Мақсуда Ворисова: “Ҳар бир ўзбекистонлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратиш асосий вазифамиздир”
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Наманган вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастури юзасидан маъруза қилиб, ундаги устувор йўналишлар билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди.
Ўзбекистонда ижтимоий демократик давлат қуришни асосий мақсад сифатида белгилаб олган Халқ демократик партиясидан номзоднинг сайловолди дастури мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган энг муҳим 9 та устувор йўналишни қамраб олган. Ундаги мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши биринчидан, аҳоли кенг қатламлари фаровонлиги таъминланишини назарда тутади. Ҳар бир оила ўзининг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириши, замонавий таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун етадиган даромад манбаига эга бўлади.
Иккинчидан, барча соҳаларда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликни қарор топтириш, жамият аъзоларининг ўз ҳуқуқларини амалга оширишлари учун уларга тенг имкониятлар яратилиши кўзда тутилган.
Учинчидан, фуқароларнинг демократик институтлар орқали аҳолининг ижтимоий кайфиятига, зарур ҳаётий эҳтиёжларини амалга оширишга таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, жамиятда жамоатчилик экспертизаси ва муҳокамаларида кенг иштирок этишини таъминлашга қаратилган демократик асослар яратилади.
– Партия билан биргаликда Президент сайлови компаниясида “Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи”, деган бош шиор остида ғалаба учун курашамиз. Бу борада аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритишни биринчи йўналиш сифатида белгилаб олганмиз.
Қатъий ишонч билан айтаманки, ҳар бир ўзбекистонлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратиш асосий вазифамиз бўлиб қолаверади. Оилалар фаровонлигининг ўсишини, болалар учун бахтли болаликни, ёш авлоднинг ишончли келажагини ва қарияларга ғамхўрлик қилишни таъминлаш борасидаги таклифларни илгари суряпмиз, – деди Мақсуда Ворисова сайловчилар ҳузурида қилган чиқишида.
Номзоднинг дастуридан келгуси 5 йилликда камбағал аҳоли қатламлари улушини камида 2 баробар қисқартириш, 2030 йилга қадар фуқароларнинг ўта камбағал ҳолатда кун кечиришига барҳам бериш, ўрта муддатли истиқболда иш ҳақи даражаси яшаш минимумидан камида 1,5 баробар оширишни асосий вазифалари жой олиб, бу борада аниқ чоралар кўрилиши баён қилинган.
Шунингдек, Мақсуда Ворисова аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кенгайтириш, мамлакатда замонавий инновацион технологиялар асосида қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун арзон уй-жой қуришга имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини такомиллаштириш масалалари режалаштирилаётганини маълум қилди.
Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан президентликка номзодга мурожаат қилишди, Наманган вилоятини янада ривожлантириш борасида ўз таклифларини билдиришди.
Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб, барчани сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилишди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
18:01 / 09.12.2021
ХДП фаоллари ва депутатлари кўчат экиш акциясида иштирок этишди
21:51 / 25.10.2021
Мақсуда Ворисова 1991 йилдан кейинги сайловларда 2-ўринни олган номзодлар ичида энг кўп овоз олди
11:38 / 24.10.2021
Ўзбекистонда сайлов. Номзодлар, ҳокимлар ва бошқа машҳурлар овоз бермоқда
21:00 / 22.10.2021