Спорт | 12:05 / 30.10.2021
52523
5 дақиқада ўқилади

Видео: Жиззахдаги футбол учрашувида оммавий муштлашув рўй берди

Жиззахдаги ўйин охирида футболчилар асабларини жиловлай олишмади, ўйинда жами 11 футболчига сариқ карточка кўрсатилган.

Ўзбекистон Кубогининг 1/4 финали доирасида Жиззахда бўлиб ўтган ўйинда «Сўғдиёна» «Насаф»ни қабул қилди. 

Учрашув мезбонларнинг 0:1 ҳисобидаги мағлубияти билан тугади, ўйиндаги ягона гол 54-дақиқада «Насаф» вакили Шоҳмалик Комилов томонидан пенальтидан урилди ва қаршиликлар ушбу учрашув натижасига кўра (чоракфинал бир ўйиндан иборат) яримфиналга йўл олди.

Ўйин асабий руҳда кечди, бош ҳакам жами 11 футболчига сариқ карточка кўрсатди.

Ўйиннинг охирги дақиқалари асабий руҳда кечди, 90-дақиқада майдон марказида «Насаф» ҳимоячиси ва клуб сардори Умар Эшмуродов «Сўғдиёна» ҳужумчиси Баҳодир Насимовни боши билан зарба бериб, йиқитди. Аммо бу вазиятни бош ҳакам Илгиз Танташев эътиборсиз қолдирди. Ўйинда VAR йўқ эди, акс ҳолда қаршиликлар ҳимоячиси қизил карточкага лойиқ топилиши мумкин эди. 

Айнан шу ҳолат ўйин якунлангач, оммавий тартибсизликка сабаб бўлди. Эшмуродов, шунингдек, жиззахликлар клуби бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан тортишиб қолган. Шундан сўнг маҳаллий мухлислар стадион туннелига кираётган Эшмуродовга қарата турли буюмларни улоқтирган. Тартибни сақлаш ходимлари орани очиқ қилишга ўтган футболчиларни ажратишга уринган. 

Видеоларда келишмовчилик стадион туннелида ҳам давом этганини кўриш мумкин.

«Эшмуродов ва Насимов ўртасида келишмовчилик аввал ҳам бўлган»

Ўйиндан кейин дастлаб қаршиликлар жамоаси устози Рўзиқул Бердиев журналистлар саволларига жавоб қайтарди. У можаронинг асосий иштирокчилари - Умар Эшмуродов ва Баҳодир Насимов ўртасида аввалдан келишмовчилик бўлгани ҳақида айтди.

«Сўғдиёна» ўзи курашувчан жамоа, рақибга ҳам кураш таклиф қилади. Бугун футболчиларга курашларда ютқазмаслик ҳақида кўрсатма берилганди. Ўйин давомида тартибли ҳаракат қилдик. Айнан шунинг эвазига ютдик, деб ўйлайман.

Ҳа, ўйин олдидан ОФК кубоги ҳақида ҳам ўйлагандик. Чунки бор эътиборимиз бу турнир ғолиблигига қаратилган. Шу боис бугун аксарият ўйинчиларни захирада қолдирдик. Чунки кучни турнирларга тўғри тақсимлашимиз керак. Йигитлар ишончни оқлашди.

Умар Эшмуродовни интизомий жазога тортаманми? Бу футбол. Ўйин ҳиссиётларга бой ўтди. Билсанглар, Баҳодир Насимов ва Умар Эшмуродов ўртасида олдин ҳам келишмовчилик юз берганди. Улар ёш футболчи эмас, бу борада чуқурлашмадик. Бу футболчилар мағлубиятни ҳам, ғалабани ҳам тўғри қабул қилишларига умид қиламан. Эшмуродов билан алоҳида гаплашиб оламиз. Бугун у ҳиссиётларини жиловлай олмагандир, аммо чегарадан чиқиб кетгани йўқ», дея Рўзиқул Бердиевнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Мезбонлар устози Улуғбек Бақоев ўйин охиридаги вазиятга ортиқча тўхталмади. У ҳакамларга эътирози йўқлиги, фақат футболчиларга эътирози бўлиши мумкинлигини айтди.

«Ҳакамларга баҳо берадиган қўмита бор. Ҳозир бунга изоҳ беришим қийин», деди у.

ПФЛ ҳозирча ҳолат юзасидан расмий маълумот бермади.

Ўзбекистон Coca-Cola кубоги.

Чорак финал. 29 октябрь, жума

СЎҒДИЁНА – НАСАФ - 0:1 (0:0)

Жиззах. «Сўғдиёна» стадиони. 2450 томошабин.

Ҳакамлар: Илгиз Танташев, Расулжон Фозилов, Максим Нехочин, Илья Ильин

Назоратчи: Александр Попов

Комиссар: Жаҳонгир Раҳматуллаев.

Гол: Шоҳмалик Комилов, 54-пен. (0:1).

«Сўғдиёна»: Милан Митрович, Элёр Орифов, Аюбхон Нўъмонов (Баҳодир Насимов, 63), Искандар Шайкулов (Жасур Ҳакимов, 81), Жамшид Болтабоев, Шоҳруз Норхонов (Дарко Станоевич, 82), Шаҳбоз Жўрабеков, Эргаш Исмоилов (Жавоҳир Қаҳрамонов, 46), Лука Чермель, Саҳоб Рашидов (Жасур Ҳасанов, 46), Марко Колакович.

«Насаф»: Азамат Сойибов, Алибек Давронов, Ғолиб Ғайбуллаев, Муродбек Раҳматов (Баҳром Абдураҳимов, 68), Дониёржон Нарзуллаев (Ойбек Бозоров, 68,), Жўрабек Маннонов, Ҳусайн Норчаев (Андрия Калудерович, 68), Суҳроб Нуруллоев, Шерзод Насруллаев, Шоҳмалик Комилов (Умарбек Эшмуродов, 86), Марко Станоевич (Акмал Мозговой, 68)

Огоҳлантиришлар: Саҳоб Рашидов, 24, Аюбхон Нўъмонов, 40, Лука Чермель, 42, Жамшид Болтабоев, 65, Искандар Шайкулов, 70, Элёр Орифов, 85, Жавоҳир Қаҳрамонов, 90+4 - Азамат Сойибов, 56, Ғолиб Ғайбуллаев, 73, Баҳром Абдураҳимов, 76, Суҳроб Нуруллоев, 90+3.

Мавзуга оид