Уни «100 йиллик қамоқ» жазоси кутмоқда. Тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Мария Ресса ҳикояси
Мария Ресса Филиппин президентининг «гиёҳвандликка қарши уруш»ига қарши йиллар давомида курашиб келди. Тазйиқ ва сиёсий таъқибларга учрашига қарамай «тролл фабрикалари» фаолияти бўйича текширувлар ўтказди.
2021 йил Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Россиянинг «Новая газета» нашри бош муҳаррири Дмитрий Муратов ҳамда филиппинлик тадқиқотчи журналист Мария Рессага демократия ҳамда барқарор тинчлик ўрнатилишининг дастлабки шарти бўлган фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича интилишлари учун берилди.
Хўш, кўпчилик учун журналистлар таҳдид остида бўлган мамлакатда матбуот эркинлиги учун курашишнинг ёрқин намунасига айланган Мария Ресса ким ва у нима сабабдан бундай юксак мукофотга лойиқ кўрилди?
Уйдан кетиш
Мария Ресса 1963 йилда Филиппин пойтахти Манилада туғилган. Жуда ёш пайтидаёқ отаси вафот этади, онаси эса Америкага ишлашга кетишга мажбур бўлади. Ресса тўққиз ёшлигида Филиппинда давлат тўнтариши содир бўлади, мамлакат президенти Фердинанд Маркос Конгресс билан зиддиятлари сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилади ва конституцияни бекор қилади. 1973 йилда онаси Рессани ҳам Америкага олиб кетади.
«Мен Нью-Жерси штатига бордим, ўша пайтда инглиз тилида зўрға гаплашардим ва ўзим учун бу ердаги катта оқ дунёда калта жигарранг бола нима қилаётганини аниқлашим керак эди», дейди у BBC мухбири Лейси Доусет билан суҳбатда.
Дастлаб Ресса Нью-Жерсидаги Томс Ривер ўрта мактабини, кейин Принстон университетини имтиёзли диплом билан тугатади ва Филиппиндаги Дилиман университетида ўқишни давом эттириш учун тўлиқ имтиёзли стипендияни қўлга киритади. Бу пайтда диктатор Маркос фавқулодда ҳолатни бекор қилган бўлишига қарамай мамлакатни бошқаришда давом этмоқда эди. 1986 йилда у навбатдаги президентлик сайловларида ҳам ғалаба қозонади, лекин асосий рақиби, мухолифатнинг ўлдирилган етакчиси Бенигно Акинонинг беваси Корасон Акино мағлубиятини тан олмайди. Юз минглаб намойишчилар кўчаларга чиқишади ва Маркос мамлакатдан қочиб кетади. Мана шундай сиёсий беқарор вазиятда Мария Ресса ўз ватанига қайтди.
«Мен ҳар доим Қўшма Штатларда америкалик эмаслигимни ҳис қилардим, кейин Филиппинга қайтиб келдим ва бу ерда филиппинлик ҳам эмаслигимни англадим», дейди у.
Журналистика томон қадамлар
У дастлаб телевидениеда ишлай бошлади, бир йилдан кейин продюсерлик компаниясига асос солди. 1988 йилда эса АҚШнинг СNN нашрига ишга киради ва 1995 йилга келиб СNN’нинг Манила ва Жакартадаги иккита бюроси бошлиғи лавозимига кўтарилади.
Ресса мамлакатдаги этник тозалаш ва сепаратизм ҳаракатлари ҳақида кўплаб мақолалар ёзди. Жануби-Шарқий Осиёда «Ал-Қоида» фаолияти бўйича текширувлар ўтказди. У сайловлар ва сиёсий инқирозларни ёритган, президентлар ва бош вазирлар билан суҳбатлар ташкил қилган. 2000-йиллар бошларига келиб, Мария Ресса кўп мукофотларга сазовор бўлган таниқли журналист сифатида эътироф этила бошлайди. Филиппиннинг энг йирик медиа компанияси АBC-СBN’нинг янгиликлар бўлимига раҳбарлик қилди, сўнгра ташкилотнинг вице-президенти лавозимига кўтарилди. АBC-СBN’да олти йил ишлаган Ресса 2010 йилда шартномасини узайтирмаслигини маълум қилади ва ишдан кетади.
