Чиқинди урналари ва контейнерлари етишмаслиги — муаммонинг сабаб ва ечимлари ҳақида Экология қўмитаси расмийси билан суҳбат
8 октябрь куни АОКА мажлислар залида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «Ўзбекистонда қаттиқ ва маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш» мавзусида матбуот анжумани ташкил қилди.
Kun.uz мухбири тадбир якунида қўмита бошқарма бошлиғи Умаржон Абдуллаев билан интервью уюштирди ва мавзу юзасидан қатор саволларга жавоб олди.
— Чиқинди ташлаш учун урналар етишмаслиги бугун Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларида оғир муаммо. Бу ўз ўрнида турли экологик муаммолар ва касалликлар кўпайишига сабаб бўлади. Бу шунингдек, ҳудудлар аҳолисининг яшаши, маданий ҳордиқ чиқаришига халақит бериб, инсон таъбини ҳам хира қилади.
Муаммонинг сабаблари қаерда?
— Чиқинди ташлаш идишлари икки турга бўлинади. Бу – урналар ва контейнерлар. Контейнерлар – бу чиқинди йиғиш учун мўлжалланган 600-700-1100 литрли идишлардир. Улар чиқинди йиғиш жойларида қўйилади.
Урналар эса кичик ҳажмдаги чиқинди йиғиш идишлари.
Ҳозир Тошкент шаҳридаги 500 дан ортиқ чиқинди йиғиш майдонларида 4-5 тадан контейнерлар ўрнатилган, лекин вилоятларда бу сон етарли эмас. Вилоятларда чиқинди йиғиш марказлари ва контейнерларни ўрнатиш талаб этилади. Ҳисобимиз бўйича бу йил давлат бюджетидан 980 та контейнер харид қилишимиз керак.
Бу масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Масалан, бюджет ташкилотларининг чиқиндиларини санитар ташкилотлар олиб чиқиб кетади. Лекин айрим ташкилотлар: боғча, мактаб, шифохоналарда чиқинди контейнерлари етишмайди ва чиқинди ерга тўпланади.
Бу жараёнда санитар корхоналар ҳам катта қийинчиликка дуч келади, чунки ерда тўпланган чиқиндини йиғиб олишга ҳам камида 1-2 соат вақт кетади. Контейнердаги чиқиндини олиб кетиш эса 5-10 дақиқа вақтни олади.
Бу масала яқинда президент ўтказган йиғилишда ҳам кўтарилди ва вазирликларга топшириқ берилдики, унга кўра, ижтимоий объектлар чиқинди контейнерларини етарли даражада ўрнатиши керак.
— Ташкилотлар ўрнатмаса-чи? Уларга қандай чоралар белгиланган?
— Улар ўрнатмаса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддасига мувофиқ жазо чоралари кўзда тутилган. Унга кўра, юридик ташкилотлар дастлаб огоҳлантирилади, агар огоҳлантиришдан кейин ҳам белгиланган муддатда контейнерлар ўрнатилмаса, у жазоланади.
2021-22 йилдан барча вазирликларга ўз тизимидаги ташкилотларга чиқинди контейнерлари олиш учун етарли маблағ ажратиш топшириғи берилган.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси республикада ташкилот ва идоралар учун етишмайдиган чиқинди контейнерлари сонини ҳисоблаб чиққан. Унга кўра, бизга 15 мингта ана шундай контейнерлар керак бўлади. Бу фақат ижтимоий объектлар учун.
— Жамоат жойлари, кўча ва истироҳат боғларида чиқинди урналари ўрнатиш масаласи-чи?
— Чиқинди урналари ўрнатиш талаби кимларга қўйилган? Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ҳар бир ҳудудда жойлашган ташкилотга санитар тозалаш хизматларини ўз вақтида амалга ошириш мажбурияти билан урналар ўрнатиш вазифаси юклатилган. Масалан, бозорлар ҳудудига бозорлар маъмурияти, кўп қаватли уйлар ҳудудига уларга хизмат кўрсатувчилар, марказий йўлларга эса шу йўлларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар чиқинди урналари ўртнатиши керак. Ташкилотлар ўз ҳудудини тоза сақлаш мажбуриятини ҳам олган.
