Жамият | 14:02 / 23.10.2021
18481
6 дақиқада ўқилади

“Ўз вақтида болаларимнинг ўқишига жиддий эътибор берганимдан фахрланаман” — 8 фарзандни ўқитган Муҳаббат ая ҳикояси

“Болаларим “Кўйлагингиз бўлмаса ҳам, ҳеч нолимаган экансиз-а?” деб ҳайрон бўлишади... Ҳозир йилига 2 марта санаторийда дам олиб келаман. Беҳисоб шукур, ҳожи она ҳам бўлдим”, – дейди турмуш машаққатларига қарамай фарзандларининг ўқишига алоҳида эътибор берган қоракўллик Муҳаббат ая.

Энг яхши инвестиция – таълимга. Бу қоидага амал қилиб, фарзандини ўқитиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилаётган ота-оналар Ўзбекистонда жуда кўп. Улар орасида берган тарбияси ва меҳнатининг роҳатини кўраётганлар – ёш ота-оналар учун ҳам ўрнак, ҳам илҳом манбайи бўла олади.

Kun.uz болаларини қўллаб-қувватлаб кам бўлмаётган ота-оналар билан суҳбатлар ташкил этиб боришга қарор қилди. Биринчи қаҳрамонимиз – қоракўллик Муҳаббат Очилова.

Муҳаббат ая – 71 ёшда, 1950 йилда Бухоро вилояти Қоракўл туманида Қаймоқчи қишлоғида туғилган. 9 фарзанднинг онаси Муҳаббат ая турмуш ўртоғи билан бирга фарзандларининг таълими учун умрини, бор даромадини сарфлаган.

Фото: Муҳаббат Очилованинг оилавий суратларидан

8 фарзандини ҳам олий маълумотли қилган, ҳозир уларнинг ҳаммаси нуфузли лавозимларда, яхши жойларда ишлайди. Муҳаббат аянинг ҳикояси ота-оналар учун фойдали бўлишига умид қиламиз.

“Мактабга директор бўлмоқчи эдим, аммо ўқий олмадим”

— Қишлоқда туғилганим учун болалигим, ёшлигим ҳам қишлоқда ўтди. Ўнинчини (10-синфни) битириб, колхозда ишлай бошлаганман. Пахта ерларида табелчи бўлдим, пилла тутдим, пахта тердим, деҳқончилик билан шуғулландим. 1973 йилда турмушга чиққанман. Турмуш ўртоғим – Абдурашид Очилов журналист эди. Узоқ йиллар туман газетасида журналист, бош муҳаррир сифатида, ҳокимликда масъулиятли лавозимларда ишлаган.

Менда эса олий таълим олиш имкони бўлмаган. Мактабда яхши ўқиганман, ўқишга жуда-жуда қизиқардим. Дадам бир ўртада касал бўлганлар, оилавий ҳолат сабаб колхозга ишга кирганман. Болалигимда яхши ўқиб, мактабга директор бўлишни орзу қилардим. (кулади)

Турмуш ўртоғим билан бир-биримизни ёқтириб турмуш қурганмиз. У Тошкентда 5 йил журналистикада ўқиган, мен эса қишлоқда эдим. Хат олиб хат берардик, у пайтлари телефон деган нарса бўлмаган. (кулади)

“Болаларимнинг ҳаммаси яхши ишларда ишлашади”

— Қишлоқда бола тарбиялаш осон эмас. Иш кўп бўлади. Ҳаммасига улгуришга тўғри келарди. Лекин болаларим мактабга қатнай бошлагач, юмушлар сабаб бирорта боламни дарсдан олиб қолмаганман. Бугун ўша пайтда болаларимнинг ўқишига қаттиқ эътибор берганим учун фахрланаман.

Қийинчилик пайтлар, албатта, бўлган. Катта фарзандим, қизим касаллик билан анча курашиб вафот этди. Унинг қийналаётганини кўриб мен ҳам сиқилганман, бир вақтнинг ўзида бошқа болаларимнинг тарбиясига эътиборли бўлишим керак эди.

Фото: Муҳаббат Очилованинг оилавий суратларидан

Ҳозир буларнинг мевасини кўряпман. Катта ўғлим “Тоза ҳудуд” ДУКда бош инженер, иккинчи ўғлим катта фермер, учинчиси экология тизимида раҳбар лавозимида ишлайди. Ундан кейинги ўғлим ички ишлар тизимида, подполковник. Кейинги болаларим – Ҳасан-Ҳусанлар, бири Тошкент давлат юридик университетида кафедра мудири, бири Тошкент вилоятида ҳуқуқ тизимида ишлайди. Қизларимнинг бири – ўқитувчи, яна бири эса юрист.

