Жамият | 16:54 / 02.11.2021
20459
6 дақиқада ўқилади

Муолажага ўзбекча ёндашув: уйда «укол» олиш доим ҳам фойдали эмаслиги ҳақида

Ангренда 11 яшар қизнинг «Цефтриаксон» дори воситасидан юзага келган аллергик реакция туфайли ўлими кўпчиликни ларзага солди. Беғубор бир гўдак нобуд бўлди. Она боласидан айрилгани етмаганидек энди бутун умр қилган хатоси ҳақида ўйлашга мажбур бўлади.

Фото: Allergy.org.ua/Kun.uz

Бемор қизалоққа «укол» уй шароитида қилингани ва дори воситаси ҳеч қандай синамасиз (пробасиз) юборилгани маълум бўлди. Боланинг яқинлари у аввал ҳам шу препаратдан қабул қилгани ва ножўя ҳолат кузатилмаганини айтишди, аммо барибир «укол» қилишдек муҳим муолажа, бунинг устига ёш болага, шифокор назоратисиз ўтгани тўғри эмас.

Афсуски, бу каби ҳолатлар кам учрайди, деб бўлмайди. Дунёда анафилактик шок туфайли ҳар йили минглаб одам нобуд бўлади. Дори воситаларини қабул қилишда бизнинг муносабатимиз ҳам ҳавас қиларли эмас...

Анафилактик шок атамасини рус-француз олимлари Александр Безредка ва Шарль Рише муомалага киритган ҳамда бу ҳолатни батафсил ўрганганлари учун олимларга 1913 йилда физиология ва медицина йўналишида Нобель мукофоти берилган. Бугун дунё бўйлаб йилига ҳар 100 минг одамга тахминан 5 та анафилактик шок ҳолати тўғри келади. Бу кўрсаткич кескин ошган йиллар ҳам бўлган. 1980-йилларда ҳар 100 минг одамга 20 та, 1990-йилларда ҳатто 50 тагача ҳолат тўғри келган. Бу қадар кескин ўсиш сабаби сифатида асосан озиқ-овқат аллергияси кўрилади. Анафилактик шокка олиб келувчи аллергияга асосан аёллар ва ёш йигитлар мойил бўлади.

Ўтмишда анафилактик шокнинг асосий сабабчиси организмга табиий заҳарнинг (илон заҳри, заҳарли егулик) тушиши бўлган бўлса, бугунги кунга келиб дори воситаларидан кучли аллергик реакция тобора кўпроқ кузатилмоқда. Бу ҳам инсон организмининг кимёвий моддаларга ўзига хос жавоби билан изоҳланади. Дори воситалари туфайли келиб чиққан аллергия бу иккиламчи реакциядир. Яъни организм қачондир бу воситани «эслаб қолган» бўлади-да, унинг қайта қабул қилиниши тезкор ва жиддий реакцияга сабаб бўлади.

Аллергия ва унинг ортидан анафилактик шок ҳолатларининг эътиборга молик жиҳати шундаки, улар 10 ва ҳатто 20 фоизгача ҳолатларда ўлим билан якунланади!

Кескин аллергия чақирувчи дори воситалари орасида антибиотиклар ўзига хос етакчи. Бунда бир неча сониядан бошлаб бир неча соатгача вақт орасида белгилар юзага келиши мумкин. Беморнинг баданида кўкаришлар, шиллиқ қаватида қизаришлар, шишлар ва бўғилиш каби яққол белгилар пайдо бўлади. Беморнинг аҳволи шу қадар шиддат билан ёмонлашадики, кўп ҳолларда шифохонага етиб бормай ёки тез ёрдам келгунига қадар бир неча дақиқа ичида юраги уришдан тўхтаб қолиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳам анафилактик шок юзага келиши бўйича жиддий хавф мавжуд ва деярли барча бу жараёнга алоқадор. Чунки жуда кўпчилик кимдандир эшитган дорисини дорихонадан ҳеч қандай рецептсиз сотиб олиши мумкин. Шприц, қўшимча эритмаларни олишда ҳам бирор муаммо йўқ. Энг қизиғи – ҳамманинг ҳамшира таниши ёки қўлидан инъекция қилиш келадиган қариндоши бор. Эски тажрибага кўра дори дарҳол тортилади ва беморга шартта укол қилиб юборилаверади.

Бу эса замонавий тиббиёт талабларига кўра даҳшатнинг ўзгинаси. Ривожланган давлатлар медицинаси тиббий ваколати бўлмаган одамнинг уй шароитида, яна синамаларсиз (пробасиз) укол қилишини тасаввур ҳам қила олмайди. Чунки ҳар қандай инъекция, айниқса, антибиотиклар жўнатиш анча мураккаб жараён ва уни стационардан бошқа жойда бажариш мумкин эмас.

Шу ўринда кўпчиликни синамалар қандай қилиниши қизиқтириши мумкин. Аслида буни ўргатиш ҳам нотўғри, чунки синамалар қандай қилиниши билиб олиш билан бемалол укол қилавериш мумкин, деган тасаввур ўйғонмаслиги керак. Лекин энг зарур шароитлардагина, бошқа илож қолмаганида бажариш учун эслаб қолиш мумкин.

Энг осон синамалар терини қириш ёки дори воситасини тери ичига юбориш йўли билан амалга оширилади. Бунинг учун аввало бемор бу дори воситасини қабул қилган-қилмагани, қабул қилганида қандай реакция бергани суриштирилади. Агар олдин реакция кузатилган бўлса, ҳар қанча зарурат бўлмасин, инъекция қилишни тўхтатиш, зудлик билан беморни стационар шароитдаги касалхонага олиб бориш зарур.

Агар олдин беморда салбий реакция кузатилмаган бўлса, энг кўп тарқалган усул қўлланади: дори воситасини максимал оз миқдорда, игнанинг учини киритган ҳолда тери ичига жўнатиш ва ўртача 20 минут кузатиш зарур. Агар дори киритилган жойда қаттиқ қичишиш, шиш, қизариш ёки оғриқ каби белгилар пайдо бўлса, инъекция қилиш тўхтатилади. Шу билан бирга игна учи билан терининг маълум қисми қирилиб, доридан бир томчи томизилиши ҳамда реакция кузатилиши мумкин. Лекин бу усул кам қўлланилади.

Энг муҳим жиҳат – жиддий муолажа сифатида қараладиган «укол қилиш»га ҳозирги ёндашувимизни бутунлай ўзгартиришимиз шарт. Ангрендаги ҳолат ҳаммага сабоқ бўлиши лозим. Кимгадир ёрдам бериш истаги жиддий жавобгарликка сабаб бўлиш билан бирга бутун умрлик виждон азобига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид