Жамият | 18:40 / 31.10.2021
6468
2 дақиқада ўқилади

Танқидга муносабат: Термиз шаҳар ҳокимлиги маблағ ажратилсагина муаммо 2022 йилнинг учинчи чорагида ҳал қилинишини билдирди

Фото: Kun.uz

Жорий йил 12 октябр куни Kun.uz’да Термиз шаҳар «Мангузар» МФЙда жойлашган 2 қаватли уйлар канализацияга уланмагани ортидан аҳоли азият чекаётгани ҳақида танқидий мақола берилган эди. Термиз шаҳар ҳокимлиги мақола юзасидан билдирган муносабатида маблағ ажратилсагина муаммо 2022 йил учинчи чоракда ҳал қилинишини маълум қилди.

Муносабатда ёзилишича, Термиз туман Мангузар маҳалласи ҳудудида қурилган 8 та 2 қаватли уй (кейинчалик мазкур уйлар қурилган маҳалла Термиз шаҳар ҳудудига ўтказилган) қурилган вақтда лойиҳа смета ҳужжатларида оқова сув тармоқлари марказий канализация тармоқларига уланиши кўзда тутилмаган.

Ушбу муаммони ҳал этиш юзасидан Термиз шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бироқ Мангузар маҳалласи ҳудудидаги икки қаватли турар жой биноларидан шаҳарнинг марказий оқова сув тармоғига уланиши бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар қилинганда лойиҳа қиймати 2,5-3 миллиард сўмни ташкил этиши маълум бўлган.

Қайд этилишича, ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф ишлаб чиқилиб, 2022 йилда Инвестиция дастури доирасида амалга ошириладиган ижтимоий инфратузилма ва муҳандислик коммуникациялари тармоқларини таъмирлаш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар манзилли дастурига таклиф киритилиб, тегишли вазирликлар ҳам хабардор қилинган.

«Дастур тасдиқланиб, маблағ ажратилгандан сўнг ушбу лойиҳа 2022 йилнинг 3-чорагида амалга оширилиши маълум қилинади. Шунингдек ушбу лойиҳа амалга оширилгунча, шаҳар ҳокимлиги ҳамда «Сурхондарё сувтаъминот» МЧЖ биргаликда график асосида алоҳида махсус чуқур (яма)лардаги оқова ва чиқинди сувлар махсус автотранспорт воситалари орқали олиб чиқиб кетилаётганини маълум қиламиз», дейилади муносабатда.

 

Мавзуга оид