Манчестер ва Миланда дерби, Конте учун дастлабки жиддий синов, «Ливерпуль» Мойес жамоасига қарши. Ҳафта ўйинлари анонси
Келаси ҳафтада клублар футболи жорий йилдаги сўнгги танаффусига чиқади. Миллий жамоалар ЖЧ саралаши ва ўртоқлик ўйинларида ўз кучларини синаб кўради. Аммо бу ҳафта ҳам бизни анча шиддатли баҳслар кутиб турибди. Манчестер ва Миланда дерби, Ливерпулда Антонио Контенинг дебюти, «Барселона» эса Хавининг тайинланиши расман эълон қилганидан сўнг илк ўйинида майдонга тушади. Шунингдек, Германияда ҳам қизғин ўйинлар бор.
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – МАНЧЕСТЕР СИТИ (6 ноябрь, 17:30)
Навбатдаги дербига ҳар икки Манчестер клублари ўзига яраша босим билан етиб келмоқдалар. «Юнайтед»даги босим деярли мураббий истеъфоси даражасида – Сульшерга уч ўйинга имконият беришганди. Сафардаги икки оғир учрашувда «қизиллар” мағлубиятга учрамаган бўлсалар-да, Бергамодаги ўйин жамоа атрофидаги салбий фикрларни янгилаб юборди. Сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолган Сульшер жамоаси бунинг устига Рафаэль Варанни 3-4 ҳафтага йўқотди. Вазиятни уч марказий ҳимоячи билан ўнглашга уринаётган мураббийда Варандан ташқари, Линделёфнинг ҳам ҳолати ҳали аниқ эмас. Норвегиялик мутахассис дербида қайси жамоа биринчи рақамда ўйнаб, ташаббусга эга бўлса, имконият каттароқ бўлиши ҳақида айтди. Ростдан ҳам, ҳимоядаги бу йўқотишлар «Юнайтед»га бошқа имконият қолдирмаяпти. Тўқсон дақиқа ҳимояланиб «Сити»дан гол ўтказмаслик учун жамоа жуда яхши формада бўлиши керак.
Пеп Гвардиола шогирдларида ҳам босим катта. Чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида тилга олинаётган «Манчестер Сити» кутилмаганда ўз майдонида «Кристал Пэлас»га имконияти бой бериб қўйди ва «Челси»дан 5 очкога ортда қолмоқда. Бу ҳафта «Бёрнлини қабул қиладиган «Челси» агар «Сити» ғалаба қозона олмаса, ўртадаги фарқни янада ошириши мумкин. Бундай шартларда курашиш эса, албатта осон бўлмайди. Бу жиҳатдан «Сити» нима қилиб бўлса ҳам, ғалаба ҳақида ўйлайди. Тахмин қилиш мумкинки, ўтган йилдаги каби, ҳар икки жамоа рози бўладиган нурсиз дуранг бўлмайди.
«Юнайтед» сафида Варандан ташқари Поль Погба ҳам жамоага ёрдам бера олмайди. У «Ливерпуль»га қарши ўйиндаги қизил карточкаси туфайли уч ўйинга дисквалификация қилинган. Бундай футболчи меҳмонлар сафида ҳам бор. Эмерик Ляпорт юқорида эсланган ўтган тур ўйинида майдондан четлатилганди.
Ўзаро ўйинларга келсак, қизиғи, Сульшер Пепга нисбатан ижобий статистикага эга. Ўтган 8 дуэлнинг 4 тасида норвегиялик мутахассиснинг қўли баланд келган. Пеп ҳисобида 3 ғалаба бор, лекин улардан 2 тасида Англия Лига кубогига тўғри келади.
Яъни «Манчестер Юнайтед» Сульшер бошқарувга келганидан сўнг, фақат илк АПЛ дербисида имкониятни бой берган холос. Уч ўйиндан бери эса, «Сити» умуман гол уришнинг уддасидан чиқа олмаяпти.
БАВАРИЯ – ФРАЙБУРГ (6 ноябрь, 19:30)
«Бавария»нинг Бундеслигадаги бирор ўйинида шиддатли курашни тахмин қилиш мушкул. Масалан, охирги марта «Байер»га қарши ўйинга тўхталгандик ва «Бавария» рақибини 5:1 ҳисобида чилпарчин қилиб ташлади.
Аммо айнан «Фрайбург»ни «Бавария» имтиҳонида кузатиш чинданам қизиқ бўлади. Жамоа Бундеслигада мағлубият нималигини билмаган ягона жамоа ҳисобланади. Умуман ушбу мавсумда нафақат Бундеслига, шунингдек, Германия кубоги ва ҳатто ўртоқлик ўйинларини ҳам қўшганда, Кристиан Штрайх шогирдлари 15 ўйинда бирор марта ҳам ютқазмадилар. «Фрайбург» «Лейпциг» билан дуранг ўйнади, «Вольфсбург» ва «Боруссия» устидан ғалаба қозонди. Чемпионлар Лигасига иштирокчиларига қарши бу ижобий натижалар албатта, Мюнхендаги ўйинда ҳам ишонч бағишлашидан умидимиз бор.
