Жаҳон | 22:30 / 28.10.2021
4357
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ халқаро ҳамжамиятни коронавирусга қарши курашга 23 млрд доллар ажратишга чақирди

Фото: www.hd.se

ЖССТ дунёда коронавирусни диагностика қилувчи воситалар ва дори-дармонлардан фойдаланишни таъминлаш мақсад қилинган ACT-Accelerator ҳамкорлиги учун халқаро ҳамжамиятдан 23,4 млрд доллар ажратишни сўради. ЖССТнинг Женевадаги бош қароргоҳида таъкидланишича, талаб этилаётган сумма пандемия олиб келаётган “триллионлаб доллар” йўқотишлар ва давлатлар иқтисодиётини тиклашга сарфланаётган харажатлар олдида “ҳеч нарса эмас”.

Халқаро ташкилотда маълум қилинишича, дунёда қўлланаётган барча тестларнинг фақат 0,4 фоизи ва вакциналарнинг 0,5 фоизи паст даромадли давлатлар улушига тўғри келган, ваҳоланки ушбу давлатларда дунё аҳолисининг 9 фоизи яшайди.

ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус пандемияга чек қўйиш учун давлатлар, ишлаб чиқарувчилар ва ҳомийлар ACT-Accelerator’ни молиялаштириши кераклигини айтган. Бу вакциналар тестлар ва даволашда тенгсизлик муаммосини ҳал қилиш учун лозим. ЖССТда ACT-Accelerator’нинг стратегик режаси 5 млн ўлимнинг олдини олишга ва жаҳон иқтисодиётининг тикланишига ёрдам бериши айтилмоқда.

“COVID-19’га қарши воситаларни олиш жадаллаштиргичи” (ACT-Accelerator) деб номланган халқаро ҳамкорлик ЖССТ, Европа иттифоқи, Франция ҳамда саховатпешалар Билл ва Мелинда Гейтс томонидан 2020 йил 24 апрелда йўлга қўйилган. У коронавирусни бартараф этиш, диагностикалаш ва даволаш бўйича хавфсиз ва самарали технологияларни ишлаб чиқиш ва қўллашни кўзда тутади.

Мавзуга оид