“Руҳларни ношод қилиб қўймайлик” — Жаноза одобларини биласизми?
Баъзи ҳудудларда жаноза маросими билан боғлиқ турли бидъат-хурофотлар сақланиб қолмоқда. Олима Одинахон Муҳаммад Содиқ Kun.uz билан суҳбатда бу маросим билан боғлиқ шариат ҳукмлари ҳақида маълумот берди.
“Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига рози бўлиш лозим”
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: “Куллу нафсин зоииқотил мавт” дейди. Яъни: “Ҳар бир нафс ўлимни тотгувчидир”. Ҳар бир инсонга, ҳар бир жонга ўлим келиши муқаррар. Шу пайтга кадар бирор бир инсонни ўлимдан қочиб қутула олмаган. Шундай экан, инсон бу нарсага тайёр туриши, иқрор бўлиши, ўлим келганда унга рози бўлиши керак, бунга бўйсуниш – Аллоҳ таолонинг қадарига рози бўлишидир. Жаноза мавзусининг энг катта эътибор бериладиган жиҳати ана шунда. Яъни биз иймон-эътиқодда Аллоҳга иймон келтирганмиз ва ҳаётни ҳам, ўлимни ҳам Унинг иродаси билан бўлишини қабул қилишимиз керак.
У ирода қилган пайт инсонни яратади, жон ато этади, вақт-соати етганда ўзи берган омонат жонни қайтариб олади. Бандалар бунга кўниб, қабул қилиши керак.
Албатта, яқин инсонидан ажралиш осон эмас. Лекин бунга эътироз қилиб, Аллоҳга ширк келтирувчи гаплар айтиш гуноҳ ҳисобланади. Хафа бўлишдан, маҳзунликдан қайтарилмаган, лекин ҳар хил тасарруфлар қилиб, ҳар хил гаплар гапиришдан қайтарилган. Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига рози бўлиб, ҳузнимизни изҳор қилиб сабр қиламан, деган фикр ҳар бир эркак ва аёлнинг қалбида бўлиши лозим.
Тўрт фарзи кифоя
— Динимизда жанозага жуда катта эътибор берилади. Мусулмоннинг, мўминнинг ҳуқуқлари шунчалик эъзозлаб қўйилганки, бир мусулмон вафот этса, муслимлар аҳли зиммасига тўрт нарса юклатилади ва бу “фарзи кифоя” дейилади. Бу шундай амалларки, фақат айрим мўминлар томонидан адо этилсагина соқит бўлади, бўлмаса, барча мўминлар гуноҳкор бўлиб қолишади. Бу тўрт нарса: майитни ювиш, кафанлаш, унинг жанозасини ўқиш ва олиб бориб дафн қилиш. Мана шуларни ниҳоятда одоб билан, шариатга амал қилган ҳолда бажариб юзага чиқариш керак.
Энди умумий қилиб айтадиган бўлсак, бундай бир мусибат пайтида Аллоҳ таолога нисбатан одоб билан туриш керак, майитга нисбатан одоб билан туриш керак. Жанозада қатнашаётган инсон ўзига нисбатан ҳам, майитнинг яқинларига ҳам одоб билан ёндашиши талаб қилинади. Майитга нисбатан ана шу тўрт нарса чиройли бажарилиши уни сўнгги манзилга бекаму-кўст кузатишнинг пайида бўлиш лозим. Агар ортиқча нарсага йўл қўйиладиган бўлса, бу майитга ҳам азият келтириши мумкин.
Яқинидан айрилган инсон у вафот этганидан кейин ҳам унга нисбатан “Нима қилсак яхши бўлади?” деган саволни қўйиши ва шунга қараб иш кўриши керак.
“Марҳумнинг руҳини ношод қилиб қўйишдан сақланиш зарур”
— Эътиқодимиз бўйича, жасаддан жон чиқса-да, руҳ ўлмайди; модомики руҳ тирик экан, у ўз яқинларининг амалларини кузатиб туради. Ҳадиси шарифларда келтирилишича, улар ўз яқинларининг амалларини кузатишади ва яхши амаллардан руҳлари шод бўлади, акс ҳолларда эса хафа бўлишади. Шу сабабдан ҳам руҳлари шод бўлсин дея дуо қилинади. Уларнинг руҳларини ношод қилиб қўйишдан сақланиш зарур.
Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларки, қайси бир аёл жанозада овозини кўтариб, дод-фарёд қилиб йиғлайдиган бўлса, сочини қириб ташласа, кийимларини йиртиб ташласа, Расулуллоҳнинг умматларидан бўлмай қолади. Чунки аввало бундай ҳаракатлар замирида Аллоҳ таолога норозилик кайфияти туради. Булар одобга тўғри келмайдиган ҳолатлар саналади, бундай амалларга жоҳилият пайтида йўл қўйилар эди. Ўша пайтда аёллар жанозаларда шундай қилишарди ва шундай аёллар бўлардики, уларни ёллаб, ёлғон йиғига ажр бериларди. Булар жоҳилларнинг, мушрикаларнинг қилиғи ҳисобланади.
