Ўзбекистон | 12:39 / 21.10.2021
2648
2 дақиқада ўқилади

Экология қўмитаси расмийлари ботқоқлар бўйича конвенция раҳбари билан музокара ўтказди

Фото: Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси делегацияси Халқаро аҳамиятга эга, айниқса сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойлари бўлган сувли-ботқоқ жойлар тўғрисидаги конвенция бош котиби Марта Р. Уррего билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда сув қушларининг яшаш жойлари учун муҳим бўлган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш бўйича эришилган ютуқлар ва кейинги режаларга тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон томони табиий ресурсларни барқарор бошқариш соҳасидаги ҳозирги ҳолат ва сиёсат, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни, шу жумладан Рамсар объектларини сақлаш ва кенгайтириш режалари ҳақида маълумот тақдим қилди.

Котибият сув ботқоқ ерларида тадқиқот ишларини олиб бориш соҳасида фаолият юритаётган асосий мутахассисларнинг институционал салоҳиятини кучайтиришга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Томонлар 2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган 14-Томонлар конференциясида иштирок этишнинг муҳимлигини таъкидладилар. Конференцияда 2020 йилдан кейинги биохилма-хилликнинг глобал тизими ва глобал мақсадларга эришишнинг асосий кўрсаткичлари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Учрашув якунида котибият Ўзбекистон ҳукуматига республикада Рамсар рўйхатига киритилган ботқоқли экотизимлар ва объектларни сақлашга эътибор қаратаётгани учун миннатдорчилик билдирди, шунингдек, янги Рамсар ҳудудларини ташкил этиш ва бошқаришда эксперт ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси томонидан 2021 йил 30 августда қабул қилинган Рамсар конвенцияси қабул қилинган сана 2 феврални – Бутунжаҳон сув-ботқоқли ерлар куни деб эълон қилувчи резолюциясини қабул қилиш ташаббуси республика томонидан қўллаб-қувватлангани учун миннатдорчилик билдирилди.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилган 3 та объект мавжуд: Денгизкўл (2002), Aйдар-Aйнасор кўллар тизими (2008), шунингдек, Қуйимозор ва Тудакўл сув омборлари (2020).

Мавзуга оид