«Бу – абсурд». Алишер Қодировдан кун мавзусига айланган таклиф ва мутахассислардан муносабат
“Нима учун бизда мигрантлар хорижда ишлаб, топган даромади учун солиқ тўламаслиги керак?” деди “Миллий тикланиш” партиясидан президентликка номзод. Таклиф жамоатчилик фаолларида эътироз уйғотди.
Хорижда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантлар ватанига юборган маблағларни солиққа тортиш керак, деган таклифни илгари сурди Ўзбекистон президентлигига номзод Алишер Қодиров.
«Мамлакат ривожланишида солиқларнинг ўрни жуда юқори. Нима учун бизда мигрантлар хорижда ишлаб, топган даромади учун солиқ тўламаслиги керак? Ўзбекистон тақдири учун, келинглар, солиқ тўлайлик.
Биз ҳозир фақат мигрантлар ишлаётган жойидан оиласига жўнатган пулини ҳисоб-китоб қиляпмиз. Тўғри, бу ҳам яхши, пул келяпти. Буниям тан олишимиз керак, лекин у сизни оилангизга жўнатилган пул. У билан солиқ тўланаётгани йўқ, у мамлакат тараққиёти учун ишлатилмаяпти.
Шунинг учун мен таклиф қилган бўлардимки, келинглар, янаям ватанпарварроқ бўлайлик, мигрантлар ҳам ўз солиғини мамлакат тараққиётига тўласин», – деди «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Андижондаги сайловчилар билан учрашувда.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари президентликка номзоднинг таклифини кулги ва истеҳзо билан қабул қилмоқда. Улар орасида «Президентликка номзод бу баёноти билан ўзини-ўзи ўйиндан чиқарди», деётганлар ҳам бор.
«Мигрант ким? Юртида иш тополмай, бола-чақа, оиласини ташлаб ўзга давлатларга иш излаб кетган киши. Агар Ўзбекистонда қонуний иш ўринлари бўлганда эди, у шу ерда солиғини тўлаб ишлайверарди. Сиз аввал Ўзбекистонда иш ўрни яратиб қўйинг-да, кейин солиқ сўранг», – мазмунида фикр билдиради мулоқот тармоғининг яна қатор фойдаланувчилари.
Kun.uz мухбири мавзу юзасидан мутахассислар билан боғланди ва Қодировнинг баёноти бўйича фикрларини сўради.
«Бу қип-қизил абсурд» — Отабек Бакиров, иқтисодчи
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, партия етакчисининг бу таклифи шунчаки абсурддир.
Абсурд – жиддий қаралмайдиган, мантиқсиз, асоссиз ёки ақлсиз бир нарса ёки ҳолат. Кенг маънода абсурд тутуриқсизлик ва сафсата атамаларининг синоними сифатида ишлатилиши мумкин.
«Биринчидан, трансфертлар (мигрантларнинг пул ўтказмалари – трансфертлардир) тўғридан-тўғри солиққа тортилмайди, трансфертларнинг солиққа тортилиши улар ҳажмининг каррасига камайишига олиб келади. Бу – умум қабул қилинган практика. Чунки трансфертлардан эҳтимолий йиғиладиган солиқдан кўра йўқотишлар бир неча баробар юқори бўлиши шундай практикани шакллантирган.
Иккинчидан, мигрантларнинг пул ўтказмалари ҳисобига шаклланаётган даромадларни ўзлаштирувчилар – билвосита солиқ тўловчилардир. Ўзбекистон солиқ юкининг мутлақ кўп қисмини эгри солиқлар, яъни истеъмолчилар тўлайдиган солиқлар ташкил этади. Маълумот учун, 2021 йил бюджетида эгри солиқлардан тушумлар (ҚҚС, акциз ва божлар) жами тушумларнинг 50 фоиздан зиёдини ташкил этади. Жаноб Қодиров ҳам овоз берган шу бюджетга. Хориждан юборилган ўтказма ҳисобига Ўзбекистонда озиқ-овқат, кийим-кечакми ё хизматми сотиб олинганда, табиийки, қиймат ичида солиқлар ўтиради ва демак солиқ ушланади. Ҳар йили соф ўтказмаларни 7 млрд доллар атрофида баҳоласак, шу ўтказмаларнинг ўртача 2-2,5 млрд доллари турли каналлар орқали бюджетга келиб тушади.
Учинчидан ва энг асосийси, айрим «ғор даври ватанпарварлиги»ни ўзига шиор қилган номзодлардан янграётган мана шунақа баёнотлар уларнинг асосланган иқтисодий дастури мавжудлиги тугул, базавий иқтисодий тушунчалардан ҳам йироқлигини, молиявий саводхонлиги ҳаминқадар эканини кўрсатади», – дея баёнотга ўз муносабатини билдирди иқтисодчи.
