Жаҳон | 22:12 / 04.10.2021
8504
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили озод этилмагунча очликни давом эттиришини айтди

Фото: Sputnik

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ўзи ва унинг шериклари сифатида ҳибсга олинган одамлар озод этилмагунча очликни давом эттиришга қарор қилди. У 1 октябрда ҳибсга олинганидан кейин очлик эълон қилганди. Бу ҳақда Mtavari Arxi телеканали бош директори ва Саакашвилининг адвокати Ника Гварамия маълум қилди.

“Сизга маълум, мен очлик эълон қилдим. Шуни билишингизни истардимки, уни мен ва мени деб ҳибсга олинган одамлар озодликка чиқмагунча давом эттираман. Мен ҳаётни яхши кўраман, бироқ бу очлик ҳаётимнинг охиригача давом этади”, деб Саакашвилининг фуқароларга йўллаган ёзма мурожаатини ўқиб берган Гварамия. У 4 октябрда Рустави шаҳридаги турмада сақланаётган собиқ президент билан учрашишга муваффақ бўлган.

Гварамиянинг айтишича, Саакашвили очлик натижасида комага тушса, турма шифокорларига уни ҳушига келтиришни тақиқлаб қўйган.

“Мен ўз оилам ва яқинларимни хафа қилмоқчи эмасман, бироқ шифокорларнинг ҳушимни йўқотгудек бўлсам, тиббий аралашув борасидаги таклифларидан бош тортдим”, деб қўшимча қилган собиқ президент.

Бу орада Грузия бош прокуратураси Саакашвили мамлакат чегарасини аввал тахмин қилингандек 1 октябрда эмас, балки 29 сентябрда кесиб ўтганини маълум қилди. Шундан кейин унга 2 фуқаро Земо Сванети қишлоғига етиб олишида кўмак берган.

Бу ҳолат юзасидан 1960 ва 1984 йилларда туғилган ота-бола Цоцориялар ҳибсга олинган. Улар Грузия ғарбида жойлашган Поти шаҳри порти ходимлари ҳисобланади. Аввалроқ Саакашвилининг Грузияга келиши юзасидан яна бир киши - Элгужа Цомая ҳибсга олинганди. Таъкидланишича, собиқ президент айнан Цомаянинг юк машинасида Грузияга келган. Цомая, шунингдек, Саакашвилига ўз уйини бериб турган.

Мавзуга оид