Жаҳон | 10:56 / 21.10.2021
6750
3 дақиқада ўқилади

Хитой вакили АҚШ AUKUS’ни ташкил этиб Осиёда “Пандора қутиси”ни очганини айтди

АҚШ Австралия ва Британия билан AUKUS мудофаа алянсини ташкил этиб, Осиёда қуролланиш пойгасига олиб келиши мумкин бўлган “Пандора қутиси”ни очди. Бу ҳақда Хитойнинг Сингапурдаги элчиси Хун Сяоюн The Straits Times нашрида чоп этилган мақоласида айтиб ўтган.

Фото: chineseembassy

“AUKUS “Пандора қутиси”ни очди. Бу Осиё-Тинч океанига на фаровонлик, на барқарорлик келтиради. Бунинг ўрнига у ишончнинг камайишига ва қуролланиш пойгасига ва ҳаттоки ҳарбий қарама-қаршиликка олиб келиши мумкин. Минтақадаги бирорта давлат бундан манфаатдор бўлмайди”, деб таъкидлаб ўтган дипломат.

Унинг айтишича, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти янги совуқ урушга интилмаётгани ҳақида гапирмоқда, бироқ “аслида Вашингтоннинг хатти-ҳаракатлари бундан дарак бермаяпти”. “Беш кўз” разведка алянси (Five Eyes, таркибига Австралия, Британия, Канада, Янги Зеландия ва АҚШ киради), Хавфсизлик бўйича тўрт томонлама мулоқотдан (Австралия, Ҳиндистон, АҚШ ва Япония) бошлаб то AUKUS’гача Вашингтон борган сари кўпроқ майда иттифоқлар ташкил этмоқда. Улар эса кескинликнинг тобора кучайишига олиб келмоқда. Шу сабабли АҚШ минтақада ўзи нимани истаётгани ҳақида сўраш лозим. Кўпчилик олимларнинг таъкидлашича, ушбу механизмларнинг барчаси Хитойга қарши қаратилган ва кўплаб кучларнинг ўзаро қарама-қаршилигига олиб келади”, деб айтган элчи.

Хун Сяоюннинг таъкидлашича, АҚШ муайян қоидаларга асосланган халқаро тартибни сақлаб келиши билан доим мақтанган. “Бундан ташқари, АҚШ Шимолий Корея ва Эроннинг ядро муаммоларига тааллуқли барча жараёнлар бошида бўлган, ушбу давлатларга қарши биринчи бўлиб бир томонлама санкциялар киритган. Бироқ ўз иттифоқдоши, Австралия билан боғлиқ вазиятда, улар ядро қуролини тарқатмаслик муаммоси аҳамиятини яққол кичрайтиришмоқда. Бундай контрастлик иккилик стандартини эслатмоқда. Иккилик стандартларига асосланган ёндашувни қоида деб бўладими?” деб таъкидлаб ўтган элчи.

Австралия, Британия ва АҚШ етакчилари 15 сентябрда мудофаа соҳасида ҳамкорлик ҳақидаги AUKUS келишувини имзолашди. Ушбу келишув, жумладан, Австралия томонидан АҚШ технологиялари ёрдамида 8 та атом сувости кемаси қурилишини кўзда тутади. Бу кемалардан биринчилари 2036 йилда сафга туради.

Мавзуга оид