Ўзбекистон | 15:59 / 31.10.2021
29286
4 дақиқада ўқилади

Она ўлими билан боғлиқ ҳодиса вазирдан бекитилгани иддао қилинди. Вазир ўринбосари изоҳ берди

Туғруқдан кейинги она ўлими ҳақидаги хабар соғлиқни сақлаш вазирига етиб боришига гўёки унинг ўринбосари тўсқинлик қилгани ҳақида хабар тарқалди. Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова Kun.uz'га берган изоҳида вазият нотўғри талқин қилинаётганини айтди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда cоғлиқни сақлаш вазирига юборилган хат унинг ўринбосари томонидан тўхтатиб қолингани айтилган хабар тарқалди.

Хатда 2021 йилнинг 17 май куни Тошкент вилояти кўп тармоқли шифохонасида 23 ёшли ҳомиладор аёл вафот этгани, аёлнинг ўлимига туғруқдан кейинги ўткир юрак ва буйрак-жигар етишмовчилиги ҳамда бошқа бир нечта омиллар сабаб бўлгани айтилган.

ССВнинг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси ёзган хатга вазир ўринбосари Элмира Боситхонованинг имзоси билан жавоб ёзилган бўлиб, жавобда хатни вазирга киритмаслик ва бош акушер-гинеколог ҳамда 2 нафар профессор ёрдамида танқидий руҳда ўрганиб, хулоса бериш лозимлиги ёзилган.

Хатдаги Боситхоновага тегишли “Вазирга киритилмасин” жумласи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътиборини тортмоқда. Тармоқда хабар тарқатганлар вазир ўринбосарини аёлнинг ўлими билан боғлиқ ишни “ёпди-ёпди” қилишда айбламоқда.

Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Элмира Боситхонова билан боғланди. У ўз изоҳида Тошкент вилоятидаги шифохонада ҳақиқатан ҳам шундай ҳолат юз берганини айтиб, унинг хатга жавоби нотўғри талқин қилинганини билдирди.

“Бошқарма бошлиғи томонидан берилган маълумотни соғлиқни сақлаш вазирига чуқур ўрганиб, сабаблар ва таҳлиллар асосида киритиш лозим. Масала оналар ва болалар ўлими ҳақида кетар экан, юзаки хулосаларга таянмасдан чуқур ўрганиш керак. Бу ўрганиш ишларини бош акушер-гинеколог билан бирга 2 профессор олиб бориши кераклиги ҳақида топшириқ берилган. Ўлим сабаблари чуқур ўрганилиб, кейин вазирга ҳисобот бериш кераклиги назарда тутилган.

30 йиллик тажрибага эга анестезиолог-реаниматолог сифатидаги дастлабки хулосам – ўлим сабаби кўрсатилмагани, барча ҳолатга профессионал текширув зарурлиги бўйича бошқарма бошлиғига муҳим топшириқ берганман. Бунда ҳеч қандай нотўғри ёки шов-шувга сабаб бўладиган ҳолат йўқ.

Гўдаклар ва оналар ўлими билан боғлиқ ҳар бир ҳолат бекитиладиган нарса эмас. Қонунда ҳам, тиббиётда ҳам ҳар бир ўлим ҳолати сабаблари таҳлил қилиниб, чора кўрилади ва бу кейин юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга ечим бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам бу ҳолни бекитиш ёки “ёпди-ёпди” қилишдан бирор инсон манфаатдор эмас.

Эътибор берилса, хатда “критик” сўзи алоҳида қайд этилган. Бу ёзувни қайд этишдан мақсад ниманидир хаспўшлаш ёки бекитиш эмас. Бундай нотўғри хулосалар қилиш бу вазиятни нотўғри талқин қилиш деб ўйлайман”, деди Боситхонова.

Хатдан кўринишича, аёлнинг ўлими 2021 йилнинг 17 май куни содир бўлган. Орадан ўтган деярли ярим йил мобайнида ҳолат ўрганилгач, натижаси нима бўлган?

Kun.uz мухбирининг бу саволига жавобан Элмира Боситхонова 23 ёшли ҳомиладор аёлнинг ўлими сабаблари 3 нафар тиббиёт фанлари доктори ва профессорлар ўрганганини айтди.

“Ўлим сабаблари чуқур ўрганилди. Хулосаларни олдик ва айбдор шахслар ўз жазосини олди. Инсон ҳаёти билан боғлиқ бундай ҳолатлар қайта содир бўлишининг олдини олиш мақсадида бу тиббий таҳлил бутун республикадаги туғруқ комплексларига кўрсатма хати билан биргаликда етказилган”, деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.

Мавзуга оид