Сурхондарёда қарздорлик туфайли 17 минг 110 нафар шахсга хорижга чиқишга тақиқ қўйилгани маълум қилинди
Сурхондарё вилоятида 17 минг 110 нафар қарздорга нисбатан хорижга чиқишга тақиқ қўйилган. Бу ҳақда 2021 йил 29 октябрь куни МИБ вилоят бошқармаси томонидан ўтган 9 ойда амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинган.
Қайд этилишича, МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг қўйи тизимлари томонидан вилоятда 17 минг 110 нафар қарздорга нисбатан хорижга чиқишга тақиқ қўйилган, 803 нафар қарздорга қидирув эълон қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги 808-сон қарорига асосан алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаганлик учун 91 нафар алимент тўловчиларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқлари тиклаб берилган.
Шунингдек, Ўзбекистондан чиқиб кетувчи расмий делегация таркибига киритилгани муносабати билан судлар томонидан бекор қилинган 311 нафар қарздорга хорижга чиқишга қўйилган тақиқ бекор қилинган.
Таъкидланишича, бошқарманинг қидирув шуъбаси томонидан 2021 йил 9 ойи давомида 803 нафар қарздорга ва 122 та автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинган. Олиб борилган қидирув тадбирлари давомида 475 нафар (шундан, 467 нафари алимент қарздорлари) қарздор шахс топилиб, улардан 368,7 миллион сўм алимент қарзлари ундирилган. Қидирувда бўлган 122 та автотранспорт воситаларидан 96 таси топилиб, улар бўйича қарздорлардан жами 55 миллиард 134,7 миллион сўм қарз ундирилган.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини ихтиёрий бажармаган 918 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.