Россияда қаторасига тўртинчи кун янги ҳолатлар бўйича пандемия рекорди янгиланди
Россияда якшанба куни кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича пандемия бошидан буён энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Рекорд қаторасига тўртинчи кун янгиланмоқда.
17 октябрь эрталаб ҳолатига Россияда Covid-19 инфекциясига чалиниш бўйича 34 303 та янги ҳолат аниқланди. Бир кун олдин 33 208та янги ҳолат аниқланганди. 14 октябрь куни илк марта кунлик кўрсаткичлар 30 мингдан ошганди.
Ўлим ҳолатлари бироз пасайган - сўнгги бир кунда 997 бемор ўлими қайд этилган, бир кун олдин ўлим ҳолатлари бўйича пандемия рекорди қайд этилганди - 1002 ҳолат. Жума куни 999 киши вафот этганди. 14 октябрда 986 ўлим рўйхатга олинган ва бу ҳам ўша вақтгача бўлган даврдаги рекорд кўрсаткич эди.
Нисбатан энг кўп ҳолатлар Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари ҳамда Москва областида қайд этилмоқда. Москвада 6740та, Петербургда 3323та, Подмосковьеда 2759та янги ҳолат рўйхатга олинган.
Бир кунда пойтахтда 1357 киши шифохоналарга ётқизилган, айни вақтда сунъий нафас олдириш аппаратларига уланганлар сони 631 нафар. Сўнгги бир кунда Москвада Covid-19дан 70 киши вафот этгани тасдиқланган, Санкт-Петербургда бу кўрсаткич - 65га, Краснодар ўлкасида - 39тага тенг.
Бир кунда Россияда коронавирусга чалинган 18 717 нафар беморга жавоб берилган.
Россияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ўсиши сентябрда бошланган ва октябрда суръат тезлашганди. Бу ҳолат бугунги кунда мамлакатда жами аҳолининг 35 фоизигина эмлангани (146 миллион кишидан 51 млн киши ҳеч бўлмаса бир доза қабул қилган) билан изоҳланмоқда. Кўплаб мамлакатларда мавсумий касалликлар туфайли коронавирусга чалиниш ҳолатлари ўсмоқда, аммо вакцинация кўрсаткичлари паст мамлакатларда ўлим ҳолатлари ҳам юқори бўлмоқда.
Эмланганларнинг расмий статистикаси
15 октябрдан Россия Федерацияси тезкор штаби коронавирусга қарши эмланганларнинг статистикасини ҳам олиб бора бошлади. Шанба куни стопкоронавирус.рф порталида эмланганларнинг расмий статистикаси пайдо бўлди - ушбу маълумотларга кўра, вакцинанинг биринчи компоненти билан 51 миллиондан ортиқ одам эмланган бўлса, Россиянинг 47,5 миллиондан зиёд фуқароси тўлиқ вакцинациядан ўтган.
Бунга қадар мамлакатда эмланиш бўйича расмий статистика эълон қилинмаган, бу борадаги рақамлар амалдорларнинг алоҳида маълумотларида келтириларди.
Расмий статистикада жамоавий иммунитет даражаси бўйича ҳам маълумотлар бор - портал маълумотига кўра, Россияда бу борадаги кўрсаткич 45 фоизни ташкил этади.