Танқидга муносабат: Термиздаги маҳаллани 2022 йилда «Обод маҳалла» дастурига киритиш таклифи берилгани маълум қилинди
Бугун, 2021 йил 13 октябрь куни Сурхондарё | Kun.uz телеграм каналига Термиз туманида жойлашган Бунёдкор маҳалласидаги йўл, электр ва газ билан боғлиқ муаммолар ҳақида аҳоли томонидан юборилган танқидий мурожаат жойланди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра, юқори ташкилотларга мазкур маҳаллани 2022 йилда «Обод маҳалла» дастурига киритиш таклифи берилган.
Муносабатда маълум қилинишича, 2018-2019 йилларда Термиз шаҳридаги айрим маҳаллаларда яшовчи, уй-жойлари бузилишга тушган оилаларга уй-жой қуриш учун Термиз тумани Нурафшон маҳалласи ҳудудидан ер майдони ажратиб берилган. Сўнг аҳоли сони ортиб кетгани ҳисобга олиниб, 2020 йил 15 июнда Нурафшон маҳалласи иккига бўлинган ва янги Бунёдкор маҳалласи ташкил этилган. Ҳозирги кунда Бунёдкор маҳалласида 525 та хонадон, 726 та оила, 2555 нафар фуқаро яшайди.
Қайд этилишича, жорий йил 5 октябр куни ижтимоий тармоқларда Бунёдкор маҳалласидаги муаммолар юзасидан видеолавҳа тарқалган. Шундан сўнг, туман ҳокимлиги ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан Бунёдкор маҳалласидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти ҳамда ички йўлларни таъмирлаш борасида ишлар бошлаб юборилган.
Жумладан, Бунёдкор маҳалласида 2018-2021 йилларда аҳоли янги уй-жойлар қуриб, кўчиб келган кўчаларга босқичма-босқич жами 26,2 километр тупроқ йўлларга шағал ётқизиб таъмирланган. Ҳозирда таъмирланмаган ички йўллардаги мавжуд барханлар текисланиб, қум уюмлари ва чиқиндилардан тозалаш ишлари олиб борилиб, йўллар таъмирлашга тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида 2018-2021 йиллар давомида аҳолини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 5 та трансформатор пунктлари янгидан қурилиб, жами 13,7 километр электр узатиш тармоқлари тортилган ва бетон устунлар ўрнатилган. Туман электр тармоқлари корхонасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурига асосан 2022 йилда Бунёдкор маҳалласида 1 дона трансформатор пункти қуриш ва 5,5 километр янги ҳаво электр узатиш тармоғи қуриш режалаштирилган.
Шунингдек, электр таъминотини яхшилаш мақсадида ҳозирги кунгача 33 дона бетон устун ўрнатилиб, тармоқ тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Мурожаатда кўрсатилган синган бетон устунлар янгисига алмаштирилган ва ерда ётган электр симлари йиғиштириб олиниб, бир ҳафта муддатда бетон устунларга тортиш ишлари якунига етказилади.
Муносабатда Бунёдкор маҳалласи аҳолиси газ баллонлари билан таъминлангани ва суюлтирилган газ баллонлари ўз вақтида етказилаётгани, шунингдек, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминлангани маълум қилинган. Қолган қисмида «Сувоқова бунёдкори» ШК томонидан асосий тармоққа улаш ва монтаж ишлари олиб борилмоқда ва бир ҳафта муддатда ичимлик сув етказиб берилади.
Муносабатда таъкидланишича, янги аҳоли пункти бўлгани учун Бунёдкор маҳалласини 2022 йилга мўлжалланган «Обод қишлоқ» дастурига киритиш бўйича юқори ташкилотларга таклиф киритилган.
Мавзуга оид
09:16 / 29.09.2024
Термизда ёпиқ темирйўл кесишмасидан ўтмоқчи бўлган Газел поезд тагида қолди
15:06 / 23.06.2024
Сурхондарёда йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, инсон ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи бор-йўғи 1,5 йилга қамалди
17:23 / 09.08.2023
Сурхондарёда «Фарғона азот»га қарашли омборхонада ёнғин чиқди
12:19 / 25.01.2023