Жаҳон | 21:33 / 05.11.2021
21337
4 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяга очарчилик хавф солмоқда

Шимолий Кореядаги озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ асосий муаммо қишлоқ хўжалигида замонавий асбоблар етишмаслиги ва иқлим ўзгаришининг аянчли таъсири билан изоҳланмоқда.

Фото: AFP/Johannes Eisele

Жанубий Кореяга ўтиб кетган қочқинларнинг маълум қилишича, Корея яриморолининг шимолидаги оилалар очлик билан юзма-юз келишмоқда. Қиш яқинлашар экан, заиф одамларнинг очликдан ўлиб қолиш хавотир ва хатарлари ортмоқда.

Шимолий Кореяда манбаларига эга Daily NK газетаси бош муҳаррири Ли Санг Йонгнинг маълум қилишича, мамлакатда етим болалар сони ортган, ўлим ҳолатлари кўпайган.

«Шимолий Кореядаги қуйи табақалар тобора кўпроқ азоб чекмоқда, чунки озиқ-овқат танқислиги кутилганидан ҳам ёмонроқ», дейди Ли Санг Йонг.

Covid-19 сабаб мамлакат чегаралари ёпилиши натижасида Шимолий Кореядан маълумот олиш қийинлашиб кетган.

Рухсатсиз уяли телефон билан ушланган ҳар бир киши меҳнат лагерига ташланиши мумкин. Шунга қарамай, баъзилар ҳануз ўз яқинларига ва Сеулдаги нашрларга хат ёки овозли почта хабари юборишга ҳаракат қилишмоқда.

«Ҳар битта гуруч донаси қадрланади»

Шимолий Корея анча пайтдан бери озиқ-овқат тақчиллиги билан курашиб келади, аммо пандемия шундоғам оғир вазиятни янада ёмонлаштирди. Мамлакат раҳбари Ким Чен Ин ҳозирги вазиятни 1990-йилларда юз минглаб одамлар ҳалокатига сабаб бўлган даҳшатли офат билан қиёслаган.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин
Фото: Reuters

Баъзи умид берувчи белгилар мавжуд. Шимолий Корея Хитой билан чегарани қайта очишга тайёрланаётганга ўхшамоқда, аммо қашшоқ мамлакатга етказилган иқтисодий зарарни қоплаш учун қанча ёрдам кераклиги номаълум.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея камида 2-3 ой озиқ-овқат танқислигидан азият чекиши мумкин.

Хабарларга кўра, Ким Чен Ин мамлакатдаги ҳар бир гуруч донининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатма берган.

«Йиғим-терим жараёнида йўқотишларни минималлаштириш учун режа ишлаб чиқилган. Унда ўғрилик ёки фирибгарлик ҳолатлари қайд этилса, қаттиқ жазо қўлланиши белгиланган. Бу қўрқув муҳитини яратмоқда», дейилади Daily NK газетасида.

Жанубий Корея Миллий разведка хизмати (NIS) маълумотларига кўра, ўтган ҳафта бўлиб ўтган парламент йиғилишида Ким Чен Ин мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият туфайли ўзини «юпқа муз устида юраётгандай» ҳис қилаётганини айтган.

Шунингдек, дори-дармон етишмаслиги сабаб юқумли касалликлар тарқалиши ҳам тезлашган.

Асосий муаммо нимада?

Шимолий Корея озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ икки асосий муаммога дуч келмоқда.

Биринчиси, техникаларнинг асосий қисми ҳарбий соҳага қаратилган. Қишлоқ хўжалиги замонавий асбоблар билан таъминланмаган.

Фото: Reuters

Шимол ва Жанубни ажратиб турадиган қуролсизлантирилган ҳудуд яқинидаги Пажу шаҳрида яшовчи жанубий кореялик фермернинг айтишича, машиналар ёрдамида гуруч далаларида жанубда 1 соатда бажариладиган ишлар шимолда қўл меҳнати билан бир ҳафтада қилинмоқда.

Иккинчиси, АҚШ разведка агентлигининг маълумотлари бўйича, Шимолий Корея глобал иқлим исиши энг кўп таъсир қиладиган 11 давлатдан бири. Ҳар йили тошқин, муссон ёмғирлари ва тайфун сабаб кўп ҳосил нобуд бўлади.

Прогнозларга кўра, келгуси йилларда вазият янада ёмонлашади ва айниқса гуруч ишлаб чиқариш қурғоқчилик ва сув тошқинлари таъсирида жиддий зиён кўради.

Ташқи дунё билан камдан кам алоқада бўладиган Пхеняннинг иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит ифлосланиши бўйича халқаро музокаралар жараёнида фаол қатнашишини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

Хитой билан савдо-сотиқ тикланиб, чегарадан товарлар яна оқиб кириши муаммони қисман юмшатса-да, мамлакат ҳар йили иқлим ўзгаришининг аянчли оқибатлари билан курашишига тўғри келади.

Яшил иқлим жамғармасининг 2019 йилги ҳисоботига кўра, 2050 йилларга бориб Шимолий Кореяда йиллик ўртача ҳарорат ҳозиргига нисбатан 2,8-4,7 даражага ошиши кутилмоқда.

Мавзуга оид