ОАВ Ўзбекистонда Америка базаси жойлаштирилиши бўйича музокара ўтказилиши ҳақида ёзди. Ўзбекистонга бундай таклиф келиб тушмаган
Октябрь ойида Пентагон расмийларининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда ва учрашувларда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади. Америка нашрида Ўзбекистон ҳудудида АҚШ терроризмга қарши курашиш кучлари жойлаштирилиши юзасидан музокаралар ўтказилиши ҳақида ёзилди. Ўзбекистон томони бундай маълумотларни рад этди.
АҚШ расмийлари Ўзбекистонни мамлакат минтақавий манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам берадиган ягона мамлакат деб ҳисоблашмоқда. Politico нашри Вашингтон ва Тошкент ўртасида яқинроқ алоқалар ўрнатиш борасидаги ишлар анча чуқурлашгани ва АҚШ парламентида Ўзбекистоннинг дўстлари ортиб бораётгани ҳақда хабар берди.
Маълум қилинишича, октябрь ойи давомида Пентагон расмийларининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда ва хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинади. Ташриф давомидаги асосий масала АҚШнинг терроризмга қарши кураш кучларини «уфқда» жойлаштириш имкониятларини муҳокама қилиш бўлади. Бу АҚШ ҳарбийларига Афғонистондаги нишонларни кузатишни осонлаштириш ва мўлжалларга зарба беришини енгиллаштириш имкониятларини яратади.
Қайд этилишича, Байден маъмурияти Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегарадош бошқа давлатлар билан бир неча ойдан бери музокаралар олиб бормоқда. АҚШ расмийларининг маълум қилишича, Афғонистондан мамлакат ҳарбийлари чиқиб кетгач, Қўшма Штатлар ташқи сиёсатида Ўзбекистон муҳим рол ўйнай бошлаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистон билан ўзаро чегарадош мамлакат экани сабаб қочқинлар масалалари ва Америка қўшинларини қабул қилиш борасида муҳим аҳамият касб этиши ва музокаралар учун очиқ мамлакат эканига ишонишмоқда. Улар Ўзбекистонни АҚШнинг минтақавий манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам берадиган ягона мамлакат деб билишмоқда.
Бунга сўнгги пайтларда АҚШ конгресси ва бошқа идоралари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифлари фаоллашгани мисол сифатида келтирилган.
АҚШ Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси аъзоси Август Плфюгер сўзларига кўра, потенциал террорчилар билан географик яқин дўст мамлакатнинг бўлиши тактик ва стратегик жиҳатдан муҳимдир.
Иккала мамлакат ўртасида алоқаларнинг ривожланишида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳам эътироф этилган.
Вакиллар палатаси аъзоси Дон Бэкон Ўзбекистоннинг Вашингтондаги ваколатхонасини «мен кўрган энг фаол элчихоналардан бири» дея таърифлаган. The Humpty Dumpty Institute директори Жозеф Мерант эса «Ўзбекистон элчихонаси биз ишлаган энг профессионал ва фаол элчихоналардан бири» дея эътироф этган.
Нашр бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётгани, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири аллақачон АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашувлар ўтказгани ҳақида ёзган.
Дон Бэкон АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо тўсиқларини олиб ташлашга ҳаракат қилишини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун Небраскада Ўзбекистон делегациясини қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилган. Бундан ташқари, у Небраска ва Ўзбекистон шаҳарларидан бири ўртасида биродар-шаҳар муносабатларини ўрнатишга умид қилаётганини айтиб ўтган.
Август Плфюгер эса АҚШ Ўзбекистонга сув танқислиги муаммосини ечишда кўмаклашиши мумкинлигини, Ғарбий Техас бу муаммони ҳал қилишда катта тажрибага эгалигини таъкидлаган.
Ушбу масалалар бўйича изоҳ олиш мақсадида нашр томонидан берилган саволларга Ўзбекистон элчихонаси жавоб бермагани қайд этилган.
Ўзбекистон томони нима дейди?
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштириш муҳокама қилинмаётганини маълум қилган.
«Ўзбекистонда АҚШнинг терроризмга қарши курашиш бўйича қуролли кучларини жойлаштириш имконияти кун тартибида йўқ ва муҳокама қилинмаяпти», деган вазир журналистлар саволига жавобан Минскда бўлиб ўтаётган МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилиши вақтида.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, АҚШнинг аксилтеррор бўлинмаларини Ўзбекистонга жойлаштириш бўйича ҳеч қандай таклиф келиб тушмаган ва бу масала айни пайтда кўриб чиқилмаяпти.
Маълумот учун, АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистондаги ҳарбий операцияларни амалга оширишда 2001–2014 йилларда Қирғизистоннинг «Манас» аэропортидан ҳамда 2001–2005 йиллар мобайнида Ўзбекистоннинг «Қарши-Хонобод» ҳарбий базасидан фойдаланган.
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясига кўра, мамлакат ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга, Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи ягона темир йўли Ўзбекистон билан боғлангани унинг Марказий Осиё хавфсизлик масалаларида етакчи ўрин ва ролни бажаришини табиий равишда кафолатлаши мумкин.
Мавзуга оид
09:00 / 30.10.2024
Пентагон: КХДРнинг оз сонли аскарлари - РФнинг Курск областида
13:10 / 25.10.2024
Пентагон раҳбари Ливан ҳарбийларига қилинган ҳужумдан хавотир билдирди
09:01 / 22.10.2024
Пентагон раҳбари Украинага етиб келди
14:41 / 19.10.2024