«Қодировнинг таклифи – фуқарони уч карра солиққа тортиш дегани» — Зарнигор Омонуллаева, мигрантлар масаласи бўйича юрист
Москвада фаолият олиб бораётган юрист Зарнигор Омонуллаева фикрича, ўзбекистонлик мигрантлар юбормаларини солиққа тортиш уларни бир иш учун уч бор солиққа тортиш бўлади.
«Бу ерда бир нарсани унутмаслик керак, бугун Россия Федерациясида юрган мигрантлар шусиз ҳам солиқ тўлайди, тўлаганда ҳам икки карра. Биринчи солиқ – иш берувчи ўзбекистонлик мигрантни ишга олганда, ҳар бир Россия фуқароси тўлайдиган солиқ. Бунда мигрантнинг ойлигидан айни шу солиқ учун тахминан 40 фоиз ушлаб қолинади.
Иккинчи солиқ эса мигрантнинг ўзи патент расмийлаштириб, унга ҳар ой тўлайдиган солиқ. Бу икки солиқни бекор қилишнинг умуман иложи йўқ.
Бу борада турли давлатларда фуқароларнинг иккиёқлама солиқ тўлашига йўл қўймаслик учун ўзаро шартномалар амал қилади.
Алишер Қодировнинг таклифи эса мигрантларга учинчи бор солиқ солиш дегани. Мигрантлар шусиз ҳам баланд солиқлардан орттириб, Ўзбекистонга 300-400 доллар юбормоқда. Энди шундан ҳам солиқ олишни тасаввур қилинг. Бу ақлга сиғмайди ахир.
Ҳа, мигрантлар тўғридан тўғри Ўзбекистонга солиқ тўламайди, лекин уларнинг юбормалари шу мамлакатнинг ЯИМ ҳажмига фойда келтиряпти-ку.
Яна бир фикр. Мигрантлар Ўзбекистонга юбораётган пул маблағларига олинган маҳсулотларга ҳам барибир солиқ тўланади. Масалан, автомобил сотиб олиш ёки бошқа маҳсулотларга солинадиган ҚҚСни тўлаш билан.
Негадир, Ўзбекистонда мигрантларнинг миллий иқтисодиёт учун келтирадиган фойдаси кам гапирилади, худди Россияда бўлгани каби», – дейди юрист.
Омонуллаеванинг хулоса қилишича, яхши ҳаётдан ҳеч ким мигрант сифатида хорижга ишлаш учун кетмайди. Давлат ёрдамисиз, ҳуқуқий ҳимоясиз хорижда ишлаётган ва пул топаётган фуқаролардан эса бир иш учун уч марта солиқ олиш бу камида нотўғридир.
«Қодировга ўхшаганлар эса депутат сифатида фуқароларга яратиши керак бўлган шароитларни кўпроқ ўйлаши керак. Хўш, депутатлар ўз вазифаларини тўла бажаряптими?» – дея савол қўяди Зарнигор Омонуллаева.
Халқаро шартномага кўра...
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасида 1994 йил 2 мартда имзоланган «Даромаддан ва мулкдан олинадиган солиқларнинг иккиёқлама қўлланишига йўл қўймаслик тўғрисида» битим имзоланган.
Битимда Ўзбекистонда Ўзбекистон фуқаролари, ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи, Россияда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи иккиёқлама қўлланишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Жумладан, битимнинг 23-моддасига кўра, аҳдлашаётган давлатлардан бирининг резиденти ушбу битим қоидаларига мувофиқ бошқа аҳдлашаётган давлатда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад олса, у ҳолда бу даромадлар суммаси биринчи эслатиб ўтилган давлатдаги даромад муносабати билан бундай шахсдан ундириладиган солиқ чегириб ташланиши мумкин.
Ваҳоланки, бундай чегириш ушбу биринчи давлатнинг солиқ қонунлари ва қоидаларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган даромад суммасидан ошмаслиги керак.
Номзоднинг баҳсли таклифи юзасидан қўшимча изоҳ олиш учун партия расмийлари билан боғланишнинг имкони бўлмади. Kun.uz бу борада президентликка номзоднинг қўшимча изоҳларини тақдим этишга тайёрлигини билдиради.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
20:22 / 30.08.2024
“Бюджет халқники, унинг ҳисобини сўрайвериш керак” — фаоллар билан суҳбат
16:23 / 29.08.2024
“Болалар 7-синфдан кейин қобилиятидан келиб чиқиб ўқитилиши керак” – Алишер Қодиров
16:19 / 20.08.2024