Абгор манзиллар: Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғи
Ҳудудининг анчагина қисми ёпиқ қарорлар орқали сотиб юборилган Абдулла Қодирий боғи хароб аҳволда қолмоқда. Шаҳар ҳокимлигининг бефарқлиги, экологларнинг журъатсизлиги ва туманлар ўртасидаги сансалорлик боғни қай аҳволга олиб келиб қўйгани – Kun.uz объективида.
Kun.uz янги лойиҳани тақдим этади – “Абгор манзиллар”.
Ўзбекистонда кўплаб хайрли ишлар қилинаётгани бор гап. Обод манзиллар кўп ва кўпаймоқда. Абгор манзилларга эса эътибор керак. Ютуқларимиз ўзимизники, камчиликларни эса, президент айтганидек, очиқ айтиш керак, кўрсатиш керак. Давлат раҳбари бу борада айнан бизга – ОАВ вакилларига таянишини айтди ва биз бу таянч вазифасини бажаришга киришганмиз. Янги лойиҳамизни “Обод манзиллар” деб номлашни қанчалар исташимизни билсангиз эди. Бироқ...
Илк кўрсатувимиз Тошкент шаҳри марказида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги боғ ҳақида.
Биз бу боғ ҳақидаги репортажимизни эътиборингизга ҳавола қилган эдик:
Ўша репортаждан кейин Экология қўмитаси ва ҳудудга масъул бўлган “Олмазор бизнес сити” дирекциясидан реакция бўлди. Қўмита бу масканда ҳашар ўтказишини айтди ва бу ишни амалга оширди. Бироқ бизда ҳашардан кейин ҳам саволлар туғилди: Экология қўмитасининг иши ҳашар ўтказиш холосми ёки бу ҳудудни ўз ваколати доирасида назорат қилишми? Ҳудудда тозалаш ишлари ўтказиш, у ерни ободонлаштириш эътирофга лойиқ иш, аммо бир марталик ҳашарнинг фойдаси қанчалик? Аслида, ҳудудга яқинда бириктирилган “Олмазор бизнес сити” дирекцияси тозаликка масъул эмасми?
Унгача бу ҳудуд Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансида бўлган экан, шу пайтгача ҳокимлик нега ҳудудни қаровсиз қолдирди?
Саволларимиз давом этади: бундай катта масканни узоқ вақт давомида қаровсиз қолдиришдан манфаат борми? Интернет фойдаланувчиларининг кўпчилиги бу “апробациядан ўтган схема” эканини, яъни аввал бирор катта ҳудуд қаровсиз қолдирилиб, кейин ташландиқ ҳолга келгач: “Мана, қаралмай қолиб кетди, дарахтлар қуриб қолди, чиқиндихона бўлиб кетди, бирор инвесторга бермасак бўлмайди, инвестор обод қилиб ўтиради”, деган важ-корсонлар билан ҳокимлик ерларни сотиш учун ўзига баҳона топиб, халқ мулкини тадбиркорларга сотиб юборяпти, деб изоҳ қолдиришларида бирор ҳақиқат борми?
Агар йўқ бўлса, унда шаҳарларимиздаги аввал обод бўлган қатор масканларга боқинг: худди шу ҳолат бўлмаяптими? Ушбу боғ ҳудудининг анча қисми сотиб юборилганига нима дейсиз?
Аслида ҳокимлик тоза ва обод ҳолда сақлаб туриши керак бўлган масканлар гўёки бюджетдан молиялаштиришдан қочиб, ортиқча харажат деб қаралиб, хусусий мулкдорларга топширилмаяптими?
Бўш ётган бинолар, завод-у фабрикалар, ўзлаштирилмаган ерларни бизнес эгаларига бериб, эвазига атрофни ободонлаштириш мажбурияти юкланишини тушунса бўлади, бироқ шаҳар марказидаги тап-тайёр боғларни ёпиқ қарорлар билан сотиб юбориш тўғрими?
Кўрсатувда экология соҳаси вакилларининг ўзларида ҳам тушунарсизлик ҳукмрон экани ойдинлашади. Улар ё ўз ишларини яхши билмайдилар, ёки бизга айта олмаётган тўсиқларга учраяптилар. Ёки бошқачароқ ҳолат...
Боғ ҳудудидан ер сотиб олган айрим инвесторларни топиш анча вақтни олди. Инвестор номидан гапиришга ваколатли шахс эса ҳудудга етиб келиб, вазиятни баён қилди. Унинг айтишича, бу ҳудуд сотиб олинганидан сўнг ҳокимлик вакиллари келиб, ҳудуддаги насосни олиб чиқиб кетишган. “Насосга тегишмаса ўзимиз бу ерга бир одам бириктириб, суғориб турардик, ободлигини таъминлардик, аммо имкон йўқ-ку”, деб ёзғирди “Wan Li” номли фирма вакили.
Унинг айтишича, инвестор бу жойни сотиб олганидан кейин бирорта дарахт кесилмаган ва қуриб қолмаган. Экология қўмитаси масъуллари эса уни бир неча туп дарахтни қуритиб қўйганликда айблаб, жаримага тортишган. “Лекин бу дарахтлар бизгача қуриб бўлганди, биз бу ҳудудни ўраб олишдан аввал дарахтлар хатловини ўтказганмиз”, дейди вакил.
Ҳа, тушунмовчиликлар бисёр. Шундай ҳис уйғонадики, бу ерда ёки катта масъулиятсизлик бор, ёки атайин мана шу ҳолатга келтирилган. Бошқача ўйлашимизга эса кўрганларимиз, гувоҳ бўлган ҳолатларимиз тўсқинлик қиляпти.
Биз яхши ниятда ана шу кўрсатувни суратга олдик. Аммо бу якун эмас. Биз бу боғга яна қайтамиз. Ишлар қандай кетаётганини яна ёритиб борамиз. Токи масъуллар берган ваъдаларини охиригача бажаришсин.
“Абгор манзиллар”, афсуски, янги манзилларга йўл олади.
Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси –
Маҳмуд Солиев.
P.S. Кўрсатувда боғнинг шу йил 2-7 октябр кунларидаги ҳолати тасвирланган. Масъуллар шундан кейинги кунларда боғда ободонлаштириш бўйича муайян ишлар қилинганини айтишмоқда.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024