Ўзбекистон Америка давлатлари ташкилоти ҳузуридаги доимий кузатувчи мақомини олди
Америка давлатлари ташкилоти (АДТ) доимий кенгаши Ўзбекистонга доимий кузатувчи мақомини берди, деб хабар бермоқда «Дунё».
АДТ Шимолий ва Жанубий Американинг 35 давлатидан ташкил топган. Ўзбекистон ғарбий ярим шардаги энг узоқ тарихга эга халқаро ташкилотнинг 73-доимий кузатувчиси бўлди.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов АДТ доимий кенгаши раиси Жошуа Фиажо билан учрашув ўтказди. Тадбирда томонлар минтақавий ва глобал хавфсизлик устувор йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари ва демократик эркинликларни таъминлаш, шунингдек, минтақавий иқтисодий интеграцияни рағбатлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Қўмитанинг ихтисослаштирилган муассасалари ва аффилланган тузилмалари билан қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация, фан-таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари алоҳида муҳокама қилинди.
Жошуа Фиажо Ўзбекистоннинг Лотин Америкаси ва Кариб денгизи мамлакатлари билан савдо ва сармоя соҳасида ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатиш учун ташкилот платформасидан фойдаланиш истагини қўллаб-қувватлади.
Америка давлатлари ташкилоти 1948 йил Пан-Америка иттифоқи (1889 йилда тузилган) негизида ташкил этилган. АДТ ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш мақсадларига хизмат қилади. АДТ ҳузуридаги Доимий кузатувчилар институти 1971 йилда ташкил этилган. Ташкилот бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган.
Мавзуга оид
13:27 / 15.09.2021
ЕХҲТнинг 250 нафар кузатувчиси Ўзбекистонга келади
12:38 / 03.07.2021
Ўзбекистонга Америка давлатлари ташкилоти ҳузуридаги доимий кузатувчи мақоми тақдим этилмоқда
07:33 / 19.09.2018
Венесуэла президенти Америка давлатлари ташкилоти бош котибини “чиқинди” деб атади
20:54 / 22.05.2018