Ҳозир энг катта муаммо ҳудуд эгалари томонидан ўзига тегишли ҳудудга чиқинди урналари ўрнатмаётгани-да. Бунга сабаб эса уларда шартномавий мажбуриятлар йўқлиги. Яъни улар ҳали шартнома тузмаган бўлиб чиқади.
— Ташкилот шартнома тузмас экан, уни қонунчилик билан бунга мажбурлаш керак.
— Бу бўйича Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси меъёрий ҳужжат ишлаб чиқяпти. Бу тартиб асосида ташкилотлар санитар корхоналари билан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича юридик шартнома тузиши керак бўлади. Улар шартнома тузмаса, жавобгарликка ҳам тортилади. Бу ҳужжат яқин орада Олий Мажлисга киритилади.
— Бу соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ҳам ишланяптими?
— Бизда бу йўналишда Осиё тараққиёт банки лойиҳаси бор. Лойиҳага асосан, республика бўйича 6 мингта 1150 литрли чиқинди контейнерларини 2021-22 йилларда харид қилишимиз керак.
— Бу ҳозирги вақтдаги етишмовчиликнинг қанча қисмини қоплайди?
— 50-60 фоизини. Бундан ташқари, бизда бюджет маблағлари ҳисобилан йиллик дастурлар бор. Унга кўра, бу йил 980 та шундай чиқинди контейнерлари ўрнатишимиз керак.
Бу албатта узлуксиз бўладиган ишлар, чунки бир чиқинди контейнери ҳам 2-3 йилда ўз муддатини ўтаб бўлади. Масалан, Осиё тараққиёт банкининг Тошкент лойиҳаси доирасида 2018 йилда 7 мингдан ортиқ чиқинди контейнерлари харид қилиниб, улар Тошкент шаҳрининг 11та тумани ва Чиноз шаҳрида ўрнатилган. Бу орқали Тошкент шаҳри бўйича талаб 100 фоизга қондирилган.
Чиқинди урналари эса ўша ҳудуд эгаларининг мажбуриятига киради. Бирор банк ёки лойиҳа маблағи билан чиқинди контейнери ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки инвесторлар ҳам бирор соҳага маълумот киритаётганда ўз маблағини қайтариб олишни режалаштиради.
— Одамларнинг чиқиндиларни тўғри келган жойга ташлаб кетавермаслиги ва умуман, экологик маданиятини ошириш борасида қўмитадан кўпда креатив, янгича лойиҳалар кўравермаймиз...
— Тўғри. Бунда мажбурлов чоралар билан бирга аҳолига қулайлик масаласи ҳам бўлиши керак. Уларга енгиллик яратиб, онгини шу соҳадаги билимлар билан тўлдиришимиз керак.
— Масалан, чиқиндини тур-турига қараб саралаб келганларни чиқинди бўйича тўловлардан озод қилиш ёки енгилликлар бериш каби.
— Ҳа, бу каби лойиҳа Тошкент шаҳрида амалга ошириляпти. Масалан, чиқиндини саралаб йиғиш тизимини жорий қилган хонадонларда чиқиндига тўланадиган маблағлар қисқартириляпти.
Шунингдек, ҳозирда «Экосан» ташкилоти билан бирга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида аҳолида чиқиндини саралаб чиқариш маданиятини ошириш мақсадида йирик бир лойиҳа кўзда тутилмоқда.
Аҳоли бу билан қўшимча даромадга ҳам эга бўлиши мумкин. Лойиҳа синовдан муваффақиятли ўтса, бошқа ҳудудларга ҳам тарғиб этилади.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.
Мавзуга оид
18:14 / 10.06.2024
Индонезияда беш метрлик бўғма илон аёлни бутунлай ютиб юборди
22:50 / 31.05.2024
600 мингдан ортиқ кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган — Сенат
11:05 / 30.05.2024
Экологик вазиятни баҳолаш учун ягона мониторинг тизими ишга туширилади
20:14 / 29.05.2024