«Журналистикани қийин кунлар кутмоқда. Таҳририят мустақиллигини қадрланг ва ҳимоя қилинг. Сизга аниқлик, қатъият ва дадиллик тилайман, яхшилик учун курашинг», деб ёзади хайрлашув мактубида.
Rapplerʼга асос солиниши
Ишдан кетгач беш нафар собиқ ҳамкасби билан 2012 йилда Rappler онлайн янгиликлар сайтига асос солади. Сайт номи инглизча «rap» — қаттиқ танқид қилмоқ, тўлқин ҳосил қилиш сўзидан олинган.
У Rapplerʼни Филиппиндаги энг йирик янгиликлар сайтига айлантириш ниятида эди, шу мақсадда мамлакатдаги ушбу соҳада ишлайдиган энг кучли мутахассисларни ишга жалб қилади.
Ҳозирда сайтнинг Facebookʼда 4,5 миллиондан ортиқ обуначиси бор ва Rappler ўзининг кучли таҳлиллари ва суриштирувлари билан машҳур бўлган.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Rappler муваффақияти марказида Ресса хонимнинг улкан хизматлари ётади.
BBC’нинг Маниладаги мухбири Ҳовард Жонсон Рессани жозибали маърузачи, ўткир таҳлилий тафаккур эгаси сифатида тасвирлайди. «У ўз тингловчиларига, айниқса, ижтимоий тармоқларда ўз соҳасига алоқадор мураккаб ижтимоий воқеаларни яхши тушунтириб бера олади», дейди Ҳовард Жонсон.
Президент билан муносабатлари
2016 йилда 71 ёшли Родриго Дутерте Филиппин президентлигига келади. Аммо Дутертенинг сиёсий карьераси 1986 йилда (Мария Ресса ўз ватанига қайтган пайтларида) бошланган: у дастлаб Давао шаҳри вице-мэри этиб тайинланган, кейинроқ мэрлик сайловларида ғолиб бўлган. У бу лавозимда қисқа танаффуслар билан 32 йил ишлаган. 2015 йилда Мария Ресса Дутерте билан интервьюсининг кириш қисмида ёзганидек, Давао жиноятчилар бошпанасидан «тинчлик воҳаси» ва Филиппиндаги биринчи «ақлли шаҳар»га айланади, бу ерда барча давлат хизматлари рақамлаштирилган.
Дутерте коррупция ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашни ваъда қилиб, сиёсий очколарни қўлга киритади. Ресса билан суҳбатда Дутерте ҳатто баъзи қотилликларга алоқадорлигини ҳам инкор этмаган.
«Менга қарши иш қўзғатилгани ҳаммага маълум, улар менинг исмим ҳатто АҚШ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссиясининг материалларида ҳам борлигини айтишади. Aйтишим мумкинки, бу кундалик ишимизнинг бир қисми эди», деган у Рессага берган интервьюсида.
Дутертенинг яна қўшимча қилишича, фақат зўравонлик ва диктатура мамлакатдаги сиёсий институтлар заифлигининг ўрнини қоплай олади. У ўзини сўл қанот диктатори деб атайди ва шовинистик қарашларини тан олади.
«Бу нарсалар кишида ҳайрат уйғотади: у шафқатсиз ва ҳалол, баъзида дабдабага ружу қўйган, ҳазилкаш, кибрли ва мутлақо муросасиз одам. У ҳақиқий эди, бу айниқса ижтимоий тармоқларнинг роли ошиб бораётган бугунги даврда жуда қимматлидир», деб ёзади Ресса.
