Ўзбекистон | 16:23 / 30.10.2021
5045
2 дақиқада ўқилади

2021 йилнинг 9 ойида Тошкент судларида 110 та оқлов ҳукми чиқарилган

2021 йил 29 октябр куни Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ташкил этилди.

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Туробовнинг маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида 6 минг 159 нафар шахсга нисбатан 4 минг 852 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 1 минг 940 тага (40 %), жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 2 минг 434 нафарга (39,5 %) кўпайган.

Туробовнинг айтишича, пандемия бошида судларда ишлар бир муддат кўрилмагани сабаб жорий йилдаги кўрсаткичлар ўтган йилгидан кескин юқори кўринмоқда ва бу жиноятчилик кескин ошганидан далолат бермайди.

Судлар томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида жами 110 ҳолатда оқлов қарорлари чиқарилган, 1 минг 51 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган. Жиноят оқибатида етказилган 195,8 млрд сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 354 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Судланган шахсларнинг 552 (11,3 %) нафарига жарима, 1 минг 115 (22,8 %) нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1 минг 130 (23,1 %) нафарига озодликни чеклаш, 1 минг 723 (35,2 %) нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 69 (1,4 %) нафарига мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланган бўлса, 147 (3 %) нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Судланганларнинг 481 нафарини (9,8 %) аёллар, 100 нафарини (2 %) вояга етмаганлар, 2 минг 197 нафарини (45 %) ёшлар, 97 нафарини (1,9 %) 60 ёшдан ошган эркаклар, 37 нафарини (0,7 %) чет эл фуқаролари ва 23 нафарини (0,4 %) тадбиркорлар ташкил этган.

Мавзуга оид