Жамият | 20:32 / 02.11.2021
18006
3 дақиқада ўқилади

Талабалар бир ойда ўртача қанча пул сарфлайди? — кичик сўровнома

Нега талабалик «олтин давр» деб таърифланади? Курсдошлар билан ўтказилган вақт ёки олийгоҳда олинган билимлар учунми? Балки, талабанинг чиқимлари олтинга менгзалгандир? Айниқса, вилоятдан Тошкентда келиб ўқиётганларнинг харажатлари...

Фото: uz.undp.org

Kun.uz таҳририяти пойтахтда ўқийдиган талабаларнинг бирламчи харажатларга бир ойда қанча пул сарфлашларини аниқлаш мақсадида кичик сўровнома ўтказди. Унда турли олий таълим муассасалари талабалари иштирок этишди. Уларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилинди:

1. Бир ойда ижара учун қанча тўлов қиласиз?

2. Озиқ-овқат ва тушлик учун қанча пул сарфлайсиз?

3. Автотранспорт ва алоқа хизматларига қанча пул ишлатасиз?

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида ўртача икки хонали уйни 4–6 киши 200–300 долларга ижарага олиш мумкин. Шунда бир кишига ўртача бир ойлик яшаш 50 долларга тушади. Бу 535 минг сўм дегани.

Энди талабанинг бир кунлик чиқимини ҳисобласак.

Бир кунда ўқишга бориб келиши учун 2800 сўм (фақат битта транспортда қатнаганда) сарфлайди. Тўғри овқатланиш тартибига риоя қилинса, эрталабки нонушта учун 15 минг сўм, тушлик учун 20 минг сўм, кечки овқатга эса 25 минг сўм пул сарфланади. Шунда бир кунда 62,8 минг сўм чиқим қилиняпти. Бу бир ойга кўпайтирилса — 1 млн 884 минг сўм дегани. Квартира пули билан эса 2 млн 419 минг сўмни ташкил этади. Бу тахминий ҳисоб-китоблар.

Энди талабаларнинг бир ойлик реал харажатлари билан танишинг. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, талабаларнинг бир ойлик ижара тўловлари кўпи билан 642 минг сўмни, энг кам миқдорда эса 135 минг сўмни (ТТЖ учун) ташкил этмоқда. Бир ойлик озиқ-овқат ва тушлик учун талабалар энг камида 240 минг сўм сарфлашса, бошқалар 1,5 млн сўмгача пул ишлатишади. Алоқа ва интернет учун ҳар ойлик тўловларнинг минимал миқдори 17 минг сўм, максимал миқдори эса 100 минг сўм. Транспорт хизматлари учун энг камида 63 минг сўм йўл ҳақи тўланади. Автобус ва метродан ташқари, таксидан фойдаланувчилар 500 минг сўмгача харажат қилишади.

Умумий ҳисобда уларнинг ўртача миқдори қуйидагича:

1. Ижара тўлови: 535 минг сўм;

2. Озиқ-овқат ва тушлик учун харажат: 500 минг сўм;

3. Алоқа воситалари учун тўлов: 50 минг сўм;

4. Йўл ҳақи: 83 минг сўм.

Шунингдек, сўровномада талабаларнинг қўшимча харажатлари ҳам ўрганилди. Улар асосий харажатлардан ташқари, турли тил ўрганиш курсларига, кийим-кечаклар ва аксессуарлар сотиб олишга ҳам пул сарфлашади. Шунга кўра, бирламчи ва иккиламчи харажатларни қўшиб ҳисоблаганда, энг камчиқим талаба бир ойда 1 млн сўм, энг кўп харажат қилувчи талаба эса 6 млн сўм атрофида пул ишлатади. Ўртача харажат қилувчиларга бир ой учун 2 млн сўм етарли бўлади.

Қўшимча қилиб айтиш мумкинки, талабалар орасида аллақачон ўз соҳаси бўйича иш бошлаган ва яхшигина даромад олаётганлар бор. Улар бошқаларга нисбатан кўпроқ харажат қилишади.

Жавоҳирбек Турсунов тайёрлади.

Мавзуга оид