Мамлакатда ижтимоий тармоқлар тез оммалашаётган эди. 2016 йилда Филиппин аҳолисининг 44 фоизидан 47 фоизигача қисми интернетдан фойдаланган, ижтимоий тармоқлар учун кунига ўртача 3,2 соатдан 5,2 соатгача вақт сарфлаган бўлса, кейинги йилда жами 105 миллион аҳолидан 61 миллиони Facebook фойдаланувчисига айланган. Рессанинг сўзларига кўра, расмий давлат ташкилотларига ишончсизлик пайдо бўлганида, ижтимоий тармоқлар янгиликлар тарқатиш ва фикр билдириш учун асосий майдонга айланади.
Rappler президентнинг «троллар фабрикаси»дан қандай фойдаланиши ва жамоатчилик фикрини манипуляция қилишга уринаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумотлар тарқатиш кампанияси бошлангани фош этилади.
Энг машҳур кўзбўямачиликлардан бири, Филиппин наркомафияси вакиллари томонидан зўрланган ва ўлдирилгани айтилган тўққиз ёшли қизнинг фотосурати эди. Ҳукумат ўзини бу вазиятда гиёҳвандлик ва наркомафияга қарши курашаётган сифатида кўрсата бошлайди, ижтимоий тармоқларда «шовқин» кўтаради. Фактлар Rappler томонидан текширилганда, фотосурат Бразилияда олингани, ҳукумат ишлари эса одамлар онгини манипуляция қилишга уринишдан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлади.
Суриштирувларга кўра, Дутертега тегишли экани айтилаётган нашрлар ижтимоий тармоқларда бир қанча сохта мақолалар чоп этади. Президент мухолифатлари сайловда фирибгарлик ишлатганликда ёки гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда айбланади.
Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқлардаги сохта аккаунтлар Хитойдан, маълум қисми эса Саудия Арабистонидан бошқарилган.
Зўравонликлар
2016 йилда Дутерте ҳақидаги яна бир мақола чоп этилгандан сўнг Мария Рессага «троллар» ҳужум қилишади ва уни ҳақоратли изоҳлар билан «сийлашади». Ҳужум ҳозиргача давом этмоқда ва бу Халқаро журналистлар маркази томонидан ўтказилган тадқиқот учун ҳам асос бўлади. Facebook ва Тwitter’даги «нафратли» изоҳларнинг деярли 60 фоизи унинг профессионал обрўсига путур етказишга қаратилган бўлса, 40 фоизида шахсияти ва ташқи кўриниши муҳокама қилинган. Facebook’да Ресса қўллаб-қувватланган ҳар бир изоҳга ўртача 14та нафратли изоҳ тўғри келади.
Ўтган беш йиллик давр мобайнида Мария Рессага деярли ҳар куни ўлим хатлари, зўрлаш, қийноқ ва қотиллик таҳдидлари билан хабарлар келган.
Ҳисобот муаллифларига кўра, бундай ҳужумларнинг оқибатлари қурбонлар учун ҳам шахсий, ҳам профессионал даражада ҳалокатли бўлиши мумкин, шунингдек, уларнинг оилалари ва яқинларига аянчли даражада руҳий таъсир қилади.
Rappler бошқа машҳур мақолаларини ҳам эълон қилгандан кейин Рессага таҳдидлар янада кучаяди. Facebook журналистни қўллаб–қувватлашини билдиради ва ҳар қандай таҳдид ёки ҳақорат ҳақида шунчаки шикоят қилишини сўрайди, лекин Рессанинг ҳисоб-китоб қилишича, битта изоҳ ҳақида шикоят юборганида, унга яна шундай тўртта «нафратли» изоҳ келган бўлади.
Ресса қарашларини ҳамма ҳам бирдек қабул қила олмаслигини ва нафратли изоҳларни қабул қилишга ўрганиб қолганини айтиб ўтган.
Таъқиблар
Ҳатто сайловолди кампанияси пайтида ҳам Дутерте ўлим жазосини тиклаш ниятида эканини эълон қилди ва Манила кўрфазидаги балиқлар жиноятчилар гўшти билан тўйдирилиши ҳақида ваъдалар беради.