“Марҳумнинг ҳурмати – унинг ҳаққига дуода бўлишда”
— Жанозага борганда аввало марҳумга ва унинг яқинларига эътибор қаратилади. Марҳумнинг ҳурмати – унинг ҳаққига дуода бўлишдир. Зикрлар айтиш, чиройли дуоларни ўқиш вожиб саналади. Чунки ўша маҳалда марҳум тирикларнинг дуоларига муҳтож бўлиб туради. Мўмин биродарнинг ҳаққи шундай тарзда адо этилади.
Марҳумнинг яқинларига нисбатан ҳам шу ҳурматни сақлаш, уларга етган мусибатни ҳис қилиш керак: кимдир йиғлаган-йиғламагани ёки дастурхон ёзилган-ёзилмагани муҳокама қилинмайди.
Жаноза бўлган уйда 3 кунгача дастурхон ёзилмаслиги керак, чунки уларга мусибат етди – машғул қиладиган иш келди. Бундай вақтда яқинлар, қўни-қўшнилар уларнинг кўнгилларига қараб, таомлар ҳозирлаб кўнгил сўрашади.
“Уч”, “етти”, “қирқ” каби маросимларнинг бирортаси шариатимизда йўқ
— Аза – уч кун. Бундан ошириб юбормаслик керак. Ҳар қандай яқин инсон дунёдан ўтганида ҳам уч кун аза тутилади. Аза кўпроқ аёлларга хос бўлиб, мотам тутиб, ҳазин бўлиб, зеб-у зийнатлар, чиройли кийимлардан тийилади.
Уч кундан сўнг яна аввалги ҳаёт тарзига қайтилади, “уч”, “етти”, “қирқ” каби маросимларнинг бирортаси шариатимизда йўқ. Таъзия бўлган хонадонда ўтказиладиган маросимлар ҳам катта бўлиши талаб этилмайди. Яқинларининг қурби етса, эҳсон қилишлари мумкин; бироқ етим қолганлар, ҳақдорларнинг ҳақини тайин қилмай туриб, умумий меросдан бу нарсаларни қилиб юбориш жоиз эмас.
Жаноза маросимига келган аёллар ўзларини жуда одоб билан тутишлари, хонадон эгаларига ноқулайлик туғдирадиган вазиятларни келтириб чиқармасликлари, ўзлари учун ҳозирланган ерда бўлишлари, зарур бўлган нарсаларга аралашмасликлари, Аллоҳнинг зикри билан банд бўлишлари мақсадга мувофиқ.
Таъзияга борганда то майит дафн қилингунга қадар таҳлил (“Лааа илаҳа иллаллоҳ”) айтилади. Дафн этилгандан сўнг Қуръони каримдан қироат қилинади ва савоби марҳумга бағишланади. Ўтганнинг ҳаққига дуо ўқиб, гуноҳлари учун истиғфор айтиш, яқинларига чиройли сабр тилаш жоиз.
Яқин инсонини йўқотган – мусибат етган инсоннинг ажри улуғ ҳисобланади, шунинг учун уларга “Аззамаллоҳу ажрокум” (Ажрингизни улуғ қилсин) ибораси айтилади. Чунки етган мусибатнинг қадарича ажр ваъда қилинган. Бу ўринда “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожииуун” (“Биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтувчимиз”) оятини ўқиш ҳам жоиз қилиб белгиланган.
Умму Салама розиёллоҳу анҳу айтадиларки, завжлари Абу Салама вафот этганларида Пайғамбаримиз с.а.в. унга чиройли сабр қилиб, “Аллоҳумма ажурний фий мусибати вахлуфний хойрон минҳа” деб дуо қилишни айтадилар (яъни, Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бергин ва ўрнига ундан афзалини бергин). Шунда Умму Салама кўнгилларида: “Жуфти ҳалолим Абу Саламадан яхшиси бўлармиди?” деган фикрни ўтказадилар. Аммо вақт-соати келиб Яратган бу аёлни Пайғамбаримиздек зотнинг завжаси бўлиш бахтига муяссар айлаган.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Шерзод Эгамбердиев.
Ушбу материал Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан диний экспертизадан ўтказилиб, тарқатишга рухсат этилган.
Мавзуга оид
12:00 / 12.01.2022
Эр-хотин масъулияти ва бурчи — Исломда оилавий муносабатлар ҳақида
14:43 / 07.11.2021
Йўл қоидаларига амал қилиш вожиб – Исломда йўл ҳаракати фиқҳи китоби муаллифи билан суҳбат
14:24 / 24.09.2021
Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Қизларни ўқитиш жамиятдаги аёллар билан боғлиқ муаммоларга ечим бўлади»
20:46 / 01.05.2021