Ўзбекистон | 13:08 / 24.10.2021
5077
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда сурхондарёлик ҳайдовчи ухлаб қолиб ЙТҲ содир этди. Икки киши вафот этди, олти киши шифохонага ётқизилди

Фото: видеодан кадр ИИВ ахборот хизмати

Жиззахда ҳайдовчининг ухлаб қолиши ортидан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши вафот этган. Яна олти киши шифохона жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 16 октябр куни соат 3:00ларда М39 Алмати-Тошкент-Термиз автомобил йўлининг Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидан ўтган 989-километрида одам ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлган.

Сурхондарё вилояти Ангор тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи ҳайдовчи ўз бошқарувида бўлган Cobalt машинасини Термиз-Тошкент йўналишида бошқариб келаётиб қарама-қарши йўналишда келаётган Бухоро шаҳрида яшовчи ҳайдовчи бошқарувида бўлган Chevrolet Optra русумли машинага бориб урилган.

Фото: видеодан кадр ИИВ ахборот хизмати 

Оқибатда, Chevrolet Optra ҳайдовчиси ва унинг бир нафар йўловчиси оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Бундан ташқари, Chevrolet Optra машинасининг икки нафар йўловчиси, шунингдек, Cobalt ҳайдовчиси ҳамда унинг тўрт нафар йўловчиси турли даражада тан жароҳати олиб шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Дастлабки суриштирувларда аниқланишича, Cobalt ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолган ва бошқарувни йўқотган. Натижада, машина йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб Chevrolet Optra билан ўзаро тўқнашган.

Мавзуга оид