Халқаро Амнистия ташкилоти маълумотларига кўра, унинг президентлигининг дастлабки олти ойида сайловчиларга ваъда қилинган «гиёҳвандликка қарши кураш» доирасида етти мингдан ортиқ одам судсиз ва терговсиз ўлдирилган. Аммо президентга оммавий ахборот воситалари унинг иш услубини ёритиши ёқмаган.
2017 йилда Дутертени танқид қилган Daily Inquirer нашри президент билан алоқаси бор миллиардер Рамон Ангуга сотиб юборилган. 2020 йилда мамлакатнинг энг йирик АBC-СBN телеканали (11 минг ходим ишлайди) эфири узиб қўйилади, Конгресс телеканал лицензиясини янгиламайди.
Rapplerʼга ҳам ҳукумат томонидан кўплаб босимлар ўтказилган. 2017 йилда Родриго Дутерте нашрга америкаликлар хўжайинлик қилиши ва таҳририят сиёсатини белгилаб бериши ҳақида айтиб ўтган.
2018 йилда Rappler мухбири билан гаплашган президент: «Агар сизлар бизга ахлат ирғитмоқчи бўлсангиз, биз қила оладиган нарса тушунтиришдир. Лекин сиз ҳам покмисизлар?» дейди.
Ўша йили президент Rappler мухбирларига уларнинг расмий фаолиятини тақиқлаганини эълон қилaди ва ҳукумат ҳатто сайтнинг лицензиясини ҳам бекор қилади.
Ресса кўплаб судларда қатнашишга мажбур бўлган. Rappler сайтининг ўзига нисбатан 11та жиноий иш очилган. Рессани эса солиқларни тўламаслик, туҳмат қилиш, хорижликларнинг нашрга раҳбарлик қилиши тўғрисидаги қонунни бузишда ҳамда интернетда туҳмат тарқатишда айблашган.
Охири Мария Ресса Буюк Британияга жўнаб кетади ва ҳатто АҚШга қайтиш ҳақида ўйлай бошлайди. Аммо ватанига қайтиб келади ва курашишга қарор қилади.
Филиппин журналистлар учун дунёдаги энг хавфли давлатлардан бири ҳисобланади, 1992 йилдан бери бу ерда 87 нафар мухбир ўлдирилган, улардан тўққиз нафари Дутерте даврида.
Матбуот анжуманларидан бирида президентга бу вазият учун изоҳ беришини илтимос қилишади. «Агар сиз журналист бўлсангиз, бу сизни ўлдириш мумкин эмаслигини англатмайди», дея фикр билдирган Дутерте.
Мамлакатдаги кўпчилик журналистлар ҳужумга учраган, калтакланган ва уларга суиқасдлар уюштирилган.
Ресса унга қарши қилинган барча ишларни «сиёсий қуроллар» дея таърифлайди. У Филиппиндаги сўз ва матбуот эркинлиги учун кураш рамзига айланган. 2018 йилда Тime журнали Мария Рессани йил одамлари сифатида тан олинган журналистлар қаторига қўшганди.
Филиппинда Рессага қарши 10га яқин жиноий иш қўзғатилган ва агар у бу ишларнинг ҳаммасида айбдор деб топилса, 100 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
«Фактларсиз дунё барибир ҳақиқатсиз ва ишончсиз дунё бўлиб қолади. Ҳозир журналист бўлишнинг айни вақти. Қачонки бу иш билан шуғулланиш хавфли бўлса, демак, бу айнан энг керакли палла», деган Мария Ресса ўзига мукофот берилганидан кейинги изоҳида.
Forbes va BBC маълумотлари асосида тайёрланди.
Мавзуга оид
13:10 / 29.10.2024
Филиппинда «Трами» тўфони туфайли 5,7 млн киши уйини ташлаб кетди
20:34 / 27.10.2024
Филиппинга ёпирилган «Трами» тўфони оқибатида 110 киши ҳалок бўлди
18:10 / 16.10.2024
Демократиянинг иқтисодий қийматини очган трио. Иқтисодиёт бўйича Нобел кимларга берилди?
19:03 / 15.10.2024