва кўрдимки, кўплаб одамлар, ҳатто футболга қизиқмайдиган контора ҳақида, ставка қилиш, кимдир қанчадир пул ютиб олгани ҳақида гапиряпти. Улар ҳам ютиб олган пулини гапиряпти холос, лекин бирортаси қанча ютқазганини айтмайди. Ҳеч ким: “Мен бор пулимни ютқаздим, машинамни ютқаздим, уйим кетди”, деб айтмайди, албатта. Бу жудаям ёмон нарса”, – дейди мутахассис.
Бу каби спорт ўйинларига пул тикишнинг Ислом динидаги ҳукми юзасидан савол билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими Саиджамол Мирсайитовга юзландик.
“Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминлар ўрталаридаги молларини ўзаро розичилик билан ейиши кераклигини таъкидлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсонларни ҳалол насиба топишга буюради. Ислом динида ҳар бир масала қатори бунда ҳам қоида берилган. Агар бир томон ютиб иккинчи тараф ютқизиши аниқ бўлса ёхуд кўпчилик ютқизиб, камчилик ютадиган бўлса, бу қимор деб аталади. Оятларга қараладиган бўлса, қимор жуда ҳам барвақт ҳаром қилинган, ҳаттоки, судхўрликдан ҳам аввал ҳаром бўлган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қимор ҳақида шундай деб марҳамат қилган: Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?! (Моида сураси, 91-оят)
Бу иллатнинг оқибати шундайки, инсонлар орасида нафратни кучайтиради, инсон қарзга ботиб яна бошқа жиноятларни қилишга мойиллиги ошади. Бировнинг молига, жонига тажовуз қилиши ҳолатлари учрайди, ҳаттоки қарзга ботиб ўз жонига-да қасд қилиш каби гуноҳларга олиб боради”, – дейди Саиджамол домла.
Миллионлари ва ҳаловатини ютқазган қатнашчиларимиз бу ўйинларга пул тикаётган юртдошларимизга қандай маслаҳатлар беради?
- Тотализатор ўйнаган одамнинг яқинларига муносабати ёмонлашади, боласи бўлса уларнинг тарбиясига эътиборсиз бўлиб қолади, фақатгина бир нарса – нима қилиб бўлса-да пул ютиш мақсадга айланиб қолади.
- Бу ўйиндан ютқазишдан ҳам кўра энг алам қиладигани яқинларни, оилани, дўстларни йўқотишдир. Бир марта ўйнаб ютқазгандан одам бошқа бировдан қарз олиб яна ўйнашни давом эттиради: шунинг орқасидан яхши дўст ёмонга, қадрдонлар фирибгарга айланади. Ёлғон кетидан ёлғонлар тўқиб, дўстлардан қандай айрилиб қолганини ҳам билмай қолади киши. Ҳозир жуда кўп ёшлар мана шу ўйин туфайли аянчли ҳолатга тушиб қолди.
- Ўйин инсонни реал ҳаётдан узоқлаштира боради, фақат йўқотилган пулларни қайтариш дардида яшайди, ҳеч ким билан гаплашгиси келмайди. Ўзим мимсолимда айтишим мумкинки, оиламдагилар билан гаплашмаслик, юзлаша олмаслик аҳволига келиб қолганман.
- Бу ўйинда ютишнинг ягона йўли – уни ўйнамаслик. Чунки бугун бир марта ўйнаб 100 минг ютқазса ва бу ўйинни қайта ўйнамаслиги ўзининг миллионларини ютганлиги ҳамда қайта ютқазмаслигининг гаровидир.
- Агар ҳаётни узун бир линейкага қиёс қилсак, ёшларга айтардимки, ҳозир неча ёшдасиз, 20 ёшми, балки, 35 яшардирсиз? Яна неча йил умрингиз қолди, кун келиб шу ўтказган умрга ачинмаслик учун ҳозир бу йўлдан қайтинг. Вақтингиз ва пулингизни илм олишга ёки ҳаётий ва ҳалол бизнесга сарф қилинг.
- Хулоса қилиб айтаманки, дунёда ҳеч ким йўқки, конторадан ютиб плюс билан чиққан бўлсин. Унақа одам йўқ. Агар кимдир мен плюсга кирганман, деса унга ишонманг, ёлғон гапиряпти. Контора ҳеч қачон сиз уни ютиб юришингизга қўймайди.
«Реклама тўғрисида»ги қонунга кўра, қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборот тарқатиш тақиқланади. Бундан кўриниб турибдики, нафақат букмекерлик фаолияти билан шуғулланиш, балки уни реклама қилиш ҳам қонунларга зиддир. Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда кўплаб букмекерлик компаниялари фаол реклама қилинмоқда.
Бундан ташқари, Мусулмонлар идораси Фатво бўлимига кўра, бу каби ишларни тарғиб қилаётганларнинг барчаси баробар гуноҳкор ҳисобланади.
“Бу каби ҳаром ишларни тарғиб қилаётганлар: хоҳ ОАВ орқали, хоҳ ижтимоий тармоқлар ёки бошқа усулда бўлсин – барчасининг ҳукми ўша ишни қилаётганлар билан баб-баравар бўлади, улар каби гуноҳкор ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ гуноҳ ва зулм йўлида бир-бирингиз билан ҳамкорлик қилманглар, дея инсонларни ёмонликдан қайтарган. Бу нарсаларни тарғиб қилаётганлар Аллоҳдан қўрқишсин.
Хулоса қилиб айтганда, турли номлар билан букмекерлик компанияларида ишлаётган ёки тотализаторлик билан шуғулланаётган ширкат ёхуд якка шахслар бўлсин, барчасиниг ишлари шаръан ҳаром ҳисобланади, бу орқали топаётган мол-дунёлари ҳаром бўлади. Агар ҳаёти дунёсида бу ишларини тўхтатиб тавба қилмайдиган бўлса, охиратда Аллоҳнинг қаттиқ азобига дучор бўлиши мумкин. Аксинча, Аллоҳнинг йўлида ҳалол касб қилиб тўғри йўлда юрсалар, силайи раҳм қилсалар, Аллоҳнинг раҳматига эришишлари мумкин”, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили.
Нима ҳам дердик, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ҳаётини барбод қилиб, уларни яна ҳам камбағаллик ботқоғига ботираётган бу иллатга рухсат беришдан аввал ҳурматли халқ вакиллари – депутат ва сенаторларимиз ўзи бундай қонунга эҳтиёж бор-йўқлигини яна бир ўйлаб кўришлари керак!
Бундан ташқари осон пул топиш илинжида юрган инсонлар ҳам бу нарсадан пул топишнинг умуман иложи йўқлигини, ютганлар ҳам аслида мағлуб эканлигини тушунишлари лозим.
Фаррух Абсаттаров, Достон Аҳроров, Сарвар Зияев – Kun.uz мухбирлари
Тасвирчилар: Муҳаммаджон Ғаниев, Муҳиддин Қурбонов
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов
Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосаси асосида тайёрланган.
Мавзуга оид
19:21 / 12.06.2023
Тошкент мезбонлик қилаётган футбол мусобақасида қимор ўйинлари ноқонуний реклама қилинмоқда
13:10 / 06.12.2022
Фарғонада профилактика инспектори ўзини отиб қўйди
18:45 / 21.11.2022
Алданиб қолманг: Telegram'да аҳолига пул тарқатилаётгани ҳақида ёлғон хабар айланиб юрибди
17:45 / 11.11.2022