Невараларим ҳам секин-секин олий маълумотли бўляпти.

“Болаларини урадиганларни тушунмайман”

— Дадаси эрталабдан кечгача ишда бўларди. Болалар ва уй ишлари, асосан, ўзимнинг бўйнимда эди. Бобо ва бувиси ҳам болаларимга қарашга, тарбиялашга ёрдам беришган, кейинроқ алоҳида кўчиб чиққанмиз.

6 ўғилни маҳкам тутиш осон эмас. Ўғил боланинг тарбияси оғирроқ бўлади. Уларни меҳнатга ўргатишга ҳаракат қилдим. Ҳозир болаларим: “Она, сиз бизни яхши тарбиялаган экансиз”, деб айтишади. Аллоҳга шукур, эшитиб хурсанд бўламан.

Фото: Муҳаббат Очилованинг оилавий суратларидан

Ўйлаб қарасам, болаларимни кичиклигида умуман урмаган эканман. Фақат Ҳасан-Ҳусанни 2 мартагина лойга ботиб келишганда урганман. Лекин жуда кўп эркаламасдим ҳам, ҳаммаси меъёрида эди. Ҳозир болаларини жаҳл билан урадиганларни кўрсам, ҳайрон қоламан.

“Иккита контрактни бирдай тўлаш учун елиб-югургандик”

— Ҳасан-Ҳусанларимнинг иккаласи ҳам бирданига Юридик университетга контрактга киришган. У пайтлари контрактда ўқиш энди бошланганди. Эшигимизда молимиз бўлмаганда ҳам болаларимизнинг ўқиши учун ҳаракат қилганмиз. Ўша пайтлари мол боқдик, пилла тутдик, томорқага эккан нарсаларимиздан бозорга чиқариб сотдик – амалладик.

Иккита контрактни бирданига тўлай олмай, хафа бўлган пайтларимиз бўлган. Дадаси ҳеч нарса демай қўярдилар. “Ўтиб кетар, шунчаси ўтди, бу қийинчилик ҳам ўтар”, деб ҳаракат қилардик.

Болаларимиз ҳам ҳаракатчан эди, мактабда дарс ўтиб, ишлаб, бир-бирига ёрдам бериб йўлларини топиб кетишди.

“Ҳожи она бўлдим”

— Турмуш ўртоғим 53 ёшда вафот этди. У пайт ўғилларимдан энди 3 нафарини уйлантирган эдик. Ҳали 5 фарзандим уйланмаган, турмушга чиқмаган эди. Уларни ҳам уйли-жойли қилдим, фарзандларимнинг ўзлари ҳам бир-бирига қарашди.

Ҳозир ҳар йили 2 марта санаторийга бориб дам олиб келаман. Ҳаж зиёратига бориб, ҳожи она ҳам бўлдим, беҳисоб шукур. Болаларим “Кўйлагингиз бўлмаса ҳам, ҳеч нолимаган экансиз-а?” деб ҳайрон бўлишади. Мана бугун бемалол дам олиб, санаторийларга ҳам боришга имконим бўляпти.

Фото: Муҳаббат Очилованинг оилавий суратларидан

Лекин кўп йиллар меҳнат билан яшаганим учун ҳозир ҳам тинч ўтиргим келмайди. Ўз ишимни ўзим қилиб юраман.

“Болага танлов имконини бериш керак”

— Ёш оналарга қийинчиликдан қўрқмасликни маслаҳат берган бўлардим. Майли, бироз қийналишингиз мумкин, пул етишмаслиги мумкин, сабр қилиш ва меҳнат қилишдан тўхтамаслик керак. Болаларнинг тарбиясига алоҳида эътибор бериш, уларга рўзғор ишларини ҳам ўргатиб бориш керак.

Болага танлов қилиш имконини бериш: яхши ўқиса, меҳнат қилса, қандай ҳаётда яшашини, меҳнат қилмаса, ўқимаса, қандай турмуш кутаётганини кўрсатиш лозим. Бола шунда, албатта, яхшисини танлашга ва шунга яраша меҳнат қилишга ўрганади.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид