Ўзбекистон | 14:09 / 12.10.2021
1871
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда жорий йилнинг 9 ойида коррупцияга оид жиноятлар сони ўсган

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Сирдарё вилоятида жорий йилнинг 9 ойида 225 та (2020 йилда 176 та) турли тоифадаги мансабдор шахслар ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Коррупция билан боғлиқ жиноятлар асосан соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта-махсус таълим, халқ таълими ҳамда мактабгача таълим тизимида кузатилган. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги маълум қилди.

2021 йил 11 октябр куни Сирдарё вилояти ҳокимлигида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзолари, ОАВ вакиллари, шунингдек, Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Наримон Умаров, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари – Коррупцияга қарши курашиш тизимини таҳлил ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи Талъатжон Ҳайдаров ҳамда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов иштирок этди.

Сирдарё вилоятида жорий йилнинг 9 ойида 225 та (2020 йилда 176 та) турли тоифадаги мансабдор шахслар ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур кўрсаткич ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, Гулистон шаҳрида 72 та, Гулистон туманида 21 та, Мирзаобод туманида 13 та, Боёвут туманида 22 та, Сирдарё туманида 18 та, Сайхунобод туманида 16 та, Оқолтин туманида 13 та, Ховос туманида 17 та, Сардоба туманида 11 та, Янгиер шаҳрида 15 та ва Ширин шаҳрида 7 та коррупция билан боғлиқ жиноят содир этилган.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор ва бошқа шахсларнинг асосий қисми, яъни 185 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 47 нафари фирибгарлик, 2 нафари нодавлат ташкилотида ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш, 5 нафари мансабини суиистеъмол қилиш ва бошқалардан иборат.

Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 26,6 млрд сўм моддий зарар етказилгани аниқланган бўлиб, мазкур тоифадаги жиноят ишларининг тергови жараёнида 22,1 млрд сўми ёки 83 фоизи ундирилган.

Бундай жиноятлар кўпроқ ижтимоий соҳаларда содир этилмоқда. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида 15 та, мактабгача таълим 4 та, халқ таълими 9 та, олий ва ўрта махсус таълимда 4 та жиноят ишлари қўзғатилиб, 44 нафар шахс жавобгарликка тортилган, жиноят оқибатида 6 млрд сўмга яқин бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Йиғилиш якунида Сирдарё вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг Низоми ва 2021 йил октябр-декабр ойлари учун мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

Мавзуга оид