Ўзбекистон | 18:31 / 15.10.2021
9141
2 дақиқада ўқилади

БМТнинг Афғонистон учун ёрдам юки ортилган илк самолёт Ўзбекистонга келиб қўнди

Дастлабки юкнинг умумий ҳажми 32 тонна бўлиб, улар асосан энг биринчи зарурият ашёларидан иборат.

Фото: Twitter / UNHCR Central Asia

БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари (ҚИОК) бошқармасининг Афғонистон халқи учун инсонпарварлик юклари ортилган биринчи самолёти бугун Термиз халқаро аэропортига қўнган. Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси хабар берди.

Борт БМТнинг Дубай шаҳридаги логистика марказидан учиб келган. Дастлабки юкнинг умумий ҳажми — 32 тонна, уларнинг барчаси биринчи эҳтиёж учун ишлатиладиган буюмлар.

Аввалроқ, БМТ ҚИОК Термизга Афғонистон учун инсонпарварлик юклари ортилган учта самолётни жўнатишини маълум қилган эди.

Кейинроқ, Termez Cargo Centre логистика маркази дастлабки борт 15 октябрда, кейингилари эса 16–17 октябрь кунларида келиб қўнишини маълум қилган.

Термиз аэропортидаги логистика марказида инсонпарварлик ёрдами юк машиналарига ортилади ва «Термиз — Ҳайратон» ўтказиш пункти орқали Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига етказилади.

Фото: Twitter / UNHCR Central Asia

Маълумот учун, октябр ойи бошидан буён Термиздаги логистика маркази БМТнинг бутунжаҳон озиқ-овқат дастури доирасида Афғонистонга 40 вагонга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатган.

Мавзуга оид