Ўзаро ўйинларда «Фрайбург»нинг натижалари яхши эмас – охирги 20 ўйинда атиги бир ғалаба холос. Аммо ўтган мавсумдаги сўнгги учрашув 2:2 ҳисобида жанговар дуранг билан якунланганини ҳам эътироф этиш лозим. «Фрайбург»га ёрдам бериши мумкин бўлган яна бир жиҳат шуки, мюнхенликлар ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида «Бенфика»га қарши майдонга тушдилар. «Фрайбург» эса, ушбу учрашувга тайёрланиш учун бир ҳафта вақтга эга бўлди.
ЛЕЙПЦИГ – БОРУССИЯ ДОРТМУНД (6 ноябрь, 22:30)
Ҳар икки жамоа у қадар ёмон формада бўлишмаса-да, Чемпионлар Лигасида тарсаки қабул қилишди ва оғир ҳолатга тушиб қолишди. «Лейпциг» икки ўйинда ҳам «ПСЖ» устидан қозонилаётган ғалабани ушлаб қола олмади ва расман турнирнинг плей-оффидан умидини узди. «Боруссия» эса, икки ўйинда «Аякс»дан мағлубиятга учраб, яхши ҳолатини қийинлаштириб қўйди. Энди йўлланма тақдири «Спортинг»га қарши сафар ўйинида ҳал қилиниши мумкин.
«Боруссия»нинг Бундеслигадаги ишлари ёмон эмас, ахир «Бавария»ни бир очколик масофада таъқиб қилиб бориш осон иш эмас, тўғрими? Аммо Ҳоланднинг жароҳати яна камида бир ой дортмундликларга муаммо туғдириши мумкин. Нафақат Ҳоланд, ҳозирда жамоада деярли бир бутун таркиб лазаретдан ўрин олган. Геррейру, Шульц, Морей, Вольф, Шмелцер, Даҳуд, Рейна, Жан – ҳа, ҳаммаси ҳам асосий таркиб ўйинчилари эмас, лекин бир неча турнирлар, миллий жамоалар йиғинлари турганда, мураббий учун имкон қадар кўпроқ футболчилар тайёр ҳолатда бўлишлари жуда муҳим.
«Лейпциг»нинг пасайиши кутилган эди, зеро Нагельсманнинг кетиши жамоа ўйинида вақтинчалик муаммоларни пайдо қилиши турган гап. Аммо жамоа ўйинида, футболчиларнинг ҳаракатларида у қадар ўзгариш йўқдек, «Лейпциг» худди ўтган йилдаги каби юқори савияли футбол кўрсатишда давом этмоқда. Асосий муаммо эса, вазиятлардан фойдаланиш ва керак бўлганда керакли ҳисобни сақлаб қолишдаги ўқувсизликда кўринмоқда. «Лейпциг» ЕЧЛ даги 4 ўйиннинг 3 тасида ҳисобда олдинда бораётганди ва бу шунчаки, кутилмаган голлар ҳисобига эмас, айнан рақибдан устунлик эвазига содир бўлаётганди. Лекин якунда атиги 1 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Бундеслигада ҳам бундай ўйинлар талайгина. Ўтган ҳафта «Айнтрахт»га қарши ўйинда ғалаба 90-дақиқада қўлдан чиқарилди. Ундан олдинги сафар ўйинида ҳам дуранг қайд этилган ва ўшанда «Фрайбург» ҳисобни тенглаштирганди. Хулоса қилганда, «Лейпциг» ўйинида қандайдир енгиллик кузатилмоқда ва майдонда кўрсатилаётган ўйин керакли натижага мос келмаяпти.
Ўзаро ўйинларда «Боруссия» яққол устунликка эга. «Лейпциг» Бундеслигага чиққан дастлабки йиллари рақиби устидан ғалаба қозонган, шундан сўнг, 8 ўйиндан бери ғалаба нималигини билмаяпти. Охирги тўрт учрашув ҳам дортмундликларнинг ғалабаси билан якунланган.
ЭВЕРТОН – ТОТТЕНҲЭМ (7 ноябрь, 19:00)
Антонио Конте Англияга қайтди, «Тоттенҳэм»да иш бошлаб, Конференциялар лигасида ғалаба қозониб ҳам улгурди. Аммо унинг ҳақиқий дебютини якшанба оқшомида томоша қилишимиз мумкин. «Эвертон»га қарши ўйинда.
