Ўзбекистон | 15:11 / 04.10.2021
5314
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда туман ҳокими қарори билан 828 туп дарахт кесишга рухсат берилган

Сирдарё вилояти Боёвут туман ҳокимининг қарори билан туман ҳудудидан ўтган 4-R-30 автомобил йўлининг ўнг ва чап қисмида жойлашган 8 турдаги 828 туп манзарали дарахтларни кесишга рухсат берилган.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Ҳоким қарорида “SIRDARYO YOʻL KOʻKLAM” МЧЖнинг туман Давлат хизматлари маркази орқали берган аризаси ва Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2021 йил 3 июндаги хати асосида дарахтларни кесишга рухсат берилгани қайд этилган.

Шунингдек, қарорда дарахтларнинг кесилиши “SIRDARYO YOʻL KOʻKLAM” МЧЖ томонидан туман Ободонлаштириш бошқармаси билан биргаликда амалга оширилиши ҳамда “SIRDARYO YOʻL KOʻKLAM” МЧЖга ҳар бир кесилган дарахт ўрнига 10 туп дарахт экиш мажбурияти юклатилгани белгиланган.

Kun.uz дарахт кесилиши бўйича Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан берилган хат, шунингдек ҳолат бўйича изоҳ олиш учун Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот котиби Озод Ражабов билан боғланди. Қўмита матбуот котиби дарахтларнинг ҳолати ва ҳоким қарорининг қанчалик асосли чиқарилганини аниқлаш мақсадида Боёвут туманига махсус ишчи гуруҳ жўнатилганини, ўрганиш натижалари бўйича батафсил маълумот берилишини маълум қилди.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарорига асосан қуриган дарахтлар ва буталарни кесиш Давлат экология қўмитаси органларининг хулосаси асосида амалга оширилади.

Мавзуга оид