Жамият | 15:12 / 06.10.2021
14522
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 200 млн сўмдан ортиқ қалбаки пулларни муомалага чиқариб юборган шахслар ҳибсга олинди

Тошкент вилоятида қалбаки 100 минг сўмлик купюрадан иборат жами 50 млн сўмни 5 млн сўмга сотаётганлар қўлга олинди. Улар бунга қадар жами 210 млн сўм миқдоридаги қалбаки 100 минг сўмлик купюраларни муомалага чиқариб юборишгани аниқланди.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда пулларни қалбакилаштириш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ДХХ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Олмалиқ шаҳрида яшовчи, 33 ёшли фуқаро С.Ш. қалбаки 100 минг сўмлик купюрадан иборат жами 50 миллион сўмни 5 миллион сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, унинг яшаш манзилида 2 миллион 600 минг сўм миқдоридаги қалбаки 100 минг сўмлик купюралар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу қалбаки пуллар Олмалиқ шаҳрида яшовчи, 22 ёшли  У.М. ва Пскент туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли М.С. томонидан компьютер ва рангли принтер ёрдамида тайёрлангани аниқланиб, улар ҳам ҳибсга олинган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Шунингдек, ушлангунга қадар улар жами 210 миллион сўм миқдоридаги қалбаки 100 минг сўмлик купюраларни муомалага чиқариб юборгани аниқланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид