Жамият | 20:06 / 12.10.2021
32281
2 дақиқада ўқилади

«Заковат» брейн-ринг: президент кўз олдида ўтган финалда Хоразм республика чемпиони бўлди

Бухоро вилояти Ромитан туманида жойлашган «Bukhara Desert Oasis» экотуризм марказида «Заковат» брейн-ринг интеллектуал ўйини республика босқичининг гранд финал ўйини ўтказилди. Барча рақибларини мағлуб этиб финалгача етиб келган Хоразм ва Навоий жамоалари ҳал қилувчи ўйинда куч синашди. Мусобақа давомида асосий фаворит Тошкент жамоасини енгган тажрибали Хоразм жамоаси ғалаба қозонди.

Финал ўйини икки раунддан иборат бўлди. Ҳар икки раундда билимдонларга 10 тадан савол берилди. Биринчи раундда Хоразм 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи раундда ҳам ҳисоб Хоразм фойдасига 5:1 бўлди. Шу тариқа Хоразм ишончли тарзда ғалаба қозонди.

Хоразм жамоасининг ҳар бир аъзоси биттадан Chevrolet Gentra автомобили билан тақдирланадиган бўлди. Финал ўйинида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди.

Фото: «Заковат» клуби
Клуб ҳомийси Комил Алламжонов чемпион "Хоразм" жамоаси аъзолари билан
Фото: Комил Алламжонов
Фото: «Заковат» клуби

«Заковат» брейн-ринг интеллектуал ўйини республика босқичига барча вилоятларнинг 13 чемпиони ва энг яхши иккинчи ўринни қўлга киритган 3 жамоа етиб келганди. 16 жамоа қуръа ёрдамида плей-офф жуфтликларига ажратилди. Енгилган жамоалар мусобақани тарк этаверди ва шу тариқа энг сара икки жамоа финалга чиқди.

Олдинроқ ўз вилоятидаги ҳудудий мусобақада ғолиб бўлган 13 жамоа 100 миллион сўмдан мукофот пулини қўлга киритганди. Барча вилоятларда иккинчи ўринни қўлга киритганлар 20 миллион сўм, учинчи ўрин соҳиблари 10 миллиондан мукофот олишди.

Фото: «Заковат» клуби

Мавзуга оид