«Эвертон» сўнгги пайтларда ёмон натижалар кўрсатаётган бўлса-да, хавфли рақиб. Мавсум бошида Кальверт-Льюин, Ришарлисон каби етакчиларсиз ҳаракат қилса-да, уларсиз ҳам ўйнашни ўрганиб олди, ҳатто «Олд Траффорд»да очколик бўлди. Лекин Абдулай Дукуресиз ўйнаш янаям қийинроқ экан. Франциялик яримҳимоячи жароҳатлангач, «Уотфорд» ва «Вулверҳэмптон»га қарши ўйинларда мағлубият қайд этилди. «Вест Ҳэм»га қарши ўйинни ҳам қўшсак, Бенитес шогирдлари қаторасига уч ўйиндан бери ютқазмоқдалар. Бундай ҳолатда, албатта, айниқса, ўз майдонида «Эвертон яхши қаршилик кўрсата олади. Ўтган мавсумни эсласак ҳам, «Эвертон» «Тоттенҳэм»га қарши ўйинларни ишончли ўтказган – Ливерпулда дуранг ва сафарда ғалаба. Бундан ташқари, Англия кубоги ўйинида ҳам 5:4 ҳисобида «Эвертон»нинг қўли баланд келганди.
Бундан ташқари, «Тоттенҳэм» пайшанба оқшомида еврокубок ўйинида «Витесс»га қарши майдонга тушганини ҳам эътиборга олиш керак. Конте илк ўйини бўлгани учун ротация қилиб ўтирмади ва асосий таркибни синаб кўрди. Катта эҳтимол билан худди шу футболчилар «Эвертонга қарши ҳам ҳаракат қиладилар.
Кўп объектив факторлар «Эвертон»нинг устунлигини далолат қилса-да, янги мураббий Антонио Конте омили ҳам каттароқ тош бошса керак ва бу ўйинда биз олдингиларга ўхшамаган мутлақо бошқа «Тоттенҳэм»ни кўришимиз мумкин.
ВЕСТ ҲЭМ –ЛИВЕРПУЛЬ (7 ноябрь, 21:30)
Юрген Клопп «Ливерпуль» мураббийи этиб тайинлангач, «Вест Ҳэм»га қарши илк учрашувини 0:2 ҳисобида бой берган. Бир ой ўтиб жамоалар «Энфил»дда Англия кубогида тўқнаш келиб, ҳисоб очилмаган. Такрорий ўйинда эса, яна «Вест Ҳэм»нинг қўли баланд келган. Кейинги мавсумда ҳам илк ўйинда «Ливерпуль» ўз майдонида лондонликлар қаршилигини синдира олмади ва 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилди. Ниҳоят бешинчи ўйинга келиб, Клопп ушбу муросасиз жамоанинг дарвозасига йўл топди ва шогирдлари 4:0 ҳисобида сафарда устун келдилар. Шу-шу «Ливеппуль» учун «Вест Ҳэм» жуда қулай рақибга айланиб қолди ва кейинги 8 ўйиндан 7 тасида ҳам Клопп жамоаси ғалаба қозонди. Бир дуранг.
Аммо бу сафар осон бўлмаслиги тайин. Зеро Мойес жамоаси ўтган йилги графикда очко олишда давом этиб, ҳозирда кучли тўртликда боряпти. Бу ўйиндаги ғалаба «Вест Ҳэм»га «Ливерпуль»ни қувиб ўтишни таъминлайди ҳатто. Лекин тан олиш керак – «Ливерпуль»ҳозирда нафақат Англияда, балки Европада энг яхши жамоалардан бири бўлиб турибди ва 25 ўйиндан бери барча мусобақаларда мағлубият нималигини билмаяпти. Бунинг устига «Вест Ҳэм» ҳам куни кеча, сафарда Европа Лигаси доирасидаги «Генк»ка қарши майдонга тушди. Ушбу ўйинда Антонио ҳам, Райс ҳам, Крессуэл ҳам, умуман бир қатор асосий таркиб ўйинчилари ҳаракат қилдилар.
Бир неча турнирларда қатнашиш, табиийки, «Ливерпуль»га кўпроқ зарар келтирмоқда ва бир қатор жароҳатланган футболчиларга эга. Узоқ муддатга сафдан чиққан Эллиотдан ташқари, Фирмино, Милнер, Кейта, Жонс, Гомес каби футболчиларнинг майдонга қайтиш муддатлари энг яқин ҳолатда терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг рўй беради. Мезбонлар сафида эса, Ярмоленко ва Влашичнинг шерикларига ёрдам бериши сўроқ остида, лекин ҳар иккисининг жароҳати оғир эмас, ҳатто шу ўйинда ҳам тайёр бўлиш эҳтимоли бор.
НАПОЛИ – ВЕРОНА (7 ноябрь, 22:00)
«Наполи» нафақат А Серия, балки Европада ҳам энг яхши перформанс намойиш этаётган жамоадир. 11 ўйинда атиги 1 дуранг ва атиги уч маротаба ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан. Чемпионатда беш ўйиндан бери гол ўтказиб юбормаяпти. Аммо бир нечта сабаблар «Наполи»нинг бу юриши охирлаб бораётганидан далолат қилади.
Биринчидан, жароҳатлар. Олдинги чизиқ вакиллари Осимҳен ва Инсинье бир неча ҳафтага сафдан чиққанлар. Марказий ҳимояда Маноласнинг жароҳати ҳам катта муаммо эди, бунинг устига «Салернитана»га қарши ўйинда Кулибали майдондан четлатилди ва навбатдаги турда дисквалификацияга эга. Пешқадам учун бир нечта футболчининг йўқотилиши катта муаммо туғдирмаслиги керакдир, аммо бу сафарги рақиб ҳам анойи эмас, «Наполи»дан кам бўлмаган серияда келмоқда.
«Верона» мавсумни қаторасига уч мағлубият билан бошлади ва мураббийини истеъфога чиқарди. Жамоага Игор Тудор келгач, натижалар сезиларли даражада яхшиланди – кейинги 8 ўйинда 4 ғалаба ва 3 дуранг. Фақат «Милан»га қарши ўйинда имконият бой берилди. Ғалабалар ҳам «Лацио», «Ювентус» ва «Рома» каби етакчилар устидан қўлга киритилганини ҳам унутмаслик керак. Жованни Симеоне эса, охирги уч ўйинда 6 гол уришга муваффақ бўлди.
Бу вазиятда «Наполи» ҳафта ўртасида Европа Лигасида «Легия»га сафар қилганини, яъни бу ўйинга тайёрланиш учун атиги 2 кунга эга бўлганини ҳам эътиборга олсак, «Верона» анча муаммо туғдиришини тахмин қилсак бўлади. Яхшиямки, бу турда асосий рақобатчи бўлмиш «Милан»га ҳам қийин рақиб тайёрлаб қўйилган.
МИЛАН – ИНТЕР (8 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
«Милан» шаҳар дербисида азалий рақибига қарши майдонга тушади. Пиоли шогирдлари Чемпионлар Лигасида ишончсиз ҳаракат қилаётган бўлсалар-да, Италияда, ҳатто катта ўйинларда ҳам анча ишончли ҳаракат қилмоқдалар. «Ювентус» билан дуранг, «Рома» устидан қозонилган ғалабалар ҳам шулар жумласидандир. Яъни «Милан»нинг бу ўйинда ҳам фаворит сифатида майдонга тушиши тушунарли.
Аслида бу ўйинга «Интер» назаридан қараш қизиқроқ. Пешқадамлардан 7 очко ортда қолиб кетган, шу билан бирга 4-ўриндан 5 очко олдинга ўтиб олган «Интер» кейинги икки турни «Милан» ва «Наполи»га қарши ўтказади. Айнан мана шу ўйинларда «Интер»нинг ушбу мавсумдаги ўрни ҳақида саволга ойдинлик киритилади – хўш, чемпион бу ўйинлардан фойдаланиб пешқадамларга яқинлашиб олиб, пойгага қўшиладими ёки очколар йўқотиб, кучли тўртлик учун қизғин кураш қозонига тушиб кетадими?
«Рома»га қарши ғалабали ўйинда Тео Эрнандес иккинчи сариқ карточка учун майдондан четлатилганди ва у дисквалификация туфайли, шерикларига ёрдам бера олмайди. Ребич ва Кастильехонинг қайтиши шу кунларга мўлжалланган эди, аммо тўлиқ формага қайтиш вақт талаб қилади ва бу ўйинлар уларнинг тайёр бўлиши имконсиз. «Интер» сафида эса, йўқотишлар йўқ.
Шу ўринда охирги 7 Милан дербисининг 6 тасида «Интер»нинг қўли баланд келганини таъкидлаш жоиз. Ўтган мавсумдаги сўнгги тўқнашувда «кўк-қоралар» 3:0 ҳисобида йирик ғалабага эришгандилар.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
6 ноябрь. ЧЕЛСИ – Бёрнли (20:00), Сельта – БАРСЕЛОНА (20:15), ЮВЕНТУС – Фиорентина (22:00), РЕАЛ – Райо Вальекано (7 ноябрга ўтар кечаси, 01:00), Бордо – ПСЖ (7 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
7 ноябрь. Венеция – РОМА (16:30), АРСЕНАЛ – Уотфорд (19:00), Валенсия – АТЛЕТИКО (20:15), ЛАЦИО – Салернитана (22:00).
Мавзуга оид
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
16:20 / 02.11.2024
«МЮ»да янги бош мураббий. Клуб Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб
17:38 / 28.10.2024