Дунёда 13 йил давомида селфи олиш вақтида 400га яқин одам ҳалок бўлган
Ҳиндистон селфи олиш вақтида ҳалок бўлганлар сони бўйича етакчилик қилмоқда. Дунёда селфи вақтидаги бахтсиз ҳодисаларни ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқот ҳаётга хавфли тарзда суратларни олиш вақтида ҳар ҳафта бир киши ҳалок бўлишини кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, 2008 йилдан 2021 йилгача дунёда ўзини суратга олишга уриниш вақтида камида 379 киши ҳалок бўлган. Бундан Journal of Travel Medicine нашрида чоп этилган тадқиқот маълумотлари дарак бермоқда.
Foundation iO ташкилоти таҳлилчиларининг таъкидлашича, пандемия бошланганда селфи олиш билан боғлиқ ўлимлар сони қисқарган, бироқ эпидемиологик вазият яхшиланиши билан яна кўпая бошлаган. Жумладан, 2021 йилнинг дастлабки 7 ойида селфига тушиш вақтида 31 киши ҳалок бўлган. Бу эса ўртача бир ҳафтада бир ўлим деганидир.
Олимлар селфи вақтидаги ўлимларни ўрганишда Heimdllr-Project деб номланган эпидемиологик разведка усулидан фойдаланишган. Ушбу усул интернетда бу турдаги бахтсиз ҳодисалар ҳақидаги барча ахборотни топа олади. Шу билан бирга, ушбу усул селфи вақтида ўлимга олиб келмаган ва ОАВда эълон қилинмаган бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олмайди.
Селфи вақтидаги ўлимлар ҳақидаги хабарлар 50 та давлатга тааллуқли бўлган. Бундай ўлимлар сони бўйича Ҳиндистон етакчилик қилмоқда – 100 ўлим. Кейинги ўринларни АҚШ (39 та ўлим ҳолати) ва Россия (33 та) эгалламоқда. Антирейтингнинг юқори ўринларидан Покистон, Бразилия, Австралия, Испания, Индонезия, Мексика, Боливия ва Британия ҳам жой олган
Тадқиқотчилар сайёрамизда ёрқин селфи олиш ихлосмандлари учун энг хавфли 10 та жойни ҳам аниқлашган. Бу жойлар: Ниагара шаршараси (АҚШ/Канада), Глен-Каньон (АҚШ), Чарко-эл-Бурро (Колумбия), Пеня-Бич (Бразилия), Мланго шаршараси (Кения), Урал тоғлари (Россия), Тож-Маҳал ва Даудпатри водийси (Ҳиндистон), Нуса Лембонган ороли (Индонезия) ва Лангкави архипелаги (Малайзия).
Тадқиқотга кўра, кўпчилик одамлар селфи олиш вақтида шаршара, тоғ ёки томдан тушиб кетиш оқибатида ҳалок бўлган – 216 та ўлим. Яна 123 киши йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланган, 66 киши чўкиб кетган, 24 киши ўқотар жароҳат, 24 киши ток уриш, 17 киши эса ёввойи ҳайвонлар ҳужуми оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Шунингдек, селфи қурбонларининг учдан икки қисмини эркаклар, 41 фоизини 19 ёшгача, 37 фоизини эса 20 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар ташкил қилган.
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
17:51 